Абдураим Абдуваҳобов (1963 - 2020)


  Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устоз санъаткор - Абдураим Абдуваҳобов Абдуллахаевич 1963 йил 8 Март куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1984 йили М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтини "Драма театри актёри” факультетини битириб, Миллий театрда 1991 йилдан вафотига қадар фаолият юритган. 2002 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан мукофотланган. 2014 йили "Дўстлик” ордени билан тақдирланган. А. Абдуваҳобов актёрлик фаолияти давомида 100 га яқин саҳна асарларида турли характердаги кишилар сиймосини гавдалантирди. Жумладан, "Алишер Навоий”да Абулвосе, "Афандининг беш хотини” да йигит, "Унсиз фарёд”да Кинорежиссёр, "Соҳибқирон Темур”да Дарвеш, "Шум бола”да Бой ота, "Меҳробдан чаён”да Баҳромбой, "Кулойим”да Қирол, "Уфқ”да Аскар, "Чимилдиқ”да Куёв, "Эшик ортидаги ҳаёт”да Равшан, "Кундузсиз кечалар”да Тенгдош, "Пири коинот”да ал-Ёқуб, "Етти фарёд”да Йўловчи, "Қирол Лир”да Масхара, "Энага”да Энага, "Бир кошона сирлари”да Бўривой, "Ўтган замон ҳангомалари”да Ҳасан Кайфий, "Гамлет”да Озрик, "Андишали келинчак”да Қоплонбек, "Макр ва муҳаббат”да Миллер, "Дадажон демайман”да Ҳикмат, "Олтин қиз”да Ботир, "Жаҳон Отин Увайсий”да Ҳасан Охун баққол, "Бевалар”да Сапар оға, "Ўзбекча рақс”да Тоға, "Омад биз томон”да Баҳром, "Имкон”да Паттаев, "Тили асалим”да Ота, "Рустам”да Холматов каби спектаклларда ранг-баранг образлар яратиб, мухлислар ва ҳамкасбларининг олқишига сазовор бўлиб келган. У кинода ҳам салмоқли образлар яратган. "Шум бола”да Қоравой, "Суюнчи”да Абдулла, "Тиниқ булоқлар”да Илҳом, "Шайтанат”да Бўтқа, "Муҳаббат синовлари”да Маҳкам ака, "Муҳаббатимсан”да Машариб, "Родина ждёт”да Шайиф, "Суғдиёна”да Адвокат, "18 квадрат”да Ҳоким, "Дада”да "Меҳрибонлик уйи" директори, "Сардор 2”да Ҳайдовчи, "Ака хизматингизга тайёрман”да Раис, "Севаман дедимми, Севаман!”да Ота, "Ҳаёт жилғалари”да Баҳром, "Ўзи уйланмаган совчилар”да Ота ва бошқа кўплаб бадиий фильмларда турли-туман образларда намоён бўлган. "Лаззат”, "Галина Бланка” каби кўрсатувларда бошловчилик қилган. Телеминиатюра ва новеллаларда суратга тушган. А. Абдуваҳобов халқ севган актёрлардан ҳисобланади. 
  Абдураим Абдуваҳобов 2020 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот