Эмиль Золя таваллуд топган кун


   Эмиль Золя (1840.2.4 — Париж — 1902.29.9) — француз ёзувчиси. Илк ижоди романтизм руҳида: «Нинон эртаклари» (1864), «Клоднинг тавбаси» (1865), «Марҳумнинг васияти» (1866) ва бошқа 60-йилларда натуралистик руҳдаги «Ўликлар васияти» (1866), «Тереза Ракен» (1867), «Мадлен Фера» (1868) каби романлар езди. «Ругон-Маккарлар» 20 жилдли романлар туркумида (1871-93) Наполеон давридаги сиёсий тузум қораланган («Ругонларнинг улғайиши», 1871; «Тор-мор», 1893), жамиятдаги молиявий ҳийла-найранглар фош этилган («Ўлжа», 1872; «Пул», 1891), киборларнинг ахлоқсизлиги кўрсатилган («Нана», 1880), амалпараст, маънавий қашшоқ кимсалар калака қилинган («Париж қуртлари», 1873), насронийларнинг тескаричилик ҳаракатлари фош этилган («Плассаннинг забт этилиши», 1874).
    Золя бир қатор романларида оддий меҳнаткашларнинг олижаноб тимсолларини ёрқин бўёқларда тасвирлаган. Хусусан, «Қопқон» (1877) романида косиб ва ҳунармандлар ҳаёти, «Ҳамал» (1885) романида эса ишчиларнинг турмуш тарзи акс эттирилган. «Тереза Ракен» (1873 йилда саҳналаштирилган) драмаси ва «Рауберден ворислари» комедияси ёзувчининг энг яхши саҳна асарларидир. 3оля ижодида ижтимоий мавзулар устувор мавқега эга. «Уч шаҳар» трилогияси («Лурд», 1894; «Рим», 1896; «Париж», 1898), тугалланмай қолган «Тўрт инжил» тетрологияси («Ҳосилдорлик», 1899; «Меҳнат», 1901; «Ҳақиқат», 1903) бунга мисол бўлади.
   Золя ижтимоий ҳаётга ҳам фаол аралашган ва 19-аср охирларида Францияда жуда катта шов-шувга сабаб бўлган «Дрейфус иши» (бошқа миллат вакилининг сохта айб билан қамалишига қарши) бўйича Франция Республикаси Президентига «Мен қоралайман!» (1898) номли очиқ хат билан мурожаат қилган. Республика ҳукумати 1898 йил 23 февралда ёзувчини қамаш ҳақида ҳукм чиқаради. 3оля чет элга қочади (1899 йилда Ватанига қайтади).
    Золя халқ учун театр яратишни орзу қилган эди. «Франциянинг олға юриши» туркумидаги драмаларида инқилобий шиор остида мустабидлик руҳини яширган Учинчи республикага қарши курашни давом эттиришни мақсад қилган эди. Лекин бу мақсадини амалга оширолмади.
  Золя романларида гарчи қалтис ижтимоий зиддиятлар тасвирланган бўлса ҳам, у маълум сиёсий тузумга дастёрлик қилишни ор деб билган. У ҳар доим ўзи танлаган тамойилга — ҳаққоният тамойилига содиқ қолади. Унинг романларини ўқиб бутун бир давр ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.
   Золянинг «Ҳикоялар» (1937), «Тегирмон қамали» (1942) ва «Ҳамал» (1981, таржимон Хайрулла Эргашев) асарлари ўзбек тилида нашр этилган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот