"Олтин қалам" XIV Миллий мукофоти


     "Туркистон" саройида 3-Май - Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган журналистика соҳасидаги "Олтин қалам" XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маълумки, жамиятда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёни биринчи галда матбуотда акс этади. Шундай экан, фуқароларимизнинг ислоҳотлардаги фаол иштирокини, уларга нисбатан муносабатини билдиришда ОАВ асосий минбар ҳисобланади. Ҳозирги пайтда барча соҳаларда инновацион технологиялар ва янгича ғояларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлат ва жамият қурилиши тизимининг очиқлигини таъминлаш борасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишни тақозо этади.

     Республикамизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1500 дан ошди. Мавжуд босма даврий нашрларнинг 53 фоизи, телеканалларнинг 85 фоизини нодавлат оммавий ахборот воситалари ташкил этмоқда. 400 дан зиёд веб-сайтлар ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 98 фоизи нодавлат сектор улушига тўғри келади.Мазкур танловларни ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш учун жами 1 млр. 570 млн. сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилди.

     Тадбир доирасида таниқли санъат усталари, ўзбек миллий эстрадасининг юлдузлари иштирокида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Жумладан, тадбирни актриса Дилноза Кубаева ва Ўткир Муҳаммадхўжаев олиб боришди. Хонанда Дилдора Ниёзова ҳам ўз қўшиғини иштирокчиларга армуғон этди.

     "Китоб дунёси" газетаси ҳам бу танловда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани билан муборакбод этамиз! "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, шоира, куни кеча дунё шоирлари рўйхатидан ўрин олган - Хосият Рустамовага мукофотни Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича марказининг раҳбари, ҳуқуқшунос, Олий Мажлис депутати - Акмал Саидовнинг шахсан ўзи топширганида зални гулдурос қарсаклар тутиб кетди! "Китоб дунёси" газетаси ва унинг ижодий жамоасига янада юксак парвозлар тилаб қоламиз!!!

     Аҳолининг заиф қатламлари муаммоларини кўтарган энг яхши мақола муаллифи сифатида Германиянинг DVV Intarnational Ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган журналист - Анора Содиқова ва "Олтин қалам" халқаро мукофотининг ғолибаси, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, шоира - Хосият Рустамова.

     "Олтин қалам" халқаро танловида "Олтин қалам" мукофоти ғолиблари - «Халқаро пресс-клуб» нодавлат-нотижорат ташкилоти раиси - Шерзодхон Кудратходжаев ва "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, шоира - Хосият Рустамова.

     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб, шоир, "Инсон ва қонун" газетасининг Бош муҳаррири - Қўчқор Норқобил ва унинг умр йўлдоши, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, шоира - Хосият Рустамова.

     "Олтин қалам" халқаро танловини ёритишга кўплаб телеканаллардан келишган бўлишса-да, МТРК "Маданият ва маърифат" телеканалигина тўлиқ ҳолда эфирга узатар экан. "Маданият ва маърифат" телеканалининг жонкуяр ходималаридан бири - Мукаррамхон Ташхужаева.