Ёнимда Сен бўлсанг агар


Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Кечар эдим рўёлардан.
Оёғингга бошим қўйиб,
Кетар эдим дунёлардан.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Бахт билардим дамларимни.
Кипригингга териб бир-бир,
Осар эдим ғамларимни.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Узилмасди қанотларим.
Куч олардим нигоҳингдан,
Эзилмасди саботларим.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Куйлатардим юрагимни.
Азизимни таниб олам,
Билар эди керагимни.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Не орзуга етмас эдим.
Хаёлингдан, ҳаётингдан -
Бир зум нари кетмас эдим.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Боқмас эдим ёт гулларга.
Қарға, зоғга парво қилмай,
Сўз бермасдим булбулларга.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Ҳатлар эдим денгизларни.
Тиззам бўйи қолиб тоғлар,
Олар эдим юлдузларни.

Ёнимда Сен бўлсанг агар -
Ҳасратларда тўлмас эдим.
Fаминг чекиб ўлсам ҳамки,
Армон билан ўлмас эдим...

Бобур БОБОМУРОД










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот