Онамдек куюнчагим


* * *
Мана турна қайтди, қайтди қумрилар,
Қай дарахт йиқилди, қай тош сурилди,
Бошга тушганини кўз-ла кўрилар,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Қай кун турна қайтди, онам қайтмади,
Кўнгли ярим-ку, деб ҳеч ким айтмади.
Дунё васлу, видо учрар байтмиди,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Умр — маҳзунгида матал, кутайлик,
Эшиклар ёнида маҳтал, кутайлик,
Турналарни тўрткўз тугал кутайлик,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Мен кўнглимнинг қули, ўзинг ҳушёр бўл,
Менга тош отсалар, тани девор бўл.
Дўстим, сен ўлмагин, ёнимда бор бўл,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Изласак — анқо не, анқо топилар,
Ҳар кимга бир жони фидо топилар,
«Одам топилмайди, дунё топилар»,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Гоҳ билиб-билдирмай ўтар одамлар,
Сувга кетган каби кетар одамлар,
Дунё барчамизга етар, одамлар…
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

   Онамдек куюнчагим, сирдошим, дарддошим, дуогўйим - бугунги айёмингиз муборак бўлсин! Меҳрингиз дарёдан зилол, суҳбатингиз ҳикмат, дуру жавоҳир..
   Устоз, ўзингиз айтгандай доим омон бўлайлик. Бахтимизни кўринг, шодлигингизни кўрайлик. Умрингиз узоқ бўлсин, сизни жуда яхши кўрамиз!

Маҳфуза Имомова.