Мирза Азизов кўкрак нишони билан тақдирланди


   Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони муносибларга тақдим этилди
   Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан таъсис этилган Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони билан тақдирланди.
   Мазкур кўкрак нишони Муҳаммад Аминхўжа Муқимий адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга қўшган хизматлари учун тақдим этилади.
   Шу ўринда таъкидлаш жоизки, улуғ адиб ва шоирларимиз орасида Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ўзининг бетакрор маънавий мероси билан алоҳида ажралиб туради. Алломанинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш, узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга ошириш, ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришда улкан ва таъсирчан адабий-маърифий манба бўлиб хизмат қилади.
   Бу хусусда куни кеча пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бўлиб ўтган Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоаси иштирокидаги “Муқимий маънавий мероси – ёшларга ибрат” мавзусидаги маданий тадбирда алоҳида тўхталиб ўтилди.