“ОЛТИН ҚАЛАМ” МУБОРАК БЎЛСИН “КИТОБ ДУНЁСИ”!


“ОЛТИН ҚАЛАМ” МУБОРАК БЎЛСИН, 32 МАМЛАКАТДА ВАКИЛИ БОР “КИТОБ ДУНЁСИ”

 

     Аввало, бугунгидек шиддатли замонда “Китоб дунёси” газетаси ўз номига мос равишда дунё китоблари ва китоблар дунёсининг сирларга бой оламини кашф этмоқда. Газета 2012 йилдан буён фаолият юритиб келади. Шу давр мобайнида ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини чоп этиш, таржима қилдириш, публицистик мақолалар, ёш ижодкорларни топиш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, адабиётнинг бешта йўналиши бўйича маҳорат дарслари ташкил этиш, шоир ва ёзувчилар, таржимонлар, халқ таълими соҳаси вакиллари, турли давлатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари билан суҳбатлар уюштирди. Айниқса, сўнгги йилларда газета ўзининг чет элдаги мухбирларини жорий этди. Бугунги кунга келиб газета — 5 та қитъа 32 мамлакатда, жумладан, АҚШ, Франция, Россия, Туркия, Озарбайжон, Жанубий Африка, Австралия, Бразилия, Ирландия, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатларда ўз мухбирларига эга. 
     Улар ўз юрти ва жаҳон миқёсидаги адабиётга оид энг сўнгги маълумотлар, ахборотлар янги асарлар билан бизни таъминлаб туради.
     Дунёда қанча давлатлар бор, халқлар ва уларнинг адабиёти мавжуд. Демак, ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган ана шунча тил ва адабиёт мавжуд. “Китоб дунёси” газетаси бундан кейин ҳам халқимизни дунё адабиётидан баҳраманд қилиш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш борасида ўз йўлини дадил давом эттиради. 
     Бу ишни таҳририятда фаолият кўрсатаётган ўндан зиёд ходим, таржимонларимиз, юртимиз ва чет элдаги мухбирларимиз бир тану бир жон бўлиб, албатта, уддалайди. 
     Энг муҳими, Президентимизнинг халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги қатъий топшириқлари замиридаги миллат келажаги учун қайғуриш тушунчасини тўғри англаб, газетамизни китобхонлик, адабиёт ва маънавият минбарига айланишига ҳаракат қилдик. Юртбошимизнинг бу ташаббусини эса нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё зиёлилари ҳам қўллаб - қувватлаши бизга куч-ғайрат бағишлади. 
     Бугун Сен — азиз газетамиз, муносиб қадр топдинг! “Олтин қалам” миллий мукофоти муборак бўлсин!

 

Манба: "Китоб дунёси" газетасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси.