Юнус Ражабий таваллуд топган кун


   Юнус Ражабий (1897 йил 5 (17) январь - Тошкент - 1976 йил 23 апрель) – бастакор, хонанда ва созанда (най, дутор), ўзбек мусиқа меросини тўпловчиси.  Ўзбекистон халқ артисти (1953) Ўзбекистон ФА академиги (1966). Мадрасада, кейинчалик Туркистон халқ консерваториясида (1919-23), Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курси (1934) ҳамда Москвада ташкил этилган бастакорлар курси (1940-41)да таълим олган. Дутор чалишни Мирза Қосимдан, кейинчалик ўзбек мумтоз мусиқа меросини Ш. Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз, Тўйчи ҳофиз, Домла Ҳалимлардан ўрганган. Самарқанд педагогика билим юргида мусиқа ўқитувчиси (1923-25). Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари (1925-27), Ўзбекистон радиокомитети қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли (кейинчалик халқ чолғулари оркестри) ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1927-42, 1945-59), Янги йўл театри мусиқа раҳбари (1942-45),Ўзбекистон телерадиосининг «Мақом» ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1959-76). Ёшлигиданоқ ширали ва таъсирчан овозга эга бўлган истеъдодли хонанда ва моҳир созанда сифатида танилган. Унинг репертуаридан мақом парчалари. «Гиря», «Ушшоқ». «Кўча боғи», «Эшвой», «Курд». «Қаландарий», «Гулёр-Шаҳноз», «Баёт», «Дугоҳи Ҳусайний», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби ашула ва куй туркумлари ўрин олган. У бир қанча қадимий ўзбек халқ куй ва ашулаларини қайта ишлаб тиклаган: «Субҳидам», «Ёлғиз» «Сайқал». «Фиғон», «Ораз», «Беги Султон» ва бошқалар. Ижрочилик фаолиятини бастакорлик билан биргаликда олиб борган Юнус Ражабий ўзбек мусиқали драмасининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Дастлаб «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид, 1922-25, Ш. Шоумаров билан ҳамкорликда), «Лайли ва Мажнун» (Хуршид, 1926). «Рустам» (У. Исмоилов, 1933), «Аваз» (А. Ҳидоятов. 1935), «Холисхон» (Ҳамза, 1940) каби спектаклларга халқ ашулалари асосида куйлар басталаган. Кейинчалик Б. Надеждин билан ҳамкорликда «Қасос» (А. Умарий, Уйғун, 1941), Н. Миронов билан «Қўчқор Турдиев» (С. Абдулла, Чустий, 1942), Г. Мушел билан «Муқанна» (Ҳ. Олимжон, 1943). О. Ҳалимов билан «Нодира» (С. Қосимов. Я. Маматхонов, 1942-43), Б. Зейдман билан «Ўғил уйлантириш» (Ҳ. Ғулом, 1964). Сайфи Жалил билан «Навоий Астрободда» (И. Махсумов, 1968) сингари мусиқали драмаларни яратган. У «Зайнаб ва Омон» операси (1958; Б. Зейдман, Д. Зокиров ва Т. Содиқовлар билан) нинг ёзилишида иштирок этган.
   Юнус Ражабий, шунингдек, «Фабрика ялласи», «Бизнинг даврон», «Мирзачўлда тўй», «Ўзбекистон», «Янграсин Гулёр», «Дугоналарга», «Қадаҳ», «Кошки», «Гул сочар», «Жудо», «Раъноланмасун», «Чапандоз»,«Куйгай» каби қўшиқ ва ашулалар, «Ўйин Баёти», «Ўйин Дугоҳи»,«Пахта» сингари рақс куйлари яратган.
   Юнус Ражабийнинг, айниқса, ўзбек мусиқа меросини тўплашдаги хизматлари катта. У 1935 йилдан халқ куй ва ашуларини нотага ёза бошлаган. Натижада Е. Романовская ва И. Акбаров «Ўзбек халқ қўшиқлари» (1939) тўпламидан Юнус Ражабий нотага олган 29 та мусиқа намунаси ўрин олган. 1955-йилларда Юнус  Ражабий 5 жилдли «Ўзбек мусиқаси» (И. А. Акбаров таҳририда) тўпламини нашр эттирди. Унга мингга яқин турли жанрдаги ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалари, Бухоро Шашмақоми,   Фарғона - Тошкент   мақом йўллари, катта ашулалар, 20-аср бастакорлари (Ҳамза, Жабборов, Н. Ҳасанов, С. Калонов. Ф.Содиқов, Т. Жалилов, М. Мирзаев )нинг асарлари киритилган. «Мақом» ансамбли билан ишлаши жараёнида Юнус Ражабий Шашмақомнинг 6 жилдли янги нашрини (1966-74, Ф. Кароматов таҳририда) ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини (Тошкент граммёзувлар студиясида, 1970-йиллар) тайёрлаган.
   Юнус Ражабий 1976 йилнинг 23 апрель куни вафот этган.
   Юнус Ражабий Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти   лауреати (1971) «Буюк хизматлари учун» ордени (2000) билан мукофотланган. Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги «Мақом» ансамбли, Жиззах мусиқали драма ва комедия театри, Тошкент мусиқа педагогика билим юрти, Тошкентдаги кўчалардан бири, метро бекати Юнус Ражабий номи билан юритилади. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган «Юнус Ражабий» («Ўзкинохроника» студияси, 1967; «Ўзбектелефильм» студияси,1990), «Умр дафтари» (Ўзбекистон телевидениеси, 2001) фильмлари суратга олинган. Юнус  Ражабий  1957-76 йиллар яшаб ижод этган уй (Тошкент, Юнус Ражабий кўчаси, 20)да 1997 йилда Ражабий уй-музейи очилган. 2001 йилда Юнус Ражабий маданият маркази ташкил этилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси.Т.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот