ПАХТА ҲИДИ


 

Уйимиз ортида шароит бор эди, сигир боқдик. Дастлаб уч она - бола сигир-бузоқ...
Бир йигитча сизда ишлайман, деб қизиқтиргани сабаб, сигир ва бузоқларим сони 24 тага етди. 
Аммо менга ўта меҳрибон онам, сингилларим, гўё сигир - бузоқлар ташвиши уларга тушгандек, бизни койишди.
Келинларим, турмуш ўртоғим ҳам бўш вақтида уларга қарашни ўрганганди-да!
Говмишларнинг озода хонада олдига қўйилган суюқ-қуюқ овқатини ейиши бии-ир мароқли! Соатлаб томоша қилиб, зерикмасдим.
Ҳар куни қўлимга сут-қатиқ пуллари тушиб, рўзғоримиз ҳам барака топди. Аммо...онам айниқса менга ачиниб, /она-да!/ эрингни, болаларингни чарчатяпсан, йўқот молларингни. Ҳар куни икки литр сут олиб, қаймоқми, қатиқми қилиб, озода ўтир, -деяверадиган бўлдилар.
Эшикдан кирибоқ, «уфф, мол ҳидинг қурсин! Сўзга кирмадинг, кирмадинг-да»-, дердилар. Мен эса, мол ҳиди - пул ҳиди, онажон!,- деб кулгуга олардим.
Ҳа, мол сени боқаркан.
Сотсанг - тайёр «касса»нг! ...
Вақт келди, набиралар кўпайиб, бир келинимни бир йилдаёқ, ер олиб, уй солиб алоҳида чиқариб қўйдик.
Ҳеч кимга зориқмадик, ёрдам ёки ҳашар сўрамадик. 
Мол ҳиди - пул ҳиди-да! 
Сигирларни сотиб, пулларини участкага «шамоллантир»дик!...
Нега бу гапларни эсладим?
Негаки, оппоқ пахталар очилиб, мени териб ол, деб турибди!
Эртадан биз Ёзувчилар ҳам ҳарҳолда мадор бўламиз, деб вилоятларга ошиқяпмиз.
Бугун эса этак тутиб, Юқори Чирчиқ тумани далаларида пахта териш тараддудидамиз.
Пахта - пул! 
Меҳнат маҳсули!
Ҳей, четдан «пахта қули» деяётганлар, бекорчиликка, дангасаликка чорлаётганлар!
Айтайлик, эшик олди ўпирилиб, ёмғирли кунларда лойга ботсак, келиб, кўчамизни суваб, ёки боболаримиз ётган қабристоннинг эт-бетини таъмирлаб берасизларми?
Пахтакорлар мўмай пул топмоқда шу кунларда. 
Ўзим гувоҳман, ҳафтасига оила аъзолари бирлашиб, миллионлаб олаётганлар бор.
Шундай экан, Аллоҳ сочиб қўйган мўъжизаларимизни нега ерга ташлар эканмиз?
«Сиз юрган йўллардан юрмасмиз, сиз сув ичган булоқлардан ичмасмиз сув» деган қўшиқ бор эди.
Ҳа, биз ўз қўшиғимизни куйлаймиз!
Қуёш остида лўппи пахталардек бир тобланиб, қонимизни янгилайлик. «Макарон» шўрванинг, пайкалларда думалаб ётган тарвуз-қовунларнинг таъмини наҳот соғинмаган бўлса, собиқ талабалар?!
Пахта романтикаси ўзгача, ишқ, меҳнат, шеър, қўшиққа қоришиқ дамларни-чи?
Меҳнат - байрам, қачонки ёнингдагилар юрагингга яқин бўлса!
Дўсти йўқ, ҳаммаслак, ҳамроҳи ноёбларга меҳнат - машаққатдир. «Яккамохов» бўлма, бир ўзинг ўтириб,
дерди хазиллашиб бир дугонам пахтага чиққанимизда. 
Ҳа, чақчақлашиб, меҳнат қилганга, керагида нафи текканга не етсин!