ОЛИСДА ЮЗ БЕРГАН ВОҚЕА


   Қўчқор НОРҚОБИЛ


ОЛИСДА ЮЗ БЕРГАН ВОҚЕА
 Ҳикоя


  Ҳайдар ота билан юртдан олис, Россиянинг бир бурчагида,  тубканнинг туби, лекин жуда гўзал тоғли ўлка қояларига қад урган сиҳатгоҳда кўришдик.  
  Тушлик маҳали. Кенг-мўл, ланг очиқ деразаларидан осмонўмров тоғлар кўриниб турган чароғон емакхонанинг ойнаванд эшиги очилиб, олтинсоч, мовийкўз Настинка  таёқдай тик, қадами шахдам, шу юришида русларнинг мана ман деган гердайма князларини ҳам ярим йўлда қолдириб кетадиган баланд бўй бир кимсани бошлаб кирди. Жувон у ёқ-бу ёққа кўз ташлади-да,  бизнинг столга қараб жилмайди. Улар  қаршимизга келишди. Бехосдан ўрнимдан туриб кетдим,  салом бердим. “Князь” ўзбек эди. 
  Настинка ёниқ-тиниқ табассум ҳадя этдиди-да, ўзимдай қоракўз, қорақош кимсани рўпарамга тўғрилаб, жўнаб қолди. Ёнимдаги икки “оқ танли” ҳам чап-чайир, ўзбекюрт қуёшида юзи  оби-тобида қизарган, озғин ва заранг жуссали кишига ажабсиниб қарашди. 
  Биз танишиб олдик. Апоқ-чапоқмиз. Ёнимдагилар ҳам Ҳайдар отанинг гапларига маҳлиё. Бу қотма-қуруқ одам мен ўйлаганимдай олтмиш ёшларда эмас, балки саксон ёшдан ўтган отам тенги қария эди. Ҳайдар отанинг иккала қўлининг ҳам ўртанчи (учинчи) бармоғи таг-туби билан йўқ эди. Нонушта пайти  сўрамасак-да, ўзи  изоҳ бериб қўйди: “Иккала бармоғимни ҳам ит, аниқроғи, този кучук еб қўйган.”  
  Кечқурунлари сиҳатгоҳ теграсида сайр қиламиз. Шарқироқ сой ўтган арғувонзордан таралган муаттар бўй кўнгилни сархуш этади. Сутдай ёруғ  илиқ ёз оқшомида замин деган улкан қозонда билқиллаб асал қайнаяпти, унинг бўйи атроф-жавонибни сархуш этаяпти, деган хаёлга келаман. Қизиқ, асалнинг қайнаганини ким кўрган?  Бироқ мен шундай ғалати тасаввур билан энтикаман. 
  Шундай оқшомларнинг бирида ёлғиз ўзим арғувон тагидаги ўриндиқда сойдан кўз узмай ўтирардим. Сезмабман, ёнимга келиб чўккан чол оҳиста елкамга уриб қўйди: “Кўп хаёл сураркансан-а, сен бола...” 
— Эейй, отам, ўзингиз ҳам қушдай енгилсизда-а, қачон келиб қўнганингизни ҳам билмабман. 
— Хаёл яхши нарса. Ёмон ўйинг бўлгандан кўра, яхши куйинг бўлгани маъқул-да, болам.
— Отам, кўз тегмасин, чайиру чаққонсиз. Очиғи, оёғингиз узангидан, ўзингиз оту эгардан тушмай довруғу даврон суриб, эл устида юрган кўринасиз. Қийинчиликни билмаган кимсаларнинг тани-жони эскирмайди-да, — дедим илмоқли қилиб. 
Ҳайдар ота менга илкис қаради. Қийиқ кўзларида қаҳрли, совуқ бир ўт ялт этиб ёниб ўчди. Сўнг илжайди: 
— Қирчанғи бўлсангиз ҳам қилиғингиз қичқириқ демоқчисанда-а? Отдан ҳам, эгардан ҳам тушмаганим чин. Йигирма беш ёшимда энг катта колхозга раис бўлдим. Бир жойда йигирма йил ишладим. Кейин қамалиб кетдим. Беш йил ётиб чиқдим. Мен у ёқдалигимда хотиним қон босими ортишига йўлиқиб, ўлиб кетди. Қудам органда ишларди. Қизини ўғлимдан ажратиб олибди. Ўғлимни ҳам терговга чақиришиб: “Отамнинг вилоятдаги раҳбарга пора берганини кўрганман, деб ёзиб бер, йўқса, сингилларингни олиб келиб ашаддий каллакесарлар ичига қўшиб қўямиз ...”, — деб дўқ-пўписа  қилиб, калтаклашибди. Ишлаб турган ишидан ҳам ҳайдашибди. Эси кирари-чиқари бўлиб, аламидан ичкиликка берилиб, юрак ўйноғига йўлиқди. Қамоқдан қайтган йилим ўғлимдан ҳам айрилдим. Э-ейй, болам-а, давру даврон дейсан, ундан кўра дарду даврон деганинг дуруст.  Москва юборган ланъати Гдлян билан Иванов деган ёвузлар тўдаси “пахта иши” тамғаси билан  қанчалаб одамларнинг ёстиғини қуритмади ўшанда.  
  Ота қўлларини ёзиб ўзича гапирган бўлади: “Биласанми, болам, мен у кунларни унутиб юборай, жоҳилларни Худога солдим, дейман, лекин қара, манови пўнтоқ қўлларимга қара, баъзан туш кўраман; кимдир бармоқларимни кундага қўйиб болта билан чопмоқчи бўлади. Бармоқларимга зирқираб оғриқ киради. Товба дейсан, уйғониб қўлимда бармоқларим борлигини ҳис қиламан, ахир уларнинг ўрнида азобли оғриқ пайдо бўлганини сезаман-ку. Йўқ бармоқлар ўрнида қандай қилиб оғриқ қўзғолиши мумкин-а, бу сир-синоатни эса тушунолмайман...”   
— Бобожон, мени кечиринг, билмасдан гапиривордим, узр. Ўша  иблислар дадамнинг бухгалтер бўлиб ишлаган  акаси, катта амакимни ҳам қамашган. —  Шу гапни айтиб, ўзимча  унинг ботинида чўккан  азобни бироз енгилаштирмоқчи бўлдим. 
- Қўявер, кўникиб қолганман. Сенга оғир бўлса ҳам айтайин; ўшанда ўзбек эканлигимдан уялганман. Еган калтакларимнинг азоби майли, бироқ ўша келгинди-юлғичларнинг ёнида този итдай ликкиллаб, турмуғини ялаган айрим ипирисқиларнинг ўзбек эканлиги менга  минг чандон азоб берарди. Шундайлардан биттаси бор  эди, пешонаси тиртиқ, шилпиқкўз хунаса.  У ўзбек эди. Ўша иблис ҳам ёнидаги сап-сариқ келгиндиларга қўшилиб ўртанчи бармоқларим орасига нина тиқарди,  шу бармоқлар бошқаларига қараганда оғриқни кучлироқ сезса керак-да. Баъзида қўл-оёғимни курсига чандиб уришганда, у оғзимга латта тиқиб турарди. Тушунаяпсанми, ҳа, у ўзбек эди, лекин мансаб, лавозим учун онаси-ю хотинини ҳам ўшаларга сотиворадиган ипирисқи эди. 
  Ҳайдар ота жим қотди. Орага сукут чўкди. Тил-забонимни тош босади. Ота елкамга оҳиста уриб қўяди. Отанинг ўз юртидан узоқда, арғувонзор “асал қайнатган” олис ўлкада бошқаларга айтишга ор биладиган бу ҳасрату надомати сой сувининг  шарқироқ садоларига сингиб борарди. 
— Эртага тушликда ош дамлайман. Анови, иккала ўрис шеригимиз ҳам кутиб юришибди. Сиз келишингиздан олдин уларга  якшанба куни ош пиширамиз, деб ваъда берувдим, сиз ҳам биз билан бўласиз, кемага тушганнинг жони бир, — гап ўзанини мутлоқ бошқа мавзуга бурдим. 
  Дабдурустдан айтилган бу гапларимдан Ҳайдар ота ҳайратланди, кейин майин ва беозор кулги эшитилди. 
— Шундай де, кемага тушганнинг жони бир дегин. Хўп. Фақат ошнинг ҳамма харажати мендан бўлади. Йўқса, бормайман.   
  Чол қайсар экан; кўнмади, бир ўзи бозорлик қиладиган бўлди. Столдошимиз Петя амаки билан супермаркетга жўнади. 
  Сиҳатгоҳ ёнидаги очиқ ҳовлида емакхона бор эди. Кеча бошлиғи билан келишиб қўйгандим. Ташқарига ўчоқ-қозон ўрнатиб берди. “Ўзбекча палов зўр бўлади. Менга ҳам берасан-а, хотиним билан қизимга олиб бораман”, — деб чўнтагидан пул чиқариб узатди. Мен унга: “ Пулинг керакмас, уят бўлади”,— дедим. “Ўзбеклар зўр халқ, оқибатли, мард”, — деди у ҳам хушомад қилиб. 
  Якшанба тушлигида ош тайёр бўлди. Бизнинг “чолйигитимиз” дастурхонни турли ноз-неъматларга тўлғазиб ташлади. Ҳатто ҳалиги бор-у, ҳалиги,  “қизил гулоби” ўлгурдан ҳам диккайтириб қўйди.  Иккала ўриснинг оғзи қулоғида, кўзи ўчоқ томонда. Таом камида йигирма минут дам ейиши кераклигини эшитишиб,  ҳайрон бўлишди. Пишган нарсани димлаб нима қиласанлар, деган маънода норизо қарашгани ҳам чин. Мен соатимга тез-тез кўз югиртираман.  Безовталанаман. Биздан уч чақирим наридаги “Атиргуллар водийси” деган сиҳатгоҳда дам олаётган Тўра акани кутаяпман. Қўнғироқ қилувдим. Соат роппа-роса бирда бораман, деганди.  
  У мен билан бирга учиб келувди. Ўн йилдан бери ўша сиҳатгоҳда даволанаркан. Ўрганиб қолганман, менга шу ер ёқади, деганди.  Мусофирчиликда ёнингдаги юртдошинг билан юз кўришиб турмоқ яхши-да. 
  Йигирма беш минут ўтди. Кўзим сиҳатгоҳ ёнидаги сўқмоқда. Тўра акадан дарак йўқ. 
— Ошни сузавер. Тагига олади. Мановилар ҳам роса диққиллашаяпти. Келадиган одамнинг ҳаққини олиб қўярсан. — Ҳайдар ота бир шерикларимизга, бир нарироқда қўлида лаган тутиб турган емакхона раҳбарига қараб жилмайиб қўйди. 
  Петя ҳамда Иван амаки, емакхона хўжайини Сергей ошни мақтай- мақтай, паққос туширишди. Улар бизни минг бир айланиб-ўргулиб олқишлаб, рухсат сўрашиб,  ўрнидан туришди.  
  Тўра ака кечикиб келди. Узрхонлик қилиб курсига чўкди. Мен ўчоқ бошига бориб қозонда турган унинг ҳаққини олиб келдим. Шу маҳал ҳовли ортига шамоллаш учун ўтган Ҳайдар ота кўриниш берди. Тип-тикка, қиличдай бўлиб, тетик ва шахдам қадам отаётган Ҳайдар отага меҳмонимиз қизиқсиниб қаради. 
— Ажойиб чол. Жанговар!  Ҳеч ким саксондан ошган демайди. Лекин бошидан ўтказган азоблари бу дунёни босиб қолгулик. Шунча дард билан йигитдай бўлиб юришини қаранг,—  дейман ўз ҳайратимни яширолмай. 
  Тўра ака ҳамон ундан кўз узмайди. Ҳайдар ота келиб рўпарасига ўтирди. Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Ота ўрнидан шаҳд турди. Оғир-оғир нафас олди. Тўра ака эса ранг-рўйи мурдадай оқариб, тош қотди-да, телбанамо илжайди. Унга жавобан ота стол устида турган пичоқни олиб, олдга бир қадам ташлаган ҳам эдики, Тўра ака ўқ еган илондай бир сапчиб оёқда тик бўлди. Эс-ҳушидан айрилган каби қалтириб, бўғзидан алланечук товуш отилди;  бундай инграганнамо чийиллашни умрим бино бўлиб эшитмагандим. 
— Сени танидим, ит эмган!! Мана, охири сени кўрдим. Танидинг-а? Танидинг!!! 
  Тўра ака шилқ этиб, ўтириб қолди. Юзини қўллари билан тўсди. Ҳайдар ота энди ўзини бироз  босиб олди. Ўртанчи бармоқлари йўқ тумтоқ қўлларини у томон  чўзди: 
— Мановиларни кўраяпсанми?  Қара!! Қара-а-а-а, деяпма-а-а-а-нн!!! 
  Мен карахт ҳолда ён атрофимдаги столларга алангладим. Шу лаҳзада нимадир қарс этди. Бошу юзи жиққа ҳўл Тўра ака вой-войлаб сўқмоқ томон қочди. Стол четида, ерда чойнак синиқлари сочилиб ётарди. Емакхона соҳиби биз томонга анграйиб қараб турарди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот