Шароф Бошбеков таваллуд топган кун (1951 - 2022)


  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, драматург - Шароф Бошбеков 1951 йилнинг 4 январида Самарқандда дунёга келган. 
  Санъат институтининг мусиқали актёрлик бўлимида таҳсил олган. Муқимий номидаги мусиқали театрда, Сирдарё вилояти театрида актёр сифатида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1983–1985), Ўзбекистон Миллий давлат академик драма театрида (1986–1987) адабий ходим бўлиб хизмат қилган. Шароф Бошбеков дастлаб ҳикоя жанрида ўз истеъдодини синаб кўрган. Шароф Бошбековнинг «Г» варианти» (1981), «Ғурур» (1982) «Жумбоқ» (1986) каби ҳикоялари юзага келган. Шундан сўнг унинг ранг-баранг мавзудаги саҳна асарлари яратилди. Шароф Бошбеков «Тушов узган тулпорлар» (1983) ҳамда «Эшик қоққан ким?» (1987) каби комедия, «Темир хотин» (1989), «Қасосли дунё» қисқа метражли фильм сценарийсини ёзган. Шунингдек, «Эски шаҳар Гаврошлари» (1998) каби жиддий комедия яратди. Сўнгги вақтда унинг «Тақдир эшиги» драмаси майдонга келди. Айниқса, «Темир хотин» пьесаси адибга катта шухрат келтирди. Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда умумлаштириб берилган. Адибнинг шу асари асосида кинофильм ҳам яратилди (1990). Шунингдек, у «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этган. У «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилган. «Чархпалак» номли 60 лавҳали видеофильмнинг ҳам муаллифидир. Шунингдек, «Тентак фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарларини ёзган. Унинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М. Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ деб топилган. 
  Шароф Бошбеков 1990 йилда Давлат мукофотига, 1999 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган. Шунингдек, 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
  Шароф Бошбеков 2022 йилнинг 26 январь куни вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот