“Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби тақдимоти


Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби тақдимоти

   Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёш ижодкор Музаффар Муҳаммадназарнинг “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда шоирлар ва ёзувчилар, театр ва кино актёрлари, ноширлар ва муаллифнинг яқинлари иштирок этдилар.
  Тадбирда сўзга чиққанлар муаллифни янги китоб билан муборакбод этиб, унинг ёзувчилик маҳорати, ҳаётни теран баҳолаб ёзилган асарлари, китобхонлар кўнглига осонгина кириб бориш кучига эга шеърлари ва ҳикояларига юксак баҳо бердилар.
  “Китоб муаллифи дилидаги алам ва изтиробларини қўлидаги қалам билан ифодалайди. Музаффарнинг адабий машқлари билан 20 йилдан буён танишман. Бугун унинг ҳикоялари, шеърлари ва суҳбатлари бир тўплам – ягона сарлавҳа остида чоп этилганидан хурсандман. У ўз асарларида турфа феъл-атворга эга замондошлар образларини, ҳаётий манзараларни усталик билан ифодалайди, китобхонни ўйга толдиради, атрофга ҳушёрроқ қарашга, одамларнинг дарду қувончини юракдан ҳис этишга ундайди”, - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиб, драматург ва таржимон Абдуқаюм Йўлдошев.
  Филология фанлари номзоди, доцент, “Турон” ва “Антик дунё” халқаро фанлар академиясининг академиги Раҳимбой Жуманиёзов Музаффар Муҳаммадназарнинг “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китобига кирган асарларни таҳлил қилар экан, унинг иқтидорига, инсон туйғусини, унинг кечинмаларини бадиий ифодалай олиш баробарида унинг ўзигагина хос публицистик мақолалар ва дилкаш суҳбатларига алоҳида урғу берди. “Укамиз Музаффар Муҳаммадназар ёзган ҳикоялари, шеърлари, журналистик суриштирувлари, ўткир публицистик руҳдаги мақолалари, фотомухбир сифатида турли жараёнларни муҳрлаши билангина эмас, балки ўзининг камтар, одамшаванда ва дилкаш инсонлиги билан ажралиб туради”, - деди.
  Тақдимот иштирокчилари муаллифни қутлар эканлар, унга ижодий парвозлар тиладилар ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Гулчеҳра ҲОМИДОВА - Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг матбуот котиби.
2021 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот