ВАТАН ҲИМОЯСИ - МУҚАДДАС БУРЧ


 Мамлакатимизда 14 январь Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қиладиган касб эгалари – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. 
  Она юртимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур, шижоатли ўғлонлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни муқаддас бурч деб ҳисоблаган. Ушбу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради.
   Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан “Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирга вазирликнинг мутасаддилари, раҳбар ва ходимлари, фахрийлар таклиф этилди.
   Тадбирни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
 Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий ашула ва рақс ансамбли солисти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, подполковник Марат Хакимов, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Фахрийлар Кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Асқар Бўриев, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Тошкент шаҳридаги Глиер номли мусиқа ва санъат маетаби 7-синф ўқувчиси Улуғбек Рауфбоевлар иштирок этдилар. Тадбир меҳмонларининг юртимизда ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, Ватан ҳимояси йўлади ҳарбийларимизнинг фидокорона хизматлари ҳақидаги маърузалари, ватанпарварлик руҳидаги дилбар куй ва қўшиқлар тадбирни янада файзли ўтишига асос бўлди.
   Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир меҳмонларига  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ТАШАККУРНОМАСИ тақдим этилди.
Йил бошида жамоага ўзига хос туҳфа бўлган, иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотган ушбу тадбир йил давомида ҳам меҳнат фаолиятида самарали ютуқларга сабаб бўлиши шубҳасиздир.

Гуллола Исакова,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг маънавий-маърифий ишлар ва тил масалалари бўйича маслаҳатчиси.