"Ҳажвиялар ва латифалар бўлими"нинг муҳаррири


 

    Шерқўзи Ғозиев 1950-йил, 8- май куни, кечки соат 21 ларга яқин, осмондан жала қуяётган маҳалда Фарғона вилояти, Бувайда тумани, Чиркай қишлоғида дунёга келган. Шундан бери ҳар йили 8-май куни қаерда бўлса ҳам, ёмғир савалаб ўтаркан... 1957- йилда Чикай қишлоғидаги 8 йиллик мактабнинг биринчи синфига кириб, 1965-йилда 8-синфни аъло баҳоларга битирган. 1965-йилдан 67-йилгача туман марказидаги 50-мактабнинг 10- синфини тугатган ва Тошкентга келиб, Политехника институтининг қурилиш факультетига ўқишга кирган. Бунга отасининг мажбурлигида кирганлиги сабабли, ўқишни ташлаб кетган. Чунки бу отасининг касби эди. 7 ёшидан отаси рахматли қўлига ранда берганлар. 17 ёшга етганда ота касбини бутунлай эгаллаб бўлган эди. Уйга қайтгач, ота касби бўйича қурилишга ишга кириб, 3-тоифали ғишт терувчи, 4-тоифа дурадгор бўлиб ишлади ва кейинги 2 ойларда бригада бошлиғи бўлиб ишлади...Шундан сўнг яна Тошкентга келиб, Маданий Оқартув Техникумининг режиссёрлик бўлимида 3 йил ўқиди. Шу даврда дўсти Абдуфаттоҳ Саидов иккаласи хажвиёт оламида Алиш ва Валиш лақаби билан қизиқчи бўлиб танилди. Шунда уни 1971-йил Й. Охунбобоев номли Ёш Томошабинлар театрига актёр сифатида ишга таклиф этишди. Шу йили Островский номли институтининг актёрлик бўлимига сиртдан ўқишга кириб, 1976-йили муваффақиятли тугатиб, диплом олди. Ш. Ғозиев санъатнинг ҳар бир турини эгаллай бошлади. Ҳам актёр, ҳам қўшиқчи, ҳам қизиқчи, ҳам пародиячи бўлиб элга танилди. 1970-йилдан «Телеминатюралар театри»да роллар ижро этишни бошлади. 1970-йилда 6 та қўшиқ билан  биринчи  пластинкаси чиқди. Кейинчалик яна 4- 5 та пластинкаси чиқди ва магазинларда сотила бошлади. Санъатга қизиқиш уни Ўзбек Давлат филармониясига етаклади. 1978-йилдан филармонияда ишлай бошлади. Ўша пайтларда номи бутун Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон. Туркманистонларда таниқли машҳур санъаткор сифатида элга танилди. Шу даврларда «Табассум» радио журнали, «Телеминатюралар театри», «Экран хандаси», «Шанба нонуштадан сўнг» кўрсатувлари ва киноларда, «Наштар» киножурналларида қатор-қатор роллар ўйнай бошлади. 1979-йилда биринчи бўлиб филармония қошида «Ханда» сатира ва юмор ансамблини ташкил этди. Ўзи сценарий ёзди ҳамда бадиий раҳбар бўлиб ишлади. Ансамбль филармония бўйича  биринчи ўринни эгаллаб, «Мусобақа ғолиби» деган медалларни қўлга киритди. 1981- йилдан 87-йилгача ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетини ўқиб тугатган... 1988-йил, 10- ноябрдан бошлаб «Шероз» тахаллуси билан  Собиқ иттифоқ журналистлар уюшмасининг аъзоси бўлган... 1991-йилдан Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган. 1990-йилда «Қалбим наволари» деб номланган шеърлар тўплам китоби 25000 нусхада чоп этилган. 1990-йилдан Ҳинд ва урду тилларини ўрганиб, Ҳиндистондан санъат усталарининг концерт группаларини Ўзбекистон бўйлаб гастрол сафарларини уюштирган. 1990-йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида суратга олинган «Чангалзор қироли» фильмида Зоотехник ролини ижро этган. Шундан сўнг 1992-йилдан «Шерхан» студиясини очиб, Ҳиндлар билан ҳамкорликда 2006-йилда «Шерхан тракторчи» кинокомедияси, 2008-йилда, «Ёлғиз эмассан» мелодрама филъмларини тасвирга олган.