Она Ватан мадҳияси


    Ўзбекистон мадҳияси! Бизни ўрнимиздан турғизган қўшиқ. Бизни бир-биримизга яқинлаштирган, бизни бирлаштирган қўшиқ. 
   Зеро, мадҳиямиз кўйланаётганда биз бир вужудга айланамиз. Биз уни биргаликда куйламоқдамиз. Аммо, ҳар биримиз  куйламоқдамиз. Инсон инсон бўлиб дунёга келар экан, уни ўз қўшиқлари бўлади. Она ҳақида, беғубор муҳаббат, боболари ётган замин ҳақида. 
   Юрт мадҳияси муқаддас қўшиқ! Мадҳия куйлаётганимда ёнимда турган замондош, сиз ҳам худди мен каби ҳаяжон билан, ғурур билан куйламоқдасиз. Мадҳия айтаётган замондошим  менинг ёнимда бир баравар баландлагандек туюлади менга, бутун бир сарой, майдон юксакка кўтарилгандек бўлади назаримда.
   Юрт мадҳияси мағрур қўшиқ.  Мустақил ватан мадҳиясини куйлаётган инсоннинг елкаси қисиқ бўлмайди, боши эгик бўлмайди.
  Дунё спорт майдонларида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда беихтиёр кўзларимизда ёш қалқийди. Албатта, бу биринчи галда севинч ёшлари, бахтиёрликнинг таърифсиз ифодаси бўлиш билан бирга бу кунларнинг келишини комил ишонч билан кутган, шундай кун келишини  дадил айтгани учун оғзи бекилган, қўлёзмалари ёқилган, сургун қилинган, “Алвасти кўприк”ларда отилган аждодларимиз армонини ёдга туширадиган армон томчилари...  
    Мадҳиямиз қабул қилинган кун муборак азиз замондош! 
  Юртимиздаги эзгулик сари дадил ташланаётган қадамларимизга бутун дунё тан бермоқда. Бу асри орзулар чаманзорига кетмас баҳор келганидан далолат. Ҳар бир кунимизда юртдошларимизнинг “Шундай қилса бўлар экан-ку”,  “Бор экан-ку ҳақиқат”, “Биз буни уддаладик, демак бундан-да юқори марраларни ҳам бемалол забт эта оламиз” –деган шукроналарини эшитмоқдамиз. Юртдошларимиз тоғларни тешиб, элларни-элларга яқинлаштираяпти.
   Ёнига “Ўзбекистон” - деб ёзилган кумуш қанотли қушларга кўкда ой, юлдузлар салом  бермоқда. Ўзбекистон темирйўллари”нинг бир-биридан кўркам, шамолдек учқур поездлари кеча-ю, кундуз хориждан келган сайёҳларни Фирдавсмонанд Самарқандга,  етти пирлар макон топган Бухорои шарифга, ақли талъати ила оламга нур берган алломалар бешиги Хоразмга, булутларни биядек соққан, қаловини топиб қорларни ёққан Қорақалпоққа, бешигига булбуллар қўнган бахшилар, афсоналарни ҳақиқатга айлантирган яхшилар маскани - Сурхондарёга, ҳалол ютиб қандини урган, хазиналар устида чордона қурган мардлар макони Қашқадарёга, тупроғи остида олтин болалаётган, тупроғи устида қоракўлтерилари жилоланаётган Навоий вилоятига, тафаккур соҳиблари, садоқату, эътиқод ила тангри муҳиблари жонфидо Жиззахга, кўксига шамол теккан боғлар, бойлигининг ҳисоби йўқ димоғи чоғлар замини Сирдарёга, ҳазрати Зангиотадан ҳалоллик мерос, ҳар нафаси Қуръондан иқтибос Тошкент вилоятининг беҳишт бағрига,  кечаю кундуз илм олаётган,  ер юзининг ақл соҳибларини ҳайратга солаётган, очлик ва қаҳатчиликдан не бир юртлар қирилиб кетаётган оғир замонларда ҳам барокат дастурхонидан нони узилмагани учун “Нон шаҳри” деб аталган, ислом маданиятига пойтахт бўла олган, тонглари муҳаббатли меҳрли, оқшомлари сеҳрли  мафтункор  Тошкентга, дунёнинг энг бой одамларининг бешигига сочқи сочган, Ибрат домла дуо айлаб Ҳақ йўлин очган Наманганга, Ҳазрати Бобурга тортган, Муҳаммад Юсуфдек сўзда султонлар, Ҳасанбойдек, Русландек полвонлар, рингга ўзбек дўпписини кийиб чиққан Шоҳижаҳонларга оқ сут берган жон Андижонга,   Аҳмад ал Фарғонийнинг қулоғига азон айтган бузруквор, Эркин Воҳидовни шеъру-шууротига миндирган шоҳсувор, тупроғига новвот қоришган сабзавор, атласига кўчган лолазор Фарғонани кўришга дунё шошилмоқда. 
    Мадҳиямиз уйғоқликка чорловчи чорлов.
   Ўзбеклар азалдан уйғоқ миллатдир. Бу уйғоқлик бизнинг томиримизда, жонимизда, виждонимиздадир. Зеро, дунё уйғонганникидир. Авесто китобида шундай ёзилган: Эрта тур!  Ният қил! Амал қил!
     Ўзбек уйғоқ демак, дунё ўзбекникидир.
     Ғафлат лаззатини енгиб, бедорлик тожини кийган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз етти иқлим ҳукумдори бўла олдилар. Султон Мирзо Улуғбек осмон тоқига нарвон қўйди. Мудраб ётган тамаддун бешигига уйғонмоқ саодатини берган Муҳаммад Муса Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Абу Носир Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад ал Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал Бухорий, Ҳаким ат Термизий, Мотурудий, Абу Исо Муҳаммад ат Термизий, Хожа Аҳрори Вали, Абулайс Самарқандий, Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбанд каби боболаримиздир.
    Дунё маънавиятининг тўрт устунидан бири Мир Алишер Навоий: 
Ғолиб душмандин ҳар дам ғофил қолма,
Ўчиролмас исён ўтин харамингга солма.
деб огоҳлантириб, ғофиллик сенинг энг муқаддас нарсаларингни ўчмас ўтда куйдиради, дея уқтиради.
     Ҳазрат бобомиз Сулаймон Боқирғоний муножат айлаб:  
Маним хор бўлмишим ўз ғафлатимдин,
Магар қилсанг назар эҳсондин ортиқ.  
Деганларида уйғонмоқликнинг ичида уйғонмоқлик борлигини бизга тушинтирадилар.
Мен гапни Боқирғонийнинг:
“Маним хор бўлмишим ўз ғафлатимдин” сатрлари ила давом эттиришни истардим.  Боқирғоний ҳеч қачон ғафлат чангалига ўзини топширмаганлар.Улар бизни уйғотаяптилар. Эй, хор бўлган ўзингга бир назар қил, ўзингни тафтиш айла, қачон бошланди сенда ғафлатга қуллик? Ўзлари жавоб берадилар: Хорлик ғафлатдандир.
     Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтади:
Ғафлат уйқусидан уйғон
гар тилар бўласанг мурод,
Ким, етар мақсадга ҳар ким
бўлса ул бедорроқ.
                                                         ***
   Она Ўзбекистонимизнинг бугун тўйга тайёргарлик кўраётган тўй эгасига ўхшайди. Юзида мамнунлик, қалбида шукроналик, ҳаракатларидан куч-ғайрат ёғилиб турган тўй эгаси. Етказганига шукур.
  Муҳтарам Президентимиз ташриф буюраётган давлатлар ўз юртларининг байроғи ёнига Ўзбекистон байроғини қўйиб юртини безатадилар.
  Ташрифнинг тарихи ва тантанали қисмида энг аввало Ўзбекистон мадҳияси янграйди. Мезбон мамлакатнинг зўр оркестрлари  бизнинг мадҳиямизни ижро этади. Дунё давлатлари раҳбарлари таъзим билан тинглайди, эҳтиром кўрсатади ва бош эгади.
    Биз уйғондик, биз бирлашдик, биз дунёнинг одамлари бахтли икки давлатининг бирига айландик.  Амударё соҳилига кийикчилар сув ичгани келишди. Сирдарёга оқ чорлоқлар  қайтдилар.
   Муҳтарам Президентимиз ”Буюк келажагимизни мард ва олижаноб ҳалқимиз билан бирга қурамиз” деб бизга ишонч билдирдилар. Бу ишончни оқлаш керак. Бу ишончга муносиб бўлиш керак. Атрофга қараш керак. Буюк ўзгаришлар. Ҳар қадамда истиқлол ғояларига садоқат, отаётган оқ тонгларга муҳаббат.
  Асрлар ўтади. Ўзбекистон мадҳияси мағрур жаранглаб, қалбларга эзгулик уруғини сочаверади. Бугун боғчада мадҳиямизни чучук тилларида куйлаётган набираларимизнинг набиралари ҳам мадҳияни кўйлаётганда бўйлари бир газ ўсади. Албатта улар ҳам мадҳиямизнинг сўзини ёзган Абдулла бобоси, кўй басталаган Мутал бобосининг номларини ҳам ёддан чиқармайдилар.
               
   Зулфия МЎМИНОВА  - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот