КЎЗИ ОЧИЛДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

КЎЗИ ОЧИЛДИ
(Ҳикоя)

  У Алматида эди.
  Дераза чил-чил синди. Тўкилди. 
  Гандираклаб қолди. 
  Ичидан қиринди ўтди.
  Эти увишди.
  Токча устидаги ҳужжатларини олиб жон олатда ташқарига отилди.
  Қолгани садқаи сар. (Ҳатто қизчаси учун совғага олинган  қўғирчоққа ҳам қарамади).
  Йўлакда меҳмонхона бекаси эси оққан кўйи қичқирди: "Ғалаён. Уруш!!!".
  У кўчада рўпарасидан нима чиқса уриб-синдириб, қўпориб-ағдариб келаётган тўдани кўрди — худди қутириб-тошган дарёга ўхшайди. Ғазаб сели кўпирган оломон оқими ҳамма нарсани кунпаякун қилиб, сидириб ташламоқда. Гувиллаган, ғувиллаган тўда бутун шаҳарни ямлашга шай шаҳд билан олға интилади. Ҳа,  улкан, оломон дарёси оқиб келмоқда эди.
  У тамом бўлди — ботинидан оғриқли иҳроқ отилиб чиқди.  Ҳаётида илк бора қўрқув деган туйғу инсоннинг ич-ичидан овоз чиқаришини ҳис қилди. 
   Ҳолати ўзида эмас.
  Бошидан ўқ учиб ўтди. У тепадан ўқ учиб ўтса, ҳавони тилкалаб, ғалати овоз чқаришини ҳам ҳис этди.
  Унинг ички иштони "жиққа-жиқ" бўлди. Ўлим нафасини сезди.
  Қочди... Югурди. Боши оққан томонга қараб чопти.
  ...Мана орадан неча кун ўтдики, ўзига келолмаяпти. Худди бошидан зувиллаб, увиллаб ўқ учаётганга ўхшайди. Бундай пайтда томоғидан бир қултум сув, ярим ютумгина нон ўтмайди.
  Энди бир ҳақиқатни тушуниб етди.  Осмонни ўқ овози тилкаласа инсонга ҳеч нарса татимаслигини билди.
     У ўзбекюртнинг бир бурчидаги қишлоғи, ота-ҳовлига йўл олди.
  Вагон деразаларидан кенгликларга ўйчан термулиб борди. Ўқтин-ўқтин юрт осмонига назар солади. Димоғи ачишади, бўғзига недир тиқилади.
   Қишлоққа келди.          
  Элдошлари унинг "касби"ни расамади қилиб айтишолмайди. Кимдир "Балогир", бошқаси "Билонғир", яна бирови "Шумхабар" деб ном қўйишган. Майли-да, ўз элининг, ўз тупроғининг одамларидан қўймасин.
  У содда ва самимий кишилар — бозордошу мозордошларининг мавлуд-мараеаларида қатнашди.
  Қишлоқнинг ёши улуғи Чори бово, ҳа, эллик йил элга муаллимлик қилган Чори оқсоқолнинг дуосини олди: "Оллоҳим, юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин! Омийн!".
  Бу гал Чори оқсоқолнинг овози жуда ёқимли ва мулойим туюлди.
  Бу гал унинг лабларидан тип-тиниқ сўзлар, сўз шаклидаги фаришталар тўкилаётганга ўхшади.
  Ўтган гал-чи? Ўтган гал Холли чавандознинг тўйида ҳам чол худди шундай дуо қилганда кулгиси қистаб, энсаси қотувди: "Нега булар фақат мусаффо осмонга шукрона айтишади...", — деб ўйловди ўзича. Ўтган гал у мутлақо бошқа одам эди. Ўтган гал у айрим қишлоқдошлари тўғри талаффуз қилолмаган нимарса эди-да, "билонғирми-силонғирми, балогирми?" бир бало эди-да.
  Бугун эса мутлақо бошқача одам бўлиб келди.
  Эртасига ота ҳовлида худойи қилди. Жонлиқ сўйди. Отаси Ҳайдар бовонинг боши тик. Элнинг олдида қад уришини кўринг. Энаси ҳам хурсанд.
— Бу дейман жиян, бирор мансаб-пансабга кўтарилдингизми? Худойининг сабабини айтмадингиз, — тоғаси ҳамишагидай қитмирлиги тутиб ижикилади. — Билсак яхши бўларди-да...
  У жилмайди. Кўкка термулди: — Тинчлик учун. Тиниқ осмон учун, тоға! Бошимиздан ўқ учиб ўтмаётгани учун, тоға!
  Тоғаси бир сапчиб тушди. Ўнга қараб турди-да, юзига қизиллик тепди. Мулзам тортди. 
  ...У шаҳарга қайтаяпти. Вагон ойнасидан ташқарига қарайди. Кенглик. Осмон эса мовий.
  Унинг тасаввури ҳам тип-тиниқ. Фақат, фақат... бундан бир ой олдин ўз сайтида эълон қилган мақоласини эслаб ич-ичида зилзила қўзғалди. Юзига қизиллик тошади. "Ҳа деб, мусаффо осмонни улуғлайверманглар. Бундан тараққиётга не наф?", — деб ёзғирганди у ўз юртдошларига.
  Қисқаси, у ўшанда бошқа одам эди-да.
  Ўзича блогер, қишлоқдошлари наздида ўша, билонғирми, балогирми, бир бало эди-да.
  Қисқаси, у ўшанда ҳали Алматига бормаган эди.
  Қисқаси, сафар чоғида ўша ёқда ур-йиқит, қирғин-тўпалонга дуч бўлиши хаёлига ҳам келмаганди.
  Қисқаси, ўшанда ҳали унинг бошидан ўқ учиб ўтмаганди-да!
  ...Ана, энди гапимиз ҳам тугади!

15.01.2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот