Эркин Усмонов - (1952 - 2016)


ЯХШИЛАР ЁДИ

   Эркин Усмонов болалик дўстим, сирли, сеҳрли суҳбатдошим эди. Кўп нарса ўрганардим ундан.
  Билими серқирра, синчков ва сезгирлиги юз карра эди, мен учун!..
  Ўшанда мен 6-синфда, У 7-синфда ўқирди. Бирга республика болалар газетаси «Ленин учқуни»/«Тонг юлдузи»/нинг адабиёт тўгарагига қатнардик.
   Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси байрам эди, Эркиннинг ёзганларини бирга ўқиб, унга беллашишга интилиб, шеър тўқиб!.. Назаримда, тўгарагимиздаги ҳамма қизлар унга шайдо эди. Дум-думалоқ ақлли кўзлари, теша тегмаган, газеталарда ёзилмас бобо-бувиларимизнинг сўзлари!..
   Бир хикоясида: «Унинг кўзи деворга илинган сабзи тахтадек соатга тушди» деган жумла бор эди. Тўгарак раҳбаримиз Тоҳир Малик /Ҳобилов/ уни мақтаган, бизга ибрат қилиб кўрсатганди. Деярли ҳар машғулотда у олқиш оларди... 
   Мен ҳам қарсак талабмасманми, 
«Бир кун ойга учаман,
Қуёшни ҳам қучаман»!,- 
қабилида шеър ёзиб бордим. Тоҳир ака, «қуёш қайноқ лава-ку, эриб кетасан-ку!»,- деб изза қилдилар. 
   Эркин эса: « Ният яхши, қофиялари жойида,» - деб мени мақтаган бўлди.
  Ҳа, Эркин Усмонов менинг чин дўстим, маслакдошим эди!.. У билан адабиёт, шеърият, ҳаёт, одамлар ҳақида дилдан суҳбатлашардик. Бизнинг «Нина Захаровна»... деб турмуш ўртоғини кулиб тилга олар, эркалатиб, эркаланиб, оиласининг тўкис-тугаллигидан ғурурланарди. 
- Қизим Юлдуз Усмонова, ҳа-ҳа, у Осмоновамас, бу Усмонова,- деб, қизининг ижод намуналаридан газетамизга кўтариб келиб қолар, фарзандларининг келажаги учун қайғуриб, ўйга толар эди.
   Мен ҳам унга «Қиз ўртоқ» деб мурожаат қилар, Баҳром Аҳмедов, Рустам Обидлар ҳақида саволлар берардим. «А дан Б»гача деган лотин алифбоси ўрганувчилари учун алфавит ўзгарганда асар ёздирганман, «Тонг юлдузи» газетамиз учун. 
  «Ғунча»да Бош муҳаррир пайтимда ҳам уни тинмай «ишлатар» эдим... Қачон, қаерда кўрсам, албатта бир мавзу «заказ» қилардим. У эса: -Хўп қиз ўртоқ, -дерди кулиб, гўё хизматимга шай турган бўлиб... 
   Наҳотки шундай меҳнаткаш, дилкаш, кичик кўнгил, айни дамда қайсар ва мард «мужик» ижодкоримиздан айрилганимзга 5 йил бўлди?!
   Йўқ, унинг асарлари, радио хазинасига тўплаб, ташлаб кетган кўплаб олтин овоз соҳиблари, арбоб ва алломаларнинг ёрқин хотирасини тиклаб турган «запис»лари ҳаққи, дилимиздадир! Ҳар онимизда, ёнгинамиздадир! 
   Ўзи эса унинг-ла суҳбат этган, бу оламни аллақачоноқ ташлаб кетган устозлари, олиму алломалари ҳузурига ошиқиб, сал эртароқ, сал шошилиброқ кетиб қолибди-да?..
   Эркин Усмонов яхши инсон эди, ҳалол, камтар, билимли, оилапарвар...
   Яхшилар умри узоқ бўлади. 
   Айниқса, у ИЖОДКОР бўлса!..
Умида АБДУАЗИМОВА.

  Маълумот: Эркин Усмонов 1952 йил 10 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар институтини тугатган (1978).
   Қурилишда, Ёшлар театрида, «Ўзбектелефильм» студиясида ишлаган. «Мосфильм» қошидаги махсус кавалерия—кино полкида ҳарбий хизматни ўтаган. Қарийб йигирма йил мобайнида Ўзбекистон Радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида турли вазифаларда ишлаган. У Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзосидир.
   Эркин Усмоновнинг «К. К.» номли илк фантастик ҳикояси «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетасида 1967 йилда босилган. Мазкур ҳикоя ўша йилги ёш ижодкорларнинг «Тўёна» конкурсида иккинчи совринни олган.
   Журналист ва носир Эркин Усмоновда адабиётга, ижодга ҳавас эрта уйғонган бўлиб, илк адабий сабоқни «Ёш адабиётчилар» тўгарагида олган. Адиб таржимон сифатида бир қатор адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига ағдарган. Адибнинг кейинчалик яратган ҳикоя ва қиссалари ҳам талабчан адабий жамоатчилик эътиборини тортган. Шунингдек, у бир қатор теле ва радиопьесалар муаллифи ҳамдир.
 У вояга етган оила санъаткорлар оиласи сифатида эл-юртга танилган. Бобоси машҳур халқ устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Уста Усмон, отаси эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирсоат Усмоновдир.
  Эркин Усмонов асарлари замонавий мавзуларда бўлиб, уларда инсонлар ўртасидаги самимият ва олижаноблик, ҳалоллик ва эзгулик, гўзаллик ва маънавий поклик каби юксак фазилатлар ардоқланади. Хусусан, бу нарса адибнинг «Дилингда дардинг бўлса» қиссасида, айниқса, бўртиб туради.
   Адиб таржимон сифатида Карел Чапек, Грин, Паустовский, Анор каби адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига ағдарган.
  Адибнинг кейинчалик яратган «Гунафша», «Ўғилдан совға келди», «Олам нурга тўлади» сингари ҳикоя ва қиссалари ҳам талабчан адабий жамоатчилик эътиборини тортган. Шунингдек, у «Юк кўтарган одам», «Хонадаги тўрт киши», «Онагинам», «Яхшилик» каби бир қатор теле ва радиопьесалар муаллифи ҳамдир
   2016 йил 4 Декабрда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот