"Шеърият гулшанида" бўлимининг махсус мухбири


 

ИБРАГИМОВА ГУЛЧЕҲРА ШАҲОБИДДИН ҚИЗИ (МУМТОЗ)

 

     Гулчеҳра (Мумтоз) Шаҳобиддин қизи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон  Журналистлар уюшмаси аъзоси. Маълумоти олий, Давлат Педагогика институтининг ”Ўзбек тили ва адабиёти”  иккинчи мутахассислик сифатида “Тарих ва ҳуқуқшунослик асослари” факультетларини тамомлаган.

Халқ таълими аълочиси. Дарслик, ўттиздан ортиқ методик қўлланма, юздан зиёд  услубий тавсия ва мақолалари  нашрдан чиққан.

     Шоира, адиба ва публицист  Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи “Соғинч”, “Янги ой чиққан кеча”, “Дилда дардинг бўлмаса”, “Қалдирғочим”, “Жон ичра жондир Ватан”, “Онажон кечир”, “Бахт хумори”, “Сўз зарби”, “Сизни соғиндим”, “Садарайҳон ифори” номли ўнгга яқин шеърий тўпламлари чоп этилган.

     Шунингдек, унинг  “Ўзбекистон Ватаним маним”, “Ўзлигини англаган халқ”, “Ўзбек адабиёти ва Абдулла Орипов” шеърияти(монография), “Маънавият илдизлари”, “Ҳеч кимга бермаймиз сени - Ўзбекистон”, “Аёл-буюк мўъжиза”, “Аёллар дунёнинг ҳаётбахш кучи”, “Бобораҳим Машраб ижодини ўрганиш”, “Соғлом авлод-миллат кўрки”, “Истиқболли педагогика асослари”, “Маънавият луғати”, “Нур-Шарқдандир”,“Наврўзинг муборак Ўзбекистоним”, “Наврўз”, “Ҳақ олинур, берилмас”, “Ўқувчининг бўш вақтини таъминлаш”,“Тестлар  ва имтиҳон билетлари тўплами” каби методик қўлланмалари билан бирга, “Бургут чўққиларга қўнади” (Отаси ҳақидаги), “Сокин дарё шиддати” (Устози ҳақидаги) ҳамда “Тугалланмаган парвоз”  номли (15 нафар хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳарбий йигитларга бағишланган) ҳотира-эсселар муаллифи.

     Республикамизда ўтказилаётган илмий конференцияларда иштирок этиб,  ўнга яқин тўпламларда маънавий-маърифий  йўналишлардаги мақолалари ёритилган. Юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон”, “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” каби Республика тарғибот ва тиашвиқот тадбирларида иштирок этиб ўнга яқин “Диплом” ва “Ташакккурнома”лар соҳиби бўлган. Шу билан бирга бир қатор кўрик-танловлар иштирокчиси ва ғолибаси.

 

     Шоиранинг ўндан зиёд шеърлари  таниқли хонандалар Махмуд Намозов, Гулбаҳор Эрқулова, Юлдуз Абдуллаева, Шуҳрат Дарё, Дилфуза Рахимова, Мақсуд Абдуллаев, Мубина Шуманадзе ва бошқалар томонидан қўшиқ қилинган. У бир неча йиллардан бери композитор Гавхар Матчонова билан ижодий ҳамкорликда ишламоқда.

     Айни пайтда севимли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи ижод қилиш билан бирга таълими тизимини ривожлантиришда фаолият юритиб келмоқда.

     Г.Ибрагимова ўз фаолияти давомида республикамизнинг турли ҳудудларида семинар-тренинглар, конференциялар ташкил этиш билан бирга ёшлар онги ва  қалбига Миллий ғоя ва маънавият асосларини сингдиришга ўз ҳиссасини қўшди. Дастурлар, тестлар тўплами муаллифи бўлди.

             Ибрагимова Гулчеҳра иш фаолияти давомида ҳужжатларни, ҳисоботларни тайёрлашда аниқ ва пухта бажариши, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан ажралиб туради. У жамоада алоҳида ҳурмат – эътибор ва обруйга эга ходим.

            Г.Ибрагимова ўз мутахассислиги бўйича олган билими, тажрибаси  билан бошқаларга ўрнак бўлмоқда. У ўз соҳасида етук мутахассис ва ёшларга  устоз. 

          Ибрагимова Г. ўзига юклатилган топшириқларга жиддий қарайди, масъулиятни ҳис этади, тармоқни ресурслар билан бойитиш, турли йўналишдаги тадбирларни тезкорлик билан ташкил этиш каби ишларни фидойилик билан бажаради.

          Ибрагимова Гулчеҳра малакасини ошириш учун мустақил равишда ўз устида ишлаб, тажриба ва билимларини ошириб келмоқда. Бу борада у Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан ташкил этилган “Маънавият тарғиботчиси” бўйича махсус курсни тугаллаб, сертификатга эга бўлган.

2014 йилда чоп этилган “Садарайҳон ифори” шеърий тўпламига  шоиранинг 200 га яқин катта-кичик шеърлари киритилган бўлиб, уларда асосан ота-онага бўлган меҳру муҳаббат, Ватанга садоқат, фахр-ифтихор туйғулари, муҳаббат ҳамда фарзандларига аталган дил исҳорлари ифодаланган.  

 

          Ибрагимова Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи адабиётимизга ва халқ таълими тизимини ривожлантиришга қўшаётган самарали меҳнатларини инобатга олган ҳолда,   2014 йил “Turon zamin ziyosi”  нашриёти томонидан чоп этилган  “Садарайҳон ифори” номли шеърий тўпламини  мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишлаб ўтказиладиган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловига тақдим этилди ва мазкур назмий асар Халқ таълими вазирлиги, UZINFOCOM маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси томонидан Алишер Навоий номли миллий кутубхонада  тақдимоти бўлиб ўтди.