Швейцариялик ўзбек раққосаси


Каримберди ТЎРАМУРОД

   Бугун бизнинг оилавий дўстимиз, бутун дунёда ўзбек рақс санъатининг тарғиботчиси ва жонкуяри Катя Даниелланинг туғилган куни.
   Катя Цюрих шаҳрида туғилган. Ўзбекистонни бир кўриш орзусида келиб, юртимизни, унинг одамларини, санъатини бир умр севиб қолди. Рақсларимизни қаттиқ яхши кўрганидан 1994 йилда Хореография билим юртига ўқишга кириб, 1997 йилда уни тамомлади ҳам. Розия Каримова, Қундуз Миркаримова, Насиба Мадраҳимовалардан рақс сирларини ўрганди. Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига бориб, ўша ерларнинг рақсларини ўрганди ва қойилмақом қилиб ижро этди.
   Катя ўз юртида ҳам рақс тўгарагини очиб, Швейцариялик қизларга ўзбек рақсини ўргатди. Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлиб, ўзбек рақс санъатини тарғиб қилди, борган жойларида ўзбекча рақсларни намойиш этди, ўргатди.
   Катя туғма сайёҳ, у дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлади ва жуда кўп тилларда гаплаша олади. Энг қизиғи, Катя ўзбекчани бизга ўхшаб, ўрисча сўзларни қўшмасдан, “тоза” гапиради. Чертиб-чертиб гапиради. Ўзбекча қочиримларни ҳам ўрганиб олган.
   Биз Катя билан унинг саёҳатлари, тил ўрганиши ҳақида кўп гаплашганмиз. Швейцарияда яшаган киши 4-5 тилни билиши табиий, аммо 20 дан ортиқ тилни билиш...
–  Кўп тилларни биламан, аммо бирортасини китоблардан, лўғатлардан, тил ўргатувчи машғулотлардан ўрганмайман, – дейди Катя. – Мен қайси миллатнинг тилини ўрганишни истасам, ўша миллат яшайдиган мамлакатга кетаман. Улар билан яшайман. Ҳар қандай тилни энг узоғи билан олти ойда ўрганиб оламан.
– Саёҳатларингиз режасини қандай белгилайсиз? – деб сўраганман.
– Одатда, режа тузмайман, глобусни айлантираман ва кўзимни юмиб, бирмоғим билан глобусни тўхтатаман. Бармоғим қайси шаҳарнинг ёки қайси мамлакатнинг устида турган бўлса, ўша ёққа йўл оламан.
   Бармоғи кўрсатаверганидан Катя Европани ҳам, Американи ҳам, Африкани ҳам, Марказий Осиё давлатларини ҳам кезиб чиқди. Ҳатто уйғурлар билан бирга яшаб, уйғур рақсларини ҳам ўрганиб олди. Ҳиндистонда уларнинг қадимий рақсларини ўрганди.
   Буни қарангки, бир сафар бармоғи кўрсатган Афғонистоннинг тоғли Бадахшонига бориб қолди. Ва ўша ердаги бир йигит унинг саёҳатларини тўхтатишга аҳд қилди. Аммо битта ўғилли бўлиб ҳам Катя бир жойда муқим қололмади. Афғон йигит нимагадир Швейцарияга боришни истамади, тоғларидан ажралгиси келмади.
   Ҳозир Катянинг ўғли Хуршид етти ёшда. Улар ҳозир Цюрихда яшаяптилар. Энди Хуршид ҳам онаси билан бирга саёҳат қилади.
   2020 йил коронавирус балоси Катянинг ҳам режаларини ўзгартириб юборди, у ўзи севган Ўзбекистонга кела олмади. У Ўзбекистонда бўладиган бирорта санъат фестивалларини, катта кўрик-танловларни қолдирмасдан келарди. “Шарқ тароналари” Халқаро фестивалини кўриш учун ҳар гал Самарқандга келарди. 
   Катя 2021 йилда албатта Ўзбекистонга, бизникига ҳам келишни режалаштирган, Хуршид билан! 
   Катяни туғилган куни билан оиламиз ва санъатсевар ўзбек халқи номидан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз! Уни Ўзбекистонда кутамиз!