Ҳайит байрамингиз муборак!


 
Ҳайит байрамингиз муборак!
 
Рамазон
     Нафси бузукқ ҳайитда ўлар, деганларидек, ундан озгина, бундан жингирттак, унисидан бироз, бунисидан соз...хулласи калом, тотиниб, ютинииб ўтирибман. Рамазон яхшийди! Бир кунда яна қорним чикиб колди-я, -дейди кичик ўғлим ойнага караб.
     Тайинли овқатланмадинглар-ку, тушлик, кечки чой...ҳаммаси ўтиб кетди, сўз қўшади келиним сочини тараб. 
     Ҳа-я, келди кетди билан бўлиб, у ёқ, бу ёққа бориб тўйиб қолибман, дейман мен кулиб. Ҳам савоб, ҳам соғлик! Рамазонга раҳмат! Шомдан кейин албатта дастурхон ёзилсин, таом пишсин! Энди ҳеч бўлмаса шу режимни саклаймиз! Ярим тунда чой ичиш, қаҳва қайнатиш, печенье чайнаш йўқ!
     Сўзимга келиним мийиғида кулиб қўяди.
     Барибир бу режимни ўзим бузишимни билади-да!
     Охҳ рамазон, Моҳи рамазон! Сени соғинаман!

     Бир куни устозимиз Яйра опа Саьдуллаеванинг онаси вафот этибди деб эшитдим. Эртаси куни уларникига бормоқчи булиб отлансам, ҳамкасбим уйларига борманг. Ишхонада утирибдилар, Яйра опангиз, деди. Ишониб ишонмай Ғунча журнали томон йул олдим. Не кўз билан курайки, бош муҳаррир булиб ишлайдиган Яйра опа ўз иш жойида эди...
     Ҳа, деди, Ҳалима ҳожи опам. Жанозани хам яширин ўқиб, никоҳ ўқитишни хам беркитган кунларимиз бўлган! Энди ҳайит, арафа, рўза, сумалак, наврўз...ҳаммаси қайтиб келди. Жума кунлари ўғлонларимиз, ака укаларимиз масжидларни тўлдириб намоз ўқийди. Рамазон кунлари ифторлик килиб, катта кичикка дастурхон солади. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин! 
     Дардинг булса мозорга бор, ғаминг булса бозорга, дейишармидией, эсимда йўқ. Хуллас, бу кунни Ҳайит байрами қилиб қўйганларга минг рахмат!
 
Ҳайит кимники?
     Яна байрам, яна хурсадчилик...
     Аммо ўтганларни хотирлаб, мева-чеваларни турлаб, таомлар тортиб, эшик олдида бел бойлаб, ўтган-кетганни пойлаб...
     Мусибат тушган хонадонларда ҳам бамисоли тўй! Қатор-қатор машиналар, бири келиб, бири кетаётган узоқ-яқин таниш-билишлар, ҳамкасбу ҳаммаслаклар... 
     Улар оралаб,бири билан сўрашиб, бири билан кўришиб, биридан паналаб...онамни кўргани бордим. Катта ҳовли, катта дастурхон безатилган. Фавворалар сув пуркаб, биллур ҳовуз шодликка буркаб, набира-абиралар яйраган...Аммо мен яйраааб ўтиролмадим!
     Чунки саф-саф булиб, кекса-ю ёш онамни тавоф қилгани келиб туришибди. 
     Бамисоли ҳайит намоз-а, деди бир аёл, синглимнинг ҳамкасби экан. 90 ёшдан ошган, ақл-ҳуши жойида, маслаҳатгўй, саришта-фаришта-да, онангиз! 
     Ўзим ўзимга хизматчи, келинларга қараб ўтирмайман, унинг сўзини давом эттиради онам. Ётоғимнинг ёнида мен учун қурилган ҳаммом. Истасам ювинаман, истасам, рўмолимни сочиғимни ўзим ювиб оламан.ЎЗИ ювиб, ЎЗИ қуритадиган кир машиналарга ишонмайман.Алоҳида-алоҳида ювганга нима етсин! Набирам ҳам, қизим ҳам, келиним ҳам қўлимдан ишимни олишади. Менга душманмисизлар, дейман, уларга. Физкультура-ку бу! Ҳаракат қилсанг, қон юришади.Соғлом бўласан!
     Икки келин бўлсаям, бир уйимга эьлон қилмасдан келинг, ивирсиб ўтиришимизни кўрасиз, деб, баьзан шикоят қиламан онамга, - сўзни давом эттираман мен.
     Онам эса, ўзинг қил! Қўлинг тошнинг тагидами? - дейдилар уришиб. Мен эса, Худо асрасин, дейман-да ишга киришаман...
     Аммо яна гуррос одамлар Ҳожи онажон, омонмисиз, деб кириб келишади. Онам янги меҳмонлар билан кўришиб, нега овсинингиз келмади? Ҳозир кўз олдимдан ўтиб турувдинглар-а, деб гинахонлик ҳам қиладилар ва ўзларини ўзлари юпатадилар. Ўша кўчадагилар келмади. Эшик олди мусибатзада эркаклар.Тўрт-бешта одам ўтди-да, ҳайитдан ҳайитгача...
     Мен эса уйга тўламан. Кимнингдир Бош ҳайити, кимнингдир иккинчи ҳайити... Кимнинг уйида воой отам, кимникида вооой онам... , деган йиғи-сиғи. Ён қўшниникида эса янги келинчак сепини, ҳусну-жамолини , ёзилган ҳайит дастурхонини кўз-кўз қилиш билан овора...Хўп ажойиб халқмиз-да! Кимга тўй, кимга аза...Ҳайит кимники ЎЗИ?
 
     Барча мухлисларимни Ҳайит байрами билан табриклайман!!!

     Умида Абдуазимова, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таьлими аьлочиси.