МАҲОРАТЛИ МУСАВВИР ЁНГИНАМИЗДА


   Бугун кўзимнинг оқу қораси, ёлғизгинам, суянганим ўғлим КЕНЖАБЕКнинг туғилган куни. Илоҳим ўзи орзу қилганидек буюк рассом бўлсин! Чизган расмлари дунёдаги барча мамлакатларнинг санъат кўргазмаларидан жой олсин!
   Кенжабек Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактабининг расомчилик йўналишида ўқиди. Илк маротаба у бу ерда устози Муяссар Эгамовадан рассомчилик йўналишидан сабоқ олди. Муяссар опа ўқувчиларнинг қўлларига мўйқалам тутқазиб рангларнинг сеҳрли дунёсига олиб кирди.
   Кенжабек биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган ўқувчилар орасидаги “Соғломжон-полвонжон” спорт мусобақасида қатнашиб ғолиб бўлди. У фахрий ёрлиқ ва теннис ракеткаси билан мукофотланди. Унинг чизган суратларини Германияда ўтказиладиган танловга жўнатишди. Шундан сўнг унинг чизган расмлари Ҳиндистон, Индонезия, Япония ва Франция мамлакатларига ҳам юборилиб бир қанча мақтов ёрлиқларига эга бўлди.
   2010 йил Кенжабек учун ёдда қоларли йил бўлди. Чунки шу йили у “Янги авлод” Республика танловида ўзининг ранг-баранг чизган расмлари билан қатнашиб лауреат бўлди. Диплом билан тақдирланди. 2011 йилда эса “Гўзаллик оламни қутқаради” танловида ҳам қатнашиб “Дўстлар” номли композициясини чизиб, биринчи ўринни олишга муваффақ бўлди.
   2011 йилда у яна илк расмлар кўргазмасини Самарқанд шаҳар Боғишамол тумани 54-ўрта мактабда ўтказди.
   Ёз фаслидаги таътилни у Самарқандда ўтказишни хуш кўради. Чунки Самарқанднинг бой маданий меросини ўрганиб, уларни қоғозда акс эттиради. Регистон майдонига бориб, у ердаги устозлари Толмас Ислом ўғли ва Аҳмад Умаровдан хам расм чизиш сирларини ўрганди. Мактабида эса Жамол Жалилов унга расм чизишнинг сир-асрорларини ўргатиб борди. Синф раҳбари Шаҳноза Бикова истеъдодли ўқувчиларини доимо рағбатлантириб кўтаринки кайфият бағишлаган. Мактаб директори Сами Содиқов эса ўқувчиларга барча шарт-шароитларни яратиб беришга кўмаклашган.
   Кенжабек Ҳамдамов ўқишини Республика Рассомлик коллежида давом эттирди. У ерда республика бўйича ўтқазилган “Биз одам савдосига қаршимиз” расмлар кўрик танловининг ғолиби бўлиб сертификат ва совғалар билан тақдирланди. Ўғлим санъат институтига контаркт асосида ўқишга кирди. Аммо контракт пулини тўлай олмадим...
   Мен шундай истеъдодли ва иқтидорли ўғлим билан ғурурланаман.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.
Кенжабек Хамдамов чизган суратлар.