АЁЛ ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ


АЁЛ ҚАДРИ, ОБРЎСИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ ЮКСАКЛИК САРИ БЎЙ ЧЎЗАДИ

  Оқила ва зарифа аёлларимиз уйғоқ экан, кўнгилда хотиржамлик, оилаларда файз, юртимизда яшаш ва яратиш завқи сўнмайди. Ҳар йилги баҳор миллат аёлининг кўксига қувонч, ишонч, умидворлик, улуғворлик ва масъулиятни қадайди.
  Ҳамиша ва ҳамма даврларда ҳам тараққиёт пойдевори ўзини унутиб, ҳамиша ўзгаларга яхшилик соғиниб яшайдиган, эл тинчлиги, юрт тараққиёти, миллат маънавияти, соғлом авлод камолоти учун хизматга шай бўлган инсонлар ҳаракати ва меҳнатлари эвазига қад ростлайди.
   Зеро, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаётган аёллар бугунги кун қаҳрамонларидир.
   Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни “Аёллар дафтари” орқали манзилли қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан биридир.
  Шу ўринда бир ҳаётий мисолни келтириб ўтмоқчиман. Қашқадарёлик тадбиркор аёл Саломат Комилова ҳақида "Саодат" журналимиз саҳифасида мақола берилди. Қаҳрамонимизнинг таъкидлашича, тадбиркорликни илк бошлаган кезларида опа ўзи учун бир дафтар юритиб, қишлоғидаги ёлғиз ва кам таъминланган оилаларга даромадидан баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиб юраркан.
  Бугунги тезкор замонда руҳиятимизда ўзгариш сезилди, ҳаётимизга турли ёт ғоя лар, бузғунчи мафкуралар соя сола бошлади.
  Бу эса, энг аввало, оилага ўз таъсирини ўтказа бошлади. Зотан, давлатимиз раҳбари “...Ҳозирги замонда маънавий нуқтаи назардан “ухлаб ётиш”га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади. Яна бир бор айтаман, дунёдаги қалтис вазият, сиёсий “ўйин”лар барчамизни сергакликка ундаши керак. Жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда, йўлимизни тўғри танлашимиз зарур”, дея куйиниб гапирганди.
  Бугун дунёда манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Улар эса инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.
  Биз танглайи меҳр-оқибат, эзгулик, меҳнатсеварлик билан кўтарилган халқмиз. Шажараси буюк, дунёга илм машъалини ёққан миллатмиз.
  Ўзини таниган, ўзлигини англаган аждодлар ворисларимиз. Юқоридаги ҳолатларга қарши тура олиш учун давлатимиз раҳбари обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилишни таклиф этди ва “...Бу ҳаракат том маънода “маҳалланинг виждони”га айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди”, — дедилар.
  Оналарга бўлган самимий эътирофларини тинглар эканман, тунлари бешикда ётган укамга алла айтиб кашта, камалак ранг сўзаналар тиккан, “чарчадим” демасдан бир этак болага эртак, достонлар ўқиб, уларнинг юрагига эзгулик ниҳолини қадаган онам ва барча оналар кўз олдимга келди.
  Иккинчи жаҳон урушида жанг жадаллаб бораётган пайтда ҳам момоларимиз қўл қовуштириб ўтирмаган, далага чиқиб меҳнат қилган, ҳатто сандиғидаги мерос — зеб-зийнатгача “аскарлар учун” деб бериб юборган. Ўзи бўз кўйлакда, бир тишлам зоғорага зор қолган пайтларида ҳам бола тарбия қилган. Тол шохига илинган беланчаклар устидан ёғилган оғулар оналар юрагини қонатган паллада ҳам қўш ҳўкизга қамчи уриб, ердан дон ундирган.
  Бугун давр ўзгача, қарашларимиз ўтли, қадамларимиз дадил, юрагимизда умид ва фахр.
  Жаҳон майдонларида ғолибликни қўлга киритиб, юрт байроғини кўкка кўтараётганлар орасида опа-сингилларимиз ҳам борлиги ғуруримизни осмон қадар кўтаради. Табиатан аёл зоти юртни бирлаштиришга, одамларнинг дардини тинглаш, оғирини енгил қилишга мойил бўлади. Унинг юраги меҳр-муҳаббат ва самимият туйғулари билан жўшиб туради. Аёллар бу олижаноб туйғу билан қай бир ишга киришсалар, ғайрат ва шижоатларини аямайди.
  Ёдингизда бўлса “Суюнчи” фильмидаги Анзират момо кайвони онахон ва отахонлар билан бирга қишлоқ кезади. Кимнинг бўйи етган қизи бор, ким касал отасидан хабар олмаяпти, кимнингдир дарвозасига қулф солинганию, ким оиласига бефарқлиги, бузилган кўпригу ботқоққа ботган кўчалар — ҳамма-ҳаммасини билади, қайғуради, кўплашиб ечим топишга ҳаракат қилиб қишлоқнинг виждонига айланади. Бугун бизнинг ана шундай кайвони оналарга эҳтиёжимиз бор.
   Оила тинч бўлса, аёл бахтли, бахтиёр оналар кўп бўлса, рози бўлса, қадим юртнинг қадди букилмайди, қадри тўкилмайди... Ҳар яхши иш бошида, ҳар эзгу сўз дебочасида кайвони онамнинг хотиралари ёдимга келади...
— Ўша йиллар ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бетоб бўлиб қолган дадамнинг аҳволи яхшиланмади. Тўшакка михланиб қолди. Шифо истаб бош урмаган эшик, бормаган табиб қолмади. Ҳар куни тонгда дадам ётган уйга оёқ учида кириб салом берардик. Онам қайрилиб қарашга ҳоли йўқ дадамнинг бошида тун-кун андармон эди. Рўзғорбоши беш-олти йил ётиб қолганидан кейин нима бўлгани ҳаммага аён. Бир этак бола, тўнғич акам ҳам тиббиёт институтида талаба эди. Онам бояқиш жонини мингга бўларди. Аввалига сигир-бузоқлар сотилди. Кейин товуқлар...кейин... Бир акам новвойга, бир акам косибга, бириси ошпазга шогирд тушди.
  Бир куни Абдужалил бобом (онамнинг отаси) эшикдан сигир етаклаб келди. Онамга, “Болдираб турибди, бугун эрта туғиб берса болаларингни оғзи оққа тегади, бировга рангинг сарғаймайди, қизим”, — деди босиқлик билан. Бир оз суҳбатлашиб ўтиргач, бобом уйга қайтди. Ҳаммамиз қувониб сигир атрофида гирён бўлардик. Аммо онамнинг кўзларида ёш кўриб қўлидан тутдим, “Умидим бор, даданг албатта, оёққа туради. Шунча фарзанд берган Эгам, уларнинг ризқи-насибаси билан яратган. Эртами ё кеч буни билиб қолса, ўкиниб дардига дард қўшилармикан...”, деди титраниб. Қалдирғочнинг полапонига ҳам нон чайнаб едирган, илоннинг ҳам инига ун қўйиб сийлаган, чумолининг ини бузилмасин, деб дуо қилган, нон ёпса қўшнининг ҳаққини эсдан чиқармаган, сал нари кетса уйини тушида кўрадиган онамнинг ҳар сўзи оиламиз учун қўрғон эди. Ана шу муқаддас қўрғонимни соғинганимда ушбу мисраларни шивирлайман:
Шукр, баҳор шивирлар яна,
Шовуллаган боғларда изим.
Ниҳолларим бўй чўзди, мана,
Андижонда қолган илдизим...
  “Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир”, деб ёзган эди буюклардан бири. Бу қисқа ва лўндагина иборада аёлнинг дунё саҳнида тутган ўрни, унинг зиммасидаги шарафли бурч ва улуғ масъулият том маънода ўз ифодасини топган. Тарихий манбалар ҳам миллат кучи, Ватан озодлиги ва инсонлар бахт-саодати шу мунис зотларнинг баркамоллиги билан белгиланганидан шоҳидлик беради. Агар сиз бирор-бир хонадонга меҳмонга борсангиз сизни остонада қарши олган аёлга боқиб, ўша хонадонга баҳо бера оласиз. Агар бу ҳолни жамиятга менгзайдиган бўлсак, аёллари ҳур ва эркин, заковатли, тафаккури кенг, одил ва закий, фидойи ва салоҳиятли бўлган давлатнинг эртаси порлоқ, ютуқлари бисёр, маънавиятда юксак, фаровонликда илғор бўлиши, шубҳасиз.
  Қаердаки, аёлнинг қадр-қиммати, обрў-эътибори юқори бўлса, ўша ерда миллатнинг қадри, куч-қудрати ҳам юксаклик сари бўй чўзади.

  Мунаввара УСМОНОВА - “Саодат” журнали Бош муҳаррири, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот