УРУШ ТУГАСА ҚАЙТИБ КЕЛАМАН...


Қўчқор  НОРҚОБИЛ
   КИЧИК  ҲИКОЯЛАР

ИНШО
  Бола тинчлик мавзусида иншо ёзди; бор-йўғи олти қаторгина.
  “Онам сигир  соғадилар. Нон ёпадилар. Мен ва укаларим иссиқ нонни синдириб  сут косага соламиз. Бу — Тинчлик! Яхши. Онажоним Отажонимга нон ушатиб берадилар. Отажоним нонга чап қўлини узатадилар. Ўнг қўлини афғон уруши еган. Уруш — ёмон! Бизнинг уйимизда Тинчлик ва Уруш ёнма-ён яшайди...”
  ....Муаллима бу битикни ўқиб юм-юм йиғлади. 
                        
МОҲИЯТ

— Вася, майли, қуриб кетсин, амаким айтган ўша ўқ заводига ишга кирсанг бўларкан.
-— Настя,  эсинг жойидами? Ахир бизнинг фарзандларимиз бор-ку! Учови ҳам ўғил!
— Нима қипти?!
— Ахир ўша ўқлар барибир бир куни отилади-ку...
              
ЖАНГЧИНИНГ ТУФЛИСИ

  Унинг бир оёғи йўқ эди. Қўлтиқтаёқни  курси четига қўйиб, сотувчи қиздан энг қиммат туфлининг бир пойини узатишни сўради.
  Туфли лоп-лойиқ келди. Сотувчининг ғалати аҳволга тушганини сезиб, шоша-пиша шундай деди:
— Хавотирланманг, нариги пойини ҳам оламан. Унисини Воронеждаги ошнам Володяга жўнатаман...
  Сотувчи қиз титраб кетди.
   Жангчи жилмайди. У дўконлардаги бундай ҳолатларга кўникиб қолган эди.
                       
 ЭТИКЧАЛАР
  Бу урушда этикчалар эгасиз қолди.
  Аёл этикчаларни хона бурчагига олиб бориб қўйди. 
— Қани ўгирилиб тур, — дея этикчалар тумшуғини деворга тақади.
  Эгасиз этикчалар девор бурчида чорак соат турди.
  Аёлнинг раҳми келди:
— Бошқа тўполон қилмагина, хўпми?! У этикчаларни кўксига босди. Сўнг стулчага олиб келиб қўйди:
— Қани, энди овқатингни еб ол!..
  Аёл этикчаларга узоқ тикилиб турди. Нимадир ёдига тушгандай бўлди. Сўнг... сўнг... чинқириб йиғлаб юборди.
  Этикчалар соҳибаси бор-йўғи олти ёшдагина эди.
                          
ЁЗУВ

  Қизалоқ олти ёшда.
  Дийдаси тош эди.
  Деразадан ташқари қаради.
  Кўчада уруш.
  Пардани тортди.
  Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алфозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса менга хабар беринглар. Қайтиб келаман...”
  Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди. 
  Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабртошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди: “Кетдим. Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман...”.
                  
УРУШНИНГ СУВРАТИ
Дўстимнинг ҳикояси
  Ёлғиз — ёлғиз ўғил. Ғулом бобо билан Ойсара холанинг ёлғизи, ортида қоладиган ёруғ изи.
  Ҳарбийга чақирув келди.
  Ёлғизни афғон урушига олиб кетишди.
  Хола кўп йиғлади. Холанинг кўзи хира тортди. Хола кўрмай қолди. Хола: “Ҳали ўғлим келса, кўзим очилиб кетади”, — деб қўярди.
  Соғинч дарди, таҳлика азоби холанинг ич-ичини ҳам куйдириб кетди. Бир йил ўтар-ўтмай хола омонатини эгасига берди. 
  Ғулом бобо букчайиб қолди. Икки кўзи эшикка қадалди. Фақат эшикни кўрди. Ёлғизнинг йўлига тикилди икки кўзи.
  Пахса деворга омонат илинган пастак эшик тиқ этса бобонинг юраги шиғ этади. Жони халқумига келади. Нураб, тўкилиб кетаман деб турган озурда кўҳна кулбадан отилиб чиқиб, ялангоёқ югургилайди.
  Овулдошу қўни-қўшни далда беради: “Келади бобо, келади, Ёлғизингиз келади...”
  Ёлғиз келмади.
  Темир тобути келди.
  Эл-эломон бир қалқди — уввос урди эл-эломон: “Нотанти тақдир, келиб-келиб шугина ёлғиз чолнинг Ёлғизига чанг соласан-ми?..”
  Бобо гарангсиб қолди. Эси кирди-чиқди бўлди.
  Орадан бир ҳафта ўтиб бобонинг қошига қишлоқ мактабининг директори келди.
— Мактабни ўғлингиз Ёлғиз Тўраев  номи билан атаймиз. Қабрига мармартош ўрнатиб, таъзиянома ёзмоқчимиз.
  Чол унга ўқрайиб қаради. Ичкари уйга кириб кетди. 
  Эни-бўйи ярим қулоч келадиган мармар лавҳ олиб чиқди. Директор мармар лавҳга ўралган суратни — Ёлғизнинг суратини ҳамда “Мен отамдан олдин ўлганман...” деган ёзувни кўрди. Кўз олди қоронғулашиб, ич-ичидан ўкирик келди. Ўзини зўрға тийиб иҳради.
— Узр, бобожон, узр.
— Уф-ф... Кеча... Кеча район марказига бериб ўзим тайёрлатиб келдим. Шуни қўяман, — деди бобо.
  Бобонинг жони тош экан. Бобонинг боши тошдан экан. Бобо яшади. Узоқ яшади. Бу ҳаётга қасдма-қасд яшади. Ўтган йили юз ёшга яқинлашиб қазо қилди. 
  Хотира ва Қадрлаш байрамида қишлоқда бўлдим. Қабристоннинг кунботарида Ёлғиз ётган қабр бошига келдим. Аскар кийимида жилмайиб турган ўғлоннинг сурати тагида: “Мен отамдан олдин ўлганман...” деган ёзувни ўқидим. Ўзимни қўлга олдим.
— Ана, ёнидаги Ғулом отанинг қабри, — деди қўшним.
  Қабр бошидаги мармар лавҳдаги:
  “Мен боламдан кейин ўлганман...”, деган ёзувга кўзим тушди. Энди ўзимни тутолмадим. Қабр пойида чўккалаб ўтирдим-да, кафтим билан юзларимни тўсдим. Ичимдан кўпириб тошган оғриқли бўронни тўхтатолмадим...

УРУШ ТУГАСА ҚАЙТИБ КЕЛАМАН...

 Қизалоқ олти ёшда.
   Дийдаси тош эди.
   Деразадан ташқари қаради.
   Кўчада уруш.
   Пардани тортди.
   Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алфозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса менга хабар беринглар. Қайтиб келаман...”.
   Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди. 
   Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабртошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди:  “Кетдим.  Уруш тугаса хабар беринглар. Қайтиб келаман...”.


ҒАЛАБА БАҲОРИ

     Уруш тугади. Баҳор...
— Онажон, гулларни қаранг?! Нега йиғлаяпсиз?
— Бу гулларни отанг бизга ер остидан юбораётганга ўхшайди.
— Катта бўлсам, мен ҳам сизга ер остидан гул жўнатаман...
— Йўқ, Сен ердаги суянчимсан.
— Шунчалар кучлиманми?!
— Кучлисан.
— Отамдан ҳам зўрманми?
— Ҳа. Шунинг учун ҳам отанг ишониб мени Сенга қолдирган...

ГУЛЛАГАН ҚУРОЛ
 
   Жангчи  урушдан қайтди.
   Дунё сокин эди, дунё ҳузурли.
   Жангчи зерикди…
   Ота уй деворида осиғлиқ милтиқни олиб Боботоғ сари йўл олди — овга!
   Тиксўқмоқ танобини тортди — баландга чиқди. Ўлжани пойлаб пусиб ётди.
   Ғор оғзида боласини эмизиб турган она кийикни кўрди.
   Жангчи ётган жойида қимир этмай, чуқур нафас олиб, мўлжалдан адашмаслик учун тош қотди. У она кийикнинг қоқ манглайини нишонга олди. Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини милтиқ тепкисига олиб борди.
   Бир… икки… уч… У тепкига қўл теккизди, бутун вужуди нигоҳга айланиб нишонда турган она кийикка қадалди.
   Бола кийикнинг эса оғзидан сут кўпириб тошар, бу дунёи дундан бехабар ўйноқлаб-ўйноқлаб онаси елинига ёпишарди.
   Бир… икки… уч… Тепкига тегиб турган бармоқлар қимир этмади, жиққа тер бўлди.
   Жангчи кўзларини юмди. Лаҳза зимистонлиги узоқ чўзилгандай бўлди. Кўзини очди. Рўпарасида ҳеч нарса йўқ, элас кўзга чалинаётган, тошқумлоқдан кўтарилган юпқагина қум чангини, тиксўқмоқдан пастга қараб елдай учаётган она кийик ва кийикчани кўрди.
   Жангчи енгил тортди — елкасидан нафас олди. Сўнг жилмайди, сўнг қаҳ-қаҳ урди, кулгиси тоғни тутди.
   Кейин ҳозиргина жониворлар шамолни ортда қолдириб учиб ўтган тоғсўқмоқдан пастга қараб туша бошлади.
   Жангчи овдан қайтмоқда… Уруш комида унинг мўлжалига тушган ҳеч бир нишон қуламасдан қолмаганди. Бугун эса унинг қуроли илк бор ўз нишонини қулатмади.
   У қайтаётиб тоғ гулларидан бирини узиб милтиқ нилига тиқиб қўйди.
   Жангчининг елкасидаги қурол худди гул отиб, гуллаб юборганга ўхшарди.
   Жангчи қишлоққа қуп-қуруқ, бироқ елкасида гуллаган қурол ва кўксида тирилган юрак билан қайтиб келмоқда.
   Ҳа, бу ҳам чинаккам­ ғалаба эди. Чунки у уруш комида инсонийлик  туйғусини қолдириб келмаганини, кўксида меҳр илдизлари уйғона бошлаганини ҳис қилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот