Мурат Йилдирим Бухородан қайтди


 

     «SCORPION» фильми сиз азиз мухлисларни ёрқин съёмка жараёнлари, кутилган-кутилмаган “сюрпризлари” билан таништиришда давом этади

“Ёш кино ижодкорлар кенгаши” ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази ёш, умидли кинорежиссёр Мухлиса Азизованинг «SCORPION» фильмида суратга тушиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган турк кино юлдузи, ўзбек кино мухлисларига “Осиё” телесериалидаги Демир роли билан танилган Мурат Йилдирим Бухородаги съёмка жараёнларини тугатиб, Тошкентга қайтди. Бугун у Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Ёшлар Пресс клубида ТВ ҳамда ОАВ вакиллари билан матбуот анжумани ўтқазди. Журналистлар билан савол –жавобларга ҳозирланаётган актёрга, бир неча йиллар илгари турк телеканалларидан бирида шоумен бўлиб фаолият кўрсатгани қўл келди. Мурат Йилдирим саҳнада ўзини жуда эркин ва қулай сезаётгани, Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига мухлис бўлганларнинг кўплиги ўзига ёқаётганини яширмади.

Бугунги матбуот анжумани жуда самимий ва эркин бир вазиятда ўтди. “Ўзбекистон билан, ўзбек мухлисларим билан ғойибона бўлсада таниш эдим. Чунки менинг юртимда ҳам бир миллион ўзбек яшайди. Мен улар билан бирга ишлайман, улар орасида дўстларим ҳам кўп. “Осиё” телесериали мамлакатингизда намойиш этилганини ва мухлислар уни яхши кутиб олганини менга айтишган. Очиғи, бундан жуда хурсанд бўлган эдим. Ана шундай кунларнинг бирида «SCORPION» фильми продюсеридан роль ижро этиш таклифи келиб тушди. Агентим, “нима қиламиз, ўйнайсанми” деганида, “нимага энди ўйнамаслигим керак?”-деб жавоб бердим. Мана кўриб турибсиз, бу ҳамкорлигимиз амалга ошди. Сценарий ҳам, ижодий гуруҳ, партнёрларим ҳам менга жуда ёқди. Режиссёр Мухлиса Азизова билан ҳам тез тил топишдик. Иложи борича камроқ дубль қилишга, унинг топшириқларини Мухлисанинг кўнглидагидек бажаришга ҳаракат қилдим. Бундан жуда мамнунман албатта”-деди Мурат Йилдирим фильмдаги иштироки ҳақида сўзлай туриб.

Келган журналистларнинг таъкидлашича, Мурат барчага, ҳаётда ҳам ўзи ижро этган ролларига жуда ўхшаб кетадиган, ёрқин инсон сифатида таассурот қолдирган. Ундан, «SCORPION» фильмига таклиф этилиш сабаблари, ўзбек кино ижодкорлари билан бўлган ижодий ҳамкорликдан кейинги таассуротлар, съёмка майдонидаги қизиқарли воқеалар, турк киносининг бугунги ҳолати, ўзининг кино санъатига кириб келиш тарихи ва ҳоказо саволлар сўралди. Мурат Йилдирим эса фақат ўзигагина хос бўлган босиқлик ва самимият билан барча саволларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қилди.

Муратнинг “Ўзбек киносининг келажаги ҳақида нима дея оласиз”-деган саволга берган жавоби эса матбуот анжуманига чиройли якун ясади дейиш мумкин. У “«SCORPION» фильмида суратга тушиш жараёнида кузатган ва кўрганларимдан чиқарган хулосам шу бўлдики, режиссёр жуда ёш ва бунинг устига аёл киши. Лекин унинг съёмка майдонидаги ҳатти-ҳаракатлари, ижодий гуруҳни бошқариш маҳорати, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир деталь устида жиддий ишлай олиш қобилияти, қўйилган мақсадни аниқ кўра олиш салоҳияти мени қойил қолдирди. Ўзбек киноси Мухлиса Азизова сингари ёш, истеъдодли, талабчан ёшлар қўлида экан, унинг келажаги буюк бўлишига ишонаман”-деди.

 

Шоҳира Ҳамро (Рауфбоева)