Хайрлашув ва хушлашув симфонияси


     Оралиқда турибман. Бир қўлимдан Ўтаётган йил тутган, бирига эса Янги йил қўл чўзаяпти. Кетаётган йилни ҳам қўйворгим келмайди; унда қанча шодликлар, омад, ижод завқи, муваффақиятларни туйдим, дўстлар орттирдим. Номардларни ҳам кўрдим, ортимдан тиғ урганларлар бўлди. Қайғулар ҳам дуч келди, яшириб нима қилдим, озор чекишлар ҳам бўлди, лекин нима бўлганда ҳам ўтаётган йилим мени Янги, Келаётган йил остонасига соғ-омон олиб келди, 2019 йил мени ўз бағрида омон асради. Менинг иродам ва шиддатимни дўсту душманларимга кўрсатиб қўйди.  Раҳмат Сенга Кетаётган йил, биз ғалаба қилдик. Ассалому алайкум, Келаётган йил, кел қўлларингни бер, Сен билан биз кўп эзгу ишларни бажарамиз, бирга ижод қиламиз,  Сен омадга бой йил эканлигингни кўрсатасан, мен эса бу дунёда борлигимни исбот этаман. Фақат биргина тилагим, элим ва юртим тинч, халқим осойишта, фаровон яшасин, ҳар бир инсон ниятига етсин, одамлар бир-бирини севсин, ардоқласин, бир-бирини хафа қилмасин. Хуллас, халқимни ҳам, мени ҳам хафа қилма Янги йил. Ишон, мен сенга ёниқ қалб ва ёниқ ижод билан кириб бораман. Барчамизга яхшиликлар келтир. Хуш кўрдик, Янги йил!

     Қўчқор Норқобил - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи, драматург, "Инсон ва Қонун" газетасининг Бош муҳаррири.