“Севинч” вокал ансамбли


     “Севинч” вокал ансамбли - 1998 йил октябрь ойида Саодат Музаффарова томонидан ташкил қилинди. Шу йилнинг декабрь ойида “Олтин калит” телетанловида ғолиб бўлди. 1999 йил “Чимёнда” ўтказилган “Буюк ипак йўли” фестивалида иштирок этди. 2000 йил “Наврўз қўшиқлари” кўрик-танловида композитор Х.Ҳасанованинг “Турналар” қўшиғи билан олий ўринни эгаллади. 2000 йил 21-мартда А.Навоий Миллий боғида, 31-августда Мустақиллик тантаналарида иштирок этди. 2001 йилда “Шу азиз Ватан барчамизники”, “Меҳрим сенга,болажон”, “Умид юлдузлари” фестивалларида қатнашиб дипломлар билан тақдирланди. 2002 йил май ойида Шаҳрисабзда бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Ватаним маним” Республика қўшиқлар кўрик-танловида 1-ўрин, август ойида “Қўшиқ байрами” кўрик-танловида 3-даражали дипломни қўлга киритди. Шу йил Халқ таълими вазирлиги ва “Ёшлар” телеканалининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. 2003 йилда “Болалар эстрада дасталари” кўрик-танловида “Гран при”ни қўлга киритди. Шу йилдан бошлаб ҳар йили 1-июнь ”Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”да “Зарафшон” концерт залида ҳайрия концертлари бериб келади. 2005 йил ансамбль бадиий раҳбари Саодат Музафарова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2006 йилда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган Болалар ижодиёти фестивалида қатнашиб 1-ўринни олди. 2008 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан “Намунали бадиий жамоа” унвони берилди. 2008 йилда “Туркистон” саройида ансамблнинг 10 йиллиги, 2010 йилда “Мучал тўй”ига бағишланган катта концерт бўлиб ўтди. 2011 йилнинг март ойида “Ёшлар” телеканали билан ҳамкорликда “До-Ми-Соль” кўрсатувининг биринчи сони ансамбль бадиий раҳбари Саодат Музаффарова бошловчилигида эфирга чиқди. Ушбу кўрсатув ҳозирги давргача давом этиб келмоқда. Туркиянинг Истамбул шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Болалар қўшиқлари” фестивалида 2013-2016 йилларда қатнашиб юқори ўринларни олди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда “Арча, арча, арчажон”, “Наврўзой”, “Тошкентга саёҳат”, ““Наврўз”часига гаплашамиз” видеофильмлари яратилди. 2015 йилда ансамбль бадиий раҳбари Саодат Музаффарова “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” давлат мукофоти билан тақдирланди. Шу давр ичида “Севинч” вокал ансамбли Республикамизда ўтказиладиган барча давлат тадбирлари, телевидение ва радиода ўзининг ёрқин дастурлари билан фаол иштирок этиб катта ва кичикнинг эътиборига лойиқ бўлди. Ансамбль ўз фаолияти давомида асосан композитор Х.Ҳасанова, А.Мансуров, Н.Нарходжаев, шоирлардан У.Қўчқор, П.Мўмин, И.Жияновлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.