Мирза Азизов хотирасига


   Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов номидаги мукофот, “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони совриндори, Муқимий номли Ўзбекистон Давлат мусиқали театри директори - Мирза Азизов 1963 йил 22 май куни Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. 1987 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатган.
     Мирза Азизовнинг театр ва кино соҳасида меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, 1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2015 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.
     Бетакрор истеъдод соҳиби, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ўзбек театр ва кино санъатида ўчмас из қолдириб келаётган устоз санъаткорлардан. Актёр яратган бир қатор фильм ва спектакллар бизга яхшилик ва ёмонликдан сабоқ беришда давом этиб келмоқда. Шунингдек, ўзига хос характерли образлари билан минглаб мухлислари юрагини забт этган.
   Мирза Азизовнинг отаси Мамаджон ўз даврининг мумтоз қўшиқларини маромига етказиб куйловчи хофизи бўлган, онаси Мухаббатхон ая эса уй бекаси эди. Ўқувчилик давридаёқ отасидан шошмақомни, устози Собирхон хофиздан “Баёт -1”, “Баёт – 2”ларни ўрганган. Болалигиданоқ санъатга бўлган ҳавас уни Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига етаклади. Келажакда қўшиқ ижро этишдан узилиб қолмаслик учун ҳам айнан мусиқали драма актёрлиги бўлимини танлади. Институтда вокал санъати бўйича устозлари профессор Саидазим Муродхонов ва Асад Абдиевлардан сабоқ олди.
   Ҳарбий хизматдан қайтгандан сўнг ижодининг бошланғич йиллари Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ўтади. У ушбу театрдаги узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида “Юсуф ва Зулайхо”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нодирабегим”, “Алпомишнинг қайтиши”, “На малакман, на фаришта”, “Топталган туйғу”, “Медея”ва яна кўплаб спектаклларда роллар ижро этди. Ўзбек театри тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган бу асарларда Баҳодир Йўлдошев, Валижон Умаров, Аҳад Фармонов, Рустам Маъдиев, Баҳодир Назаров, Маҳмуджон Ғофуров, Суръат Пўлатов,Файзулла Аҳмедов сингари кўплаб устозларидан олган саҳна санъати сабоқлари катта ёрдам берди. Шунингдек, бир-биридан тамомила фарқ қиладиган инсонлар қиёфасининг яратилишида ижодкордаги бетакрор истеъдод ва касбга фидойилик ҳам муҳим ўрин тутди.
   1996 йили ЮНЕСКО ташаббуси билан Парижда ўтказилган Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган “Темур салтанатида шоир ва шоиралар” спектаклида Мавлоно Лутфий, 1997 йили Парижда намойиш этилган “Ипак йўли” спектаклида Карвонбоши ролларининг моҳир ижрочиси сифатида ўзбек халқининг бой тарихи ва саҳна санъатини намойиш этди.
   Театр катта меҳнат талаб қиладиган ижод майдони. Тинимсиз изланиш ва ўқишни талаб қилади. Мирза Азизов режиссёрлик санъатида ҳам ўз маҳоратини намоён қилиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук спектакллар саҳналаштирди. Унинг “Тўда” спектакли 2005 йилда Коҳира шаҳрида ўтказилган театрлар фестивалида тўқсон тўртта давлат ичидан лауреат бўлди.
   Ижодкорнинг театр ва кино соҳасида меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб,   1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2015 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланди.
   Эл юрт ҳурматига сазовор бўлган инсонни жамоада ҳам эъзозлашади. Мирза Азизов 2016 йили 1 мартдан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг директори этиб тайинланди. У раҳбарлигида театр чиндан ҳам ривож топди. Ташаббускор ва ташкилотчи раҳбарнинг тиниб-тинчимаслиги, маъсулиятни чуқур ҳис қилиши, тиришқоқлиги театр ижодкорларига ҳам ўрнак бўлган. Жумладан, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрнинг маҳоратли актёри “Шуҳрат” медали соҳиби Расулхон Қодирхонов устоз ҳақида шундай дейди:
  • Устозни театрга ишга келганимдан буён яқиндан биламан. Мирза ака доим эл ишига камарбаста, қатъиятли ва шижоатли инсон эди. Улар томонидан саҳналаштирилган қатор спектакллар билан қўшни республикаларда гастрол сафарларида бўлиб қатор муваффақиятларга эришдик, шунингдек, Қирғистон Республикаси пойтахти Бишкекда ўтказилган 8-АРТ ОРДО халқаро театр фестивалида драматург - Қўчқор Норқобил қаламига мансуб “Дилдаги доғ ёхуд қопқон” спектаклимиз билан “энг яхши спектакль” номинацияси бўйича диплом билан тақдирландик. Театримиз эришган ютуқларда устознинг ҳиссаси катта.
   Инсон қўлидан келганча ўзгаларга ёрдам бериб, уларни қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Фикримча,бу инсон умрига мазмун бахш этадиган асосий жиҳат. Устоз ҳам ҳаёти давомида имкон борича атрофдаги ҳамкасблари, дўст-ёр, биродарларига ёрдам бериб, оғир кунларида ҳамнафас бўлиб яшашга интилди. Раҳбарнинг жонкуярлиги туфайли театр биноси бошдан-оёқ таъмирланди, ижод аҳли ва ходимлар учун учун лойиқ шарт-шароитлар яратилди. Театрда бир қатор ижодкорлар Тошкент шаҳрида доимий руйхатдан ўтказилдилар ҳамда икки нафар актёр турар-жой билан таъминландилар. 
   Эзгуликга йўғрилган ҳаёти давомида Мирза Азизов ҳар қандай эътирофга лойиқ бўла олди. Устоз санъаткор жамоадошлари билан ҳамжиҳатликда ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик, санъат ҳамда маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида салмоқли ишларни олиб борди. Бунинг самараси улароқ 2019 йил бошида Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов адабиёт ва санъат йўналиши бўйича Қирғизистон Республикасида таъсис этилган Халқаро Чингиз Айтматов номидаги мукофотга сазовор бўлди.
     Ўзбекистон театр ва кино санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон  халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов мукофоти совриндори Мирза Азизовнинг хотираси қалбимизда мангу барҳаёт!

   Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг Матбуот котиби, журналист - Фируза ХОЛИҚОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот