ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР
(Ҳикоялар ҳақида)
           
  ***
Зўр ёзувчининг ҳам айрим ҳикоялари бўш чиқади. Биласизми, нега?
Ёзувчини ўз ҳикояси қабул қилмайди, яъни, ёзувчи ҳикоянинг ичига кира олмайди, ташқарида қолиб кетади. Бадиий тўқимага маҳлиё бўлиб, ҳикояни “ярим жон” қилиб қўяди.
             ***
Ёзувчи ўзи ёзаётган ҳикоянинг ичига киролмаса, албатта, ўқувчи ҳам ўша ҳикояни қабул қилмайди, ёқмайди ўқувчига. Ёзувчи ҳикоя ёзибгина ўз кўнглини, юрагини бўшатмайди, балки, ўша ҳикоянинг ичида яшаб асар яратади. Асар мақомини олган ҳар қандай Яратиқда унинг ижодкори юраги уриб туради.
              ***
Ҳикоямдаги персонажлар баъзида мени ўзига яқинлаштиришмайди, юрагини очишмайди. Ҳикояга киришим лозим эшикларни ёпиб қўйишади. Шунда англаб қоламан, бу ҳикояни ёзишга ҳали тайёр эмасканман...
               ***
Айрим пайтларда асарингдаги қаҳрамонлар сен билан баҳслашишади, қарашларингга қарши чиқишади, сен кўрсатган йўлдан юрмасликка ҳаракат қилишади. Баъзида улар ҳикоя йўлини, ечимини сен кутмаган томонга буриб юборишмоқчи бўлишади. Агар қалб нигоҳи билан қарасанг, ҳис қилсанг, уларнинг кўрсатган йўли анчагина мақбул ҳамдир ва ҳикоя ажойиб, тус-тугал ечимга эга бўлади. Бу сенинг инон-ихтиёрингдан, измингдан ташқарида юз беради. Илоҳий илҳом туфайли тирик асарнинг юзага келиши шундай тарзда ҳам намоён бўлиши мумкин.
              ***
Ёзувчи персонажларини алдаб, ёлғон гапиртириб ўзига бўйсиндирмаслиги керак. Агар шундай қилинса, асардаги бадбўйлик кўнгилни айнитади.
                ***
Мен ёзмадим — мен яшадим, дейди чин адиб. Қаерда яшаганини эса унинг ёзганларини ўқиб ҳис қиласиз.
                 ***
Ҳар куннинг моҳиятини англаган ижодкор ҳар куни битта ҳикоя ёзиши мумкин. Бунинг учун ўша моҳиятнинг қаърига кира билиш керак.
                   ***
Сиз ёзинг. Персонажларингизни гапиртирманг. Уларнинг ўзлари гапиришсин. Сиз ёзинг, персонажларингизга кулги бўлишдан эҳтиёт бўлинг, фақат. Нима деганимни тушунмадингизми? Унда Сиз билан ёзиш ҳақида суҳбатлашишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.
                     ***
Бир ҳикоянинг охирида икки-уч ечим кўринмаса, ёзишга уринмай турган маъқул.
                     ***
Ўзингиз яратган қайғули ҳикояларни ҳар гал ўқиганингизда ўзингиз ҳам йиғлайсмизми? Ич-ичингизда оғриқлар туғён урадими? Ундай бўлса, Сизни табриклайман, таъзим қиламан. Сиз чинаккам адибсиз!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот