Амир Худойбердига табрик

Шоир - Амир Худойбердини таваллуд топган куни билан муборакбод этамиз!!!
Амир Худойбердига соғлик, узоқ умр ва ижодий парвоз тилаб қоламиз!!!
Маълумот учун: Амир Худойберди 1961 йилнинг 13 мартида Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли Шилви (Шайх Шиблий) қишлоғида таваллуд топган. 1978 йилда тумандаги Ибн Сино номидаги 36-умумий ўрта таълим мактабини тамомлаган. 1978-1985 йилларда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Қарши тумани, Қашқадарё вилояти газеталари таҳририятида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлимида адабий маслаҳатчи, Қарши шаҳридаги 21- умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи, Қарши Давлат университетида катта ўқитувчи, "Насаф" нашриётида бош муҳаррир ҳамда директор, республика "Мусиқа" нашриётида директор ўринбосари вазифаларида фаолият олиб борган. Ҳозирда "Ренессанс пресс" нашриётида бош муҳаррир вазифасида ишлаяпти.
Амир Худойбердининг илк китоби "Дунё ва мен" 1993 йилда "Ёзувчи" нашриётида чоп қилинган. Шундан сўнг 1994 йилда "Насаф" нашриётида "Жавобсиз савол", 2002 йилда "Янги аср авлоди" нашриётида "Эврилиш", 2004 йилда" Еттинчи малак", 2008 йилда "Ниҳол" нашриётида "Ойдин лаҳзалар", 2010 йилда "Академнашр" нашриётида "Суҳо", 2014 йилда "Мусиқа" нашриётида "Девоналармиз", 2015 йилда "Таҳаммул" (Уч жилдли сайланма асарларининг биринчи жилди), 2016 йилда "Илоҳий садо", "Ҳазрати ўзбек" номли китоблари нашр қилинган. Айни пайтда шоир "Уммонлар орзуси" номли китобини нашрга тайёрлаяпти.