БОТИНДАГИ ТЎФОН


Ботиндаги тўфон

     Ҳамманинг кўнглига урган адабиёт ва матбуотда иккиюзламачиликдан воз кечиб, сохта ниқобларни йиртиб (айниқса, шу кунларда ижод ўта шахсий ва нозик иш бўлиб қолган пайтда) ниқобланмаган, «дипломатик» муғамбирликдан холи очиқ, ҳалол, тўғри сўз айтишни ўзи бўлмайди. Хушомадгўйлик, тилда мискинлик ҳукм сурган адабиёт, матбуот эркинлиги ҳақида қанча гапирмайлик, у «тўраларча анархизм»га қарши туролмаса, фикримиз мунофиқликдан бошқасига ярамайди.
     Ёзувчи ва журналист Музаффар Муҳаммадназарнинг «Сўнгги манзил» китобини ўқиб қалбимдан шулар кечди. Бугун таъмагирлик ва сотқинликка қарши туролмаган публицистикани меъдамиз кўтармайди, тош-метин марксистлар замони ўтди, ҳақиқатдан бошқасини ҳазм қилолмаймиз. Фикр ва танқид эркинлиги ҳар кимга ёзиш ва сўзлаш ихтиёрини берган экан, бунга эришиш ўз қўлимизда. Музаффар Муҳаммадназар қаҳрамонлари ҳам сўз ва матбуотни тўла эркин бўлиш тарафдорлари. 
     Очиқ айтиш керак, кўпгина истеъдодли ижодкорлар шу пайтгача (ҳозир ҳам) ўз ношири, яъни, фақат маиший мавзуларга ишқибоз «саҳна»ларни кўрсатишни талаб қиладиган китобхонларига қарам эди.
     Китоб муаллифи мақолалари, очерклари ва суҳбатларида шу қарамликни очиқдан-очиқ фош қилган ва йиртиб ташлаган. Аслида ҳам ижод эркин бўлиши керак. Чунки адабиёт айш-ишрат кўнглига урган хонимларга ёки пулдорга, пулга хизмат қилмайди. У бутун инсоният қалбининг кўзгуси, унда намоён манзаралар ўтмиш ва келажакни кўрсатади.
     Шу ўринда ўзбек адабиётини кўплаб ҳикоя ва қиссалари билан бойитиб келаётган ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош билан бўлган суҳбатдан бир парча келтирамиз: «Гомернинг «Одиссея»сида фантастика унсурлари қанча  кўп учраса, «Алпомиш», «Гўрўғли»да ҳам кўп. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги «ойнаи жаҳон»ни эсланг. Орадан асрлар ўтиб муқобили телевизор яратилди. Кейинги йилларда фантастика олди-қочди, сершовқин «бозор адабиёти»нинг кўланкасида қолиб кетди. Ноширлару газета-журналлар эътибор бермай қўйди, тўғрироғи, «бозорбоп эмас» деган тамға қўйиб олишди...»
    Журналист суҳбатдошини фантастика жанри йўқолиб бораётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазага чорлаганда яна бир ҳақиқат очилади. Кейинги пайтда газета, журналлар, ижтимоий тармоқларда чоп этилган ижодий ишларнинг ғоявий-назарий савиясига нисбатан талабчанлик сезилмайди. Ноширлар тақдим этаётган китобларда имловий хатолардан тортиб бадиий маҳоратигача жиддий камчиликлар бор. Тақризлар юзаки ёзилган. Бу асарнинг реал аҳамияти ва қиммати тўғрисида тасаввур бермайди. Шундан ёзувчи ўзи ҳам устозларимиз Ҳ. Шайхов бу жанрнинг оммалашига, яхшидан-яхши асарлар яратилишига, ҳатто пойтахтимизда фантастик ёзувчиларнинг катта-катта анжуманлари ўтказилишига муносиб ҳисса қўшганларини армон билан эслайди.
     Сир эмаски, адабиёт, кино, театр, мусиқа, тасвирий санъат бир-бирига боғлиқ. Хонатахта фильмлар, қайнона-келин машмашалари, эр-хотин можароларидан баландроқ кино, саҳна асарлари яратиш учун замиридаги бадиий асар бақувват бўлиши керак. Бўлмаса, санъаткор ҳам муқаддас саҳнада шарқона пардани кўтариб ишқий саргузаштларни олиб чиқишни истаган томошабинларига қарам бўлиб қолаверади.
     Актриса Клара Шодибекова билан бўлган суҳбатда  «Номинг ўчсин Герострат» спектакли ҳақида тўхталади. Инсоннинг ўзини кўрсатиши, арзимаган нарса билан бўлса ҳам ном чиқариш, тарихда номим қолсин, деб бўлмағур ишларни қилиши теран очиб берилган.
    Севимли санъаткоримиз Роза Каримова ҳам шундай ҳикоя қилади: «Бир таниқли журналист тўй қилди. Эргаш акани таклиф этганда, рад этдилар. У ҳа, энди биз кичик одаммиз, каттаконларга хизмат қиласиз-да, деб чиқиб кетди. У пайтлар санъаткорни тўйга чиқиши уят эди. Орадан кўп ўтмай, ўша журналист бир мажлисда танқид қилиб қолди: Эргаш ака, нега «Телевизион миниатюралар театри»га фақат хотинини чақиради? Роза Каримованинг мутахассислиги нима? Актрисами ёки режиссёр?.. Нега қариндош-уруғчиликка йўл қўймоқда?..
     Ҳамма жим. 
     Зулфия опа «Саодат»га мақтаб чиқаргач, юзимиз ёруғ бўлди...»
     Бугун нашриёт, омборхона, китоб дўконлари, кутубхоналарда ўқилишини кутиб қанча асарлар босилиб ётибди. Ижтимоий тармоқлардаги китобфурушлик (сўз чайқовчилиги)ни айтмасаям бўлади.
     Музаффар Муҳаммадназар адабиёт ва санъат, кино, театр, телевидение умуман, ижод соҳасининг таниқли вакилларини  китобхонлар, томошабинлар дидини юқори чўққиларга кўтариш мақсадида суҳбатга чорлайди. Бунга эришади ҳам. Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош билан бўлган суҳбатда яна бир муҳим оғриқни ўртага ташлайди: «Бугунги сценарийчиларга келсак, назаримда улар маслаҳатга зор эмас. Аллақачон бир неча битиги кино бўлган, бунинг устига ҳормас-толмас «сериалчи»лардан кетма-кет буюртма олиб турган ёзарманларга нима ҳам дердим? Аммо майли, бундоқ сценарийчиларга соҳанинг олтин қоидасини яна бир эслатиб ўтайлик. «Кино  -- бу сценарий ва яна сценарий». Бежиз Голливудда тузук сценарий икки йил ёзилиб, кино икки ойда суратга олинмайди. (Бизда эса акси). Шундай экан, ёзувчи, сингилларимиз ўзларига нисбатан талабни анча оширишлари, зиммаларидаги масъулиятни теран ҳис этиб қоғоз қоралашлари  лозим. Табиийки, ўқиш, кўп ўқиш лозим. Бугун интернетдан энг яхши классик фильмларнинг сценарийларини олиш мумкин, уларни олиб қунт билан ўрганиб чиқилса, ўзларининг ёзганлари билан солиштириб кўришса яхши бўларди».
     Албатта, бу сўзлар ижод оламига энди кириб келаётган ёшларни бироз чўчитиши мумкин, аммо адабиётни юксак санъат, деб билганлар учун фойдали йўриқнома.
     Журналист Музаффар Муҳаммадназар «Сўнгги манзил» китобида адабиёт ва санъат оламида жуда камдан-кам сўз очиш мумкин бўлган мулоҳазаларни аниқ ўртага қўйиб, суҳбатдошлари орқали ҳал қилишга ҳаракат қилади. Бу тўплам бўлажак журналист, шоир, ёзувчилар учун тайёр қўлланма, десак муболаға бўлмайди.

Адиба УМИРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот