Ўзбекистон халқ артисти - Рушана Султонова


     Рушана Султонова Рамиловна - 1965 йил 27 ноябрда Бухоро вилояти, Газли шаҳрида туғилган. Раққоса, Балетмейстер. Ўзбекистон халқ артисти (1998). 1979-1984 йиллар хореография билим юртида ўқиган. Тошкент давлат маданият институтини тугатган (1991). 1984-1994 йиллар Навоий театрида, 1994-1998 йиллар “Баҳор” ансамблида, 1998-99 йиллар “Етти гўзал” ансамблида, 2000 йилдан “Ўзбекрақс”да етакчи раққоса. Шунингдек, 2002 йил ўзи ташкил этган (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда - Шуҳрат Воҳидов билан биргаликда) “Санам” рақс ансамблида фаолият кўрсатмоқда. Рушана Султонова рақслари табиий талқини, мусиқавийлиги, оҳанга мос хиром этиши, юқори рақс маданияти билан ажралиб туради. Рушана Султонова барча вилоятлар бўйича фольклор рақсларни ижро этган. “Доира чорлайди”, "Бухороча”, “Қизбола”, “Хоразм рақсининг туғилиши”, “Баҳор айёми”, “Ноз-ноз”, “Бону-бону”, “Сарвиноз”, “Оразибон лазгиси”, “Танавор 2”, “Гулсанам”, “Учрашув”, шунингдек, тожикча, афғонча, лўлилар рақси ва бошқа кўпгина халқларнинг рақсларини ижрочиси сифатида танилган. Рушана Султонова ҳақида “Рушана Султонова рақсга тушади” фильмлари 1986-йилда режиссёрлар - Ш. Хўжаев ва Даврон Салимов томонидан ишланган. 
     Шунингдек, Рушана Султонова 1980 йили "Комила", 1986-йил "Шаҳризоданинг янги эртаклари" фильмларида роллар ижро этган.