Мирза Азизов таваллуд топган кун - (1963 - 2021)


    Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов номидаги мукофот совриндори, Муқимий номли Ўзбекистон Давлат мусиқали театрининг собиқ директори - Мирза Азизов таваллуд топган кун.
    Мирза Азизов 1963 йил 22 май куни Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. 1987 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатган. 1989 йили Муқимий номли Ўзбекистон давлат мусиқали театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинган. 

    Мирза Азизовнинг театр ва кино соҳасида меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, 1999 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2015 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.

    2016 йилдан  2021 йилгача Муқимий номли Ўзбекистон Давлат мусиқали театрининг директори сифатида фаолият кўрсатиб келган.
    Мирза Азизов фаолиятига назар солар эканмиз, унинг юксак даражадаги мусиқали театр актёри эканлигига амин бўламиз. Жумладан, “Юсуф ва Зулайхо” да Фиръавн, “Фарҳод ва Ширин” да Баҳром, “Нодирабегим” мусиқали драмасида Мадалихон, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклида Алпомиш, “На малакман, на фаришта” да Машраб, “Топталган туйғу” да Бойсоат, “Медея” да Креонт каби образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, томошабинларнинг меҳри ва эътиборини қозонган.
    1996 йили ЮНЕСКО ташаббуси билан Парижда ўтказилган Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган “Темур салтанатида шоир ва шоиралар” спектаклида Мавлоно Лутфий, 1997 йили Парижда намойиш этилган “Ипак йўли” спектаклида Карвонбоши ролларининг моҳир ижрочиси сифатида ўзбек халқининг бой тарихи ва саҳна санъатини намойиш этган.
    Мирза Азизов режиссёрлик санъатида ҳам ўз маҳоратини намоён қилиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук спектакллар саҳналаштирган. Унинг “Тўда” спектакли 2005 йилда Коҳира шаҳрида ўтказилган XVII Халқаро эксперементал театрлар фестивалида 94 мамлакат ичидан лауреат бўлган.
   Ижодкор “Синфдош”, “Осмонга сиғмаган қуш”, “Хасис бой ва хизматкор”, “Тошкентнинг нозанин маликаси”, “Уйғониш”,  “Лайли  ва Мажнун”,  “Занжирбанд қорқиз” сингари яна бир қанча спектаклларни саҳналаштириб, ўзбек мусиқий театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган.
    У кўплаб фильмларда етакчи ролларни ўйнаган. Жумладан, “Кўнгил кўчалари” сериалида Санжар, “Остона” да майор Мўминов, “Имом Бухорий” да хабаш, “Гулхан атрофидагилар” да Хазрат Қораевич каби роллари орқали миллий сериалларимизда ҳамда “Муҳаббат синовлари” фильмида Азиз Мирзаевич, “Тубанлик”да Турғун хожи, “Марғиёна” да темирчи, “Мурувват” да Қодир, “Мухаббатимсан” да Шухратхўжа, “Гумроҳлар” да Мирза Махмудов, “Новда” да бош врач сингари 50 дан зиёд киноларда асосий ролларни ижро этиб, халқимиз дилидан жой олган.
   Мирза Азизов 2014 йили “Эътироф” миллий мукофотининг “Йилнинг энг яхши кино актёри” номинациясига сазовор бўлган.
    Халқаро миқёсдаги муаммога айланган ислом экстремизми ва унга янглишиб кириб қолган ўзбек йигит-қизларининг аянчли тақдири тўғрисидаги Қ. Норқобил асари, С. Юсупов мусиқаси “Дилдаги доғ ёхуд қопқон” мусиқали драмаси Мирза Азизов томонидан саҳналаштирилиб мухлислар меҳрини қозонди. Мазкур спектакль 2017 йилда Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлигининг таклифига биноан 12-16 сентябрь кунлари ўтказилган «AРT-ОРДО» VI халқаро театр фестивалида «Дилдаги доғ» саҳна асари биринчи ўринга лойиқ кўрилиб, «Энг яхши спектакл учун» юксак мукофоти ва дипломи билан тақдирланган. Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан саҳна юзини кўрган «Сарвиқомат дилбарим» спектакли театр репертуаридан жой олди. Ўша йили Мирза Азизов Қирғизистон театр арбоблари уюшмасининг театр санъати бадиий академиясининг академиги этиб ҳам сайланган.
  Мирза Азизов 2019 йил Халқаро Чингиз Айтматов номидаги мукофот совриндори бўлган. Мукофотни топшириш маросими Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Опера ва балет Академик Катта театрида 12 февраль куни бўлиб ўтган.
  Халқаро клуб президенти академик Акматжан Акматалиевнинг айтишича, Мирза Азизов Чингиз Айтматов ижодини театр орқали ўзбек томошабинларига таништириш йўналишидаги кўп йиллик хизматлари учун мазкур мукофот билан тақдирланган.
    Мирза Азизов 2021 йил оғир хасталик туфайли оламдан кўз юмган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот