ЙИГИТ ОИЛА ҚУРИШГА ТАЙЁРМИ?


 

15 май — Халқаро оила куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ташкилотчилигида “Miran lnternational” меҳмонхонасида ”Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

          — Навоий вилоятининг чекка бир қишлоғидан келган йигит талаба бўлди. Унинг қобилиятини, иқтидорини кўрган домлалар онасини чақиртириб ундан фарзандини қандай қилиб билимли, зукко қилиб тарбия қилганлигини сўрашибди. Шунда она “Болам менга қандай савол берса барчасига жавоб бердим. Билмаганларимни унга “Эртага жавобини айтаман” дея ваъда бердим. Эртаси куни саволларига жавоб изладим, топдим ва боламга айтиб бердим” дебди. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки фарзандингизга эътиборли бўлиб, унинг ҳар қандай саволига жавоб берсангиз у сиз кутгандек бўлади, —  деди  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Ташмуҳамедова.

         “Оила ҳуқуқи ҳимоясининг қонунчилик асослари” мавзусида сўз юритган Олий мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов жумладан шундай деди:

          — Оила қурганларнинг ҳуқуқий тушунчаси борми? Йўқ! Шунинг учун биз оилани ҳимоя қилиш ҳуқуқи асосида уларни ажралиб кетишларига йўл қўймаймиз. Оилани ҳар биримиз ҳимоя қилишимиз керак. Йигит қиз турмуш қуришдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бироқ бугунги кунда бу тиббий кўрикдан ўтиш номигагина хўжакурсинга ўтказиладиган бўлиб қолди. Ёшлар бир иккита тиббий кўрикдан ўтади. Қолганларига эса шифокордан “соғлом” дея қўл қўйдириб олишяпти.  Бундай кўзбўямачилик авж олди. Тўйдан сўнг улардан бирининг касали аниқ бўлиб қолгач, бу оилада булутли кунлар бошланиб, кўп ҳолларда ажримга ҳам сабаб бўляпти.

          — Бугунги кунда Ўзбекистонда 8 миллион 300 мингдан ортиқ оилалар мавжуд, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев. — Тилга муҳаббатни оиладан бошлайлик. Фарзандларимизга ўз тилида ўзбек тилида сўзлашни, оила қадриятларини, тарихимизни ўргатайлик. Таълим ва тарбия қаерда берилади, дея аввало ўзимизга савол берайлик ва жавобини топайлик. Оилада ҳамма шажарасини, ота боболари ким бўлгану нима ишлар қилганини билиши керак. Ҳар бир оилада эркакнинг ўз ўрни бўлсин. “Севимли” телеканалида бериб борилган “Зирапча” кўрсатувидаги қизларнинг аксариятини отаси ташлаб кетган. Улар ота меҳрини кўрмасдан, ҳис қилмасдан шу даражага боришган. Агар уларнинг оталари ёнида бўлганларида эҳтимол ҳаётлари бутунлай бошқача бўларди.

          — Журналистлар оиланинг жуда кўп функциялари борлигини унутиб қўйишяпти,   — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти Наргис Қосимова. — Газета ва журналлар ҳамда телеканаллар асосан қайнона-келин мавзусини ёритишади. Таҳлилий материаллар етишмайди. Эркакни ҳам оиладаги ролини кўрсатиш фурсати келди. Доим қизларнинг тарбияси ҳақида гапирилади ёзилади. Ўғил боланинг тарбияси ҳақида эса лом-мим дейилмайди. Бу ҳолат қачонгача давом этади. Ногирон фарзанди бор ота-оналар нима қилишини билмай гоҳида довдираб қолишади. Уларга қандай ёрдам беришни ёзиш керак. Оиладаги эркакнинг зўравонлик сабабларини ҳам ўрганиб ёритиш вақти етиб келди. Қачонгача аёлларимиз, қизларимиз хўрланади?

          —   ОАВнинг таъсири ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган “санъат” намуналари (кино, сериал, клип) ёшлар қалбини ўғирламаяптими?  — дейди “Ўзбекистонда хорижий тиллар” номли илмий электрон журнали (Fledu.uz) бош муҳаррири Гулмира Шукурова. — Ажралишлар сони ортиши, етиимлар кўпайиши, яқинларга нисбатан зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш кўпайди. Оиланинг гўзаллигини, ота-онага ҳурмат, отанинг оиладаги роли мавзуларда кўпроқ ёзиш лозим. ОАВ, интернет нашрларнинг “Эр хотини ва болаларини пичоқлаб қўйди”, “Она ўз фарзандини сотди” каби сарлавҳали “қичқириқ”лардан воз кечиш керак.

          — Оиланинг ахамиятига вақт ажратиш шарт эмас,  — дейди Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағлар. — Йигитларга уйланиш масъулиятини сингдириш керак. Оила ҳам бир давлат. Шу пайтгача турмуш қураётганлардан оила қуришга имкониятинг борми, деб ким сўради? Ҳеч ким! Муаммолар чиққандан сўнг биз оилага эътибор қаратамиз. Туркияда ажрашишга молиявий масалалар, учинчи шахснинг аралашуви ва фарзандсизлик сабаб бўлади. Туркияда ажралишлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ҳовлида яшайдиганларнинг юмуши кўп бўлганлиги сабабли телефонда кўп гаплашишга, интернетга киришга вақти йўқ. Кўп қаватли уйда яшайдиганларникига меҳмон кам боради, иш деярли йўқ. Шунинг учун бўш бўлди дегунча оилавий телефонга ёпишади, интернетга киришади. Бир-бирига меҳр ва ишонч йўқ. Аёл эридан бектиб банкда пул жамғаради. Эр билиб қолгач тушунмовчиликдан жанжал бўлади. Битта оилада яшаб, яширинча иш қилишади. Бу борада ўзбекистонлик оилалар тинч. Чунки Ўзбекистонда мустаҳкам оила  ва хотиржамлик бор. Ислом мамлакатлари ичида Ўзбекистон оила тотувлиги бўйича етакчи ўринларда туради. Туркия билан Ўзбекистон оилаларидаги муаммолар ўхшашдир. Уни бартараф қилса бўлади.

         Конференция сўнггида йиғилганларга “Оила” энциклопедияси тарқатилди. Конференциянинг маданий дастури Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Мирзо Улуғбек Марказий боғи”да бўлиб ўтди.

 

Хонбиби МАХАМОВА