"КЕЧИРИЛМАЙДИГАН ГУНОҲИ КАБИРАЛАР БОР..."


   Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, актриса, телебошловчи – Раъно Зокирова билан суҳбат.
- Аввалги суҳбатларимизда ўғлингиз Петербургда ўқиётганини айтган эдингиз. Ўғлингиз қайси соҳа бўйича ўқиб келди ва ҳозир у нималар билан машғул?
- Алҳамдулиллаҳ, ўғлим Умид Зокиров 5 йил давомида Санкт-Петербургдаги институтнинг режиссёрлик факультетида таҳсил олиб қайтди. 5-йил магистратурада ҳам ўқиди. Карантин бошланишидан олдин, яъни февралда Ўзбекистон Давлат Ёш томошабинлар театрида “Бремен машшоқлари” асарига қўл урган, реэиссёр сифатида фаолият бошлади ва шу спекталь сценарийсини ёзди. Диплом ишини шу ерда ёқлаш керак эди. Шундан кейин карантин даври бошланиб қолди. Шу боис, ўғлим ўқишини онлайн тарзда битиришга  мажбур бўлди. Лекин тугатди. Дипломи ҳозир қўлида эмас, лекин нусхаси бор. Ҳозир чиптаси қўлида турипди. Энди қачонки йўллар очилсагина, у яна ўша ерга кетади. Негадир у ўзини ўша ерда синаб кўрмоқчи. Ўзбекистон Давлат Ёш томошабинлар театрига мингдан минг раҳмат! Раҳбари Зулфия Ҳамраева ва бош режиссёр Маликахон боламни илиқлик билан кутиб олишди. Ундан ўз ёрдамлари ва маслаҳатларини аяшмади. Карантиннинг 2-босқичи бошланишидан аввал ёпиқ ҳолатда мазкур спектакльнинг премьераси ҳам бўлиб ўтди. Ҳозир уни бошланғич режиссёрликка чақиришяпти. Ўғлим эса қўлида қонуний дипломи бўлмагани учун хужжатларни тайёрлаш билан овора. Ўзига қолса, “Мен кетаман, у ерда суратга олиш ишлари жуда кўп”, - дейди. Ўғлим Россияда тасвирга олинган тарихий фильмларда ҳам қатнашди. Иш жараёнини ҳам актёр сифатида, ҳам режиссёрлик йўналиши бўйича кузатди. У ўзини келгусида ўзимизда ҳам синаб кўрмоқчи. Аммо биздагиларнинг ҳаммаси лойиҳалари ва ғояларини амалга ошириш учун ҳомий топишини сўрашаяпти. Шу туфайли боламнинг иштиёқи сал сусайиб қолаяпди бу ерда қолишга. Мен унга айтдимки: болам, бу дунёда ҳамма нарса шундай синовли. Қийинчиликларни албатта енгиб ўтасан, сенга ишонаман, - дедим. У эса у ерда имконият биздагига қараганда анча кўпроқ, дейди. Гоҳида ўйлаб қоламан. Бизда кўрган бўлсангиз, бир сериал намойиш этилди. Раъно Кубаеванинг қизи Россияга бориб, ёрдамчи вазифасида ишлаб юрган. Ўша пайт уни кастингга чақириб қолишган. Шу тариқа омад кулиб, 20 қисмли сериалда бош қаҳрамон ролини маромига етказиб ўйнаган. Ҳозирда бирин-кетин бош қаҳрамонларни ўйнаяпди. Омади кулиб, ўзининг ўрнини топди. Ўғлимга ҳам айтаман. Бошида чоп-чоп, югр-югур ишларни бажарарсан, хизматини қиларсан. Бирдан режиссёрлик вазифасини ё бош ролни беришмайди. Келажакда бирор режиссёрнинг меҳрини қозона олсанг, шундагина сенинг омадинг кулиши мумкин. Масалан, “Саид ва Саида” фильмига мени чақиришганда, ўғлимни тавсия қилдим.  Ўғлим таътилда экани, роль ўйнашга қобилияти борлигини таъкидладим. Боламни синовдан ўтишга чақиришда дастлаб ва унга роль беришди. У ижро этган роль эпизод ҳам эмас, яхшигина рольни ўйнаган. Саид Аҳмад қамоққа тушиб қолади. Одилбек озод бўлганидан хурсанд бўлганида  уни соқчилар тириклайин ёқиб юборишади. Шу ролни ўғлим ўйнаган. 
- “Водиллик келин” ролингизни ёдга олсак. Сизни аксарият томошабинлар “Водиллик келин” ва “Масхарабоз” фильмидан танишади. Салмоқли ролларингиз талай албатта, бироқ Сизни дастлаб танитган ва машҳур қилган ролларингиз шулар, наздимда. “Водиллик келин”га қандай таклиф қилинганингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Бу менинг энг биринчи ва энг катта дебют ролим. Ўзи бу фильм “Гуля” деб номланган қисқа метражли фильм эди.  Кейинчалик Али Ҳамраев бу фильмга бўйича раҳбарлик қилади, натижада “Водиллик келин” номли тўлиқ метражли фильм пайдо бўлади. Уларнинг гаплари бўйича, фильмга мос актриса топа олишмаган. Водийдан қайтиб келишим билан-оқ мени Али Ҳамраев чақирганлар. Бу рольга ҳеч қандай синовлар бўлмаган. Балки сценарий ёзишганда, менинг қиёфамни тасаввур қилишганми, билмайман. Ҳарҳолда, умуман синовларсиз тезда қабул қилишган. Омад кулиб боқиб, фильм тасвирга олинди. Бу ўзининг тенгқурлари ичида кўпроқ мукофотларга совриндор бўлиб, унинг иккинчи ва учинчи қисми ҳам олинади. У режиссёримиз Олим Эргашев оладилар. Тахминан 2 йилдан кейин иккинчи қисми, сўнгра учинчи қисми олинган. Ўша фильмларда улғайган даврларим ҳам акс этган. Бу фильмнинг қолган қисмлари чанг босиб ҳам ётгандир. Аммо “Водиллик келин”ни олган оператор кадрларни чиройли олган ва мукофотларга  сазовор бўлганини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.
- “Масхарабоз” фильми эса ҳали ҳануз кино мухлислари томонидан севиб томоша қилинади. Айниқса, фильмда янграган “Атиргуллар очди чирой” таронаси ҳанузгача машҳур. Ҳатто қозоқ, қирғиз, ҳинд ва бошқа миллат вакиллари ҳам ушбу қўшиқни куйлашган. Ўша даврларга хаёлан биргаликда сайр қилсак.
- Бу фильмнинг ўз тарихи бор. Атоқли драматургимиз Шароф Бошбеков қаламига мансуб асарни “Шерали ва Ойбарчин” фильмини олган Ҳожимурод акага берганлар.  Мустақиллигимизнинг 1 йиллигини эълон қилишганида, биз Наманганга бориб, фильмни суратга олиш жараёнини бошлаб юборгандик. Мен Зумрадни ижро этяпман ўшанда. Тешани эса Маҳаматжон ижро етган. Бу бола билан тахминан 2 кун ишланган. Бу орада менинг гастроль сафарларим бошланиб қолган. Мен гастрольга бориш ва қайтиб келишга ҳам мажбур бўлганман. Шу зайлда орада бир йилча узилиш бўлди. Шароф ака Ҳожимурод акадан қониқмаганмилар, билмадим, ҳарҳолда фильмга масъулликни Шароф ака ўзларининг зиммасига олганлар. Фильм ёзда олинганди. Аниқ эслайман, чунки  Юлдуз Усмонова билан чет элга бирга борган эдим. Шароф ака фильмни олишни давом эттирганида,  Теша роли Эргаш Мўминовга насиб қилган. Эргаш Мўминов энди оила қурган пайти эди. Институтнинг битириб, вақтли уйланганди. Мен эса “Шодлик” рақс ансамблида ишлаб юрган кезларим эди. Фильмнинг якунига яқин тўй саҳнасидан аввал у оталик бахтига муяссар бўлган. Эргаш ўғиллик бўлган деган хабар келган ўша куни! Илк бор фарзанд кўрган кунини фильмни тасвирга олиш майдонида кутиб олганмиз. Мана шунақа қизиқарли ва эсда қоларли жойлари бор.
- Ҳозирда Холида Қамбарованинг “Мени кечир” кўрсатувини олиб боряпсиз. Эътироф этиш керакки, воқеалар ва саҳналар жуда таъсирли. Аввалги интервьюларингизда “Мендан бошловчи чиқмайди” деган сўзларингизни эслатишга мажбурман, сабаби, Сиздан жуда зўр бошловчи чиқаркан! Ўшанда ўзингизга етарлича баҳо бермагансиз ё камтарлик қилгансиз.
- Таҳминан, 2 йил бўлди, менга шундай қизиқиш пайдо бўлди. Мендан бошловчи чиқишини хоҳламайман, деган гапимнинг сабаби бор эди. У пайт айтганим, раҳматли Абдумўмин ака вафот этишларидан 5 кунча аввал мен билан кўрсатув тасвирига биргаликда тушдилар. Эски воқеаларни эслаб ўтирдик. Абдумўмин ака жонли эфирда Тамарахоним билан бўлган воқеаларни айтиб ўтдилар. Бу эфир ойнинг 31 санасида кетган бўлса, 1- санада саҳар куни машъум хабар келди. Абдумўмин ака оламдан ўтибди. Ўша воқеа менинг хотирамда нохуш таассурот қолдирди. Ўшанда у киши билан суҳбат қилдим. Бу жуда масъулиятли вазифа аслида. Мен эсимни танибманки, рус мактабида ўқиганман. Тилим барибир рус тилига кетиб қоларди. Ҳар ҳолда театрда ҳам 12 йил ишлаб, анча сабоқ олдим. Тилимни дубляж орқали такомилаштирдим. Устозим Камолиддин Усмонов ҳам нутқим устида анча ишладилар, кўмаклашдилар.  Тахминан охирги 2 йил ичида Россиянинг “Пуст говорят” кўрсатувини кўриб, кузатиб, бошловчиликка меҳр уйғонди ва қанийди шунга ўхшаш дастурим бўлса эди, деб орзу қилдим. Орадан вақт ўтди. Телевидениедан мени битта лойиҳага чақиришди. Унда 3 та бошловчи бўлиши керак экан. Мен “майли”, дедим. Аммо қандайдир сабабларга кўра, у лойиҳа амалга ошмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан яна қўнғироқ бўлди ва мени яна чақиришди. Бу лойиҳада ҳам актрисалик қобилиятимни намойиш қилишим, ҳам журналистлардек нутқим равон, таъсирли бўлиши керак экан. Таклиф Сентябр ойларида айтилган бўлса, суратга олиш Февраль ойида бошланган. Бир икки қўнғироқ бўлиб, улар яна йўқ бўлиб кетишди. Демак ўхшамагандир-да бу ҳам, деб қўяқолдим. Яна ярим йил ўтиб, “энди бошлаяпмиз”, - дейишди. Бошланишидан аввал биз эшитиб қолдикки, бош муаллиф - Холидахон екан. Қаҳрамон қидириш мақсадида Фейсбук ва бошқа ижттимоий тармоқларда эълон берилди. Бу орада ғояни Зўртвдагилар ўғирлаб олишди. Суратга олиш жараёнида Ютубга “Мени кечир” кўрсатуви бошланди, деб ўша кўрсатувни қўйишди. Улар бу видеони кўриб, тезликда 2 кун ичида Зўртв кўрсатувини эфирга биздан илгари узатиб чаққонлик қилишди. Холидахон тушкунликка тушди. Мен унга айтдимки: “Холидахон, ҳамманинг ўз насибаси, ўз томошабини бор. Уларники ҳам умуман бошқа йўналишда, бизники мутлақо ўзгача йўналиш. Биз ўз мухлисларимизга эга бўламиз, асло куйинманг, кайфиятни туширманг”, - дедим. Зўртвдаги дастурдан менга бир вакил қўнғироқ қилаяпдида: “Раъно опа, бизнинг дастуримизга меҳмон эксперт сифатида келиб, қатнаша оласизми?”, - деб сўради. “Номи нима экан кўрсатувни?, - десам, “Мени кечир” деди. Мен “Омадингларни берсин, мен ҳам “Мени кечир”ни олиб бораман, ғалати бўлб қолади, узр”, - дедим. Демоқчиманки, бу ҳаётда ҳамманинг ризқи насибаси бор. Ҳеч ким бошқа бировнинг ризқини олиб қўя олмайди. Кимгадир бизнинг дастур, кимгадир уларнинг дастури маъқулдир. Мен Холидага шундай дедим: “Холида, мен биринчи санъатимни рақсдан бошлаганман. Ҳаёт тақозоси билан кинога келиб, бу ердан театрга кириб кетиб, кейинги ижодим кино соҳаси ва шу йўналишда кетди”. Биламан, журналист бўлиш учун ниҳоятда бой нутққа эга бўлиш керак. Жуда кўп ўқиш керак. Мен китобни кам ўқиганман. Сабаби: эрталабдан кечгача машқлар билан банд бўлганман. Ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан. Имконият бор, интернет бор. Бизда фақат машғулот бўлган. Рақс ва балет билан шуғулланганмиз. Бизда француз тили ўқитиларди. ўшанда ҳам тўртта сўз билар эдим, холос. Қисқаси, шу дастурга қўл урдим. Табиий ҳолатлар, инсонлар тақдири мен учун қизиқарли бўлаяпди. Ҳамманинг ўз бошидан кечирган воқеалари жуда қизиқ. Мен сухандон эмасман. Менда Аллоҳ берган ақлим борлиги, актрисалик маҳорати кифоя, шунинг ўзи етарли. Мен ҳар бир келган қаҳрамондан гап нима ҳақидалигини олдиндан умуман сўрамайман. Масалан, баъзи бир жойларга интервью бергани борганимда, бошловчилар: “Мана бундай савол бераман, жавобингизни тайёрлаб туринг”, - дейишса, мен ўша заҳоти “Йўқ, йўқ”, - дейман. Ахир бунақа савол-жавоблар қолипга тушиб, сохта бўлиб қолади. Сиздан ҳам қандай саволлар берасиз, деб олдиндан сўрамадим, тўғрими? Шунга ўхшаб, келган қаҳрамонлар билан ҳам савол-жавобларимиз жонли бўлади. Айримлар ўйлагандек, аввалдан саҳналаштирилиб, уюштирилмаган.
   Саволларим ўзи қуюлиб келади. Ҳар бир нарсада жонли ижрони яхши кўраман. Сунъийликдан йироқман. Баъзида кимлардир ўз изоҳларида менга мурожаат қилиб, шундай деб ёзишади: “Сиз суҳбатдошларингиз билан биргаликда яшайсиз, йиғлайсиз. Соғлигингизни йўқотасиз-ку бунақада”, - деб ачинадиган, хайрихоҳлик билдирадиган мухлислар ҳам учраб туради. Куни кеча 14 ёшлик бола қатнашди. Кимгадир бу ёқмади, лекин эфирга кетганида кузатсам, жуда яхши мавзу. Ота боласига вақт ажрата олмаётганидан келиб чиққан муаммолар. Мен ҳам кўпинча ишда бўламан. Бугунги кунда “Ўзбекистон” канали буюртмасига асосан “Малак” деб номланган сериалда суратга тушаяпман. 60 қисмдан иборат. Яна 3 фасл кетади. Камида 180 қисмни ташкил этади. Режиссёр  Хуршид Ҳасанов. "Ўгай она" сериалини ҳам олган режиссёр. Қозоғистон телеканаллари ҳам бу фильмимизни сотиб олишди. Ҳаттоки, Болгария фестивалида қатнашиб, режиссёр совринга эга бўлиб қайтиб келди. “Тошкент” телеканалида намойиш этилди. “Ўгай она” энг катта қилган ишларимдан бири. Барча ўйнаган ролларимни тарозининг бир палласига қўйсам, “Ўгай она”ни иккинчи палласига қўяман. Ўгай она барчанинг назарида фарзандларга зиён етказадиган ёвуз аёлдек тасвирланади ва шундай деб ўйланади. Йўқ.  Ўгай она ҳам меҳрибон бўлиши мумкин. Ҳозирда “Малак” сериалининг дубляж жараёнлари кетаяпди. Карантинда ҳам шахсан ўзим ҳам сериал, ҳам “Мени кечир” кўрсатуви билан банд билан бўлиб, эртадан кечгача уйда бўла олмай қолган кезларим бўлди. Болаларим карантин пайтида диққи нафас бўлиб кетишди. Биз хоҳласак, хоҳламасак, фарзандларимиз учун етарлича вақт ажрата олмай қолаябмиз. Бизнинг ҳам кўчаларни, истироҳат боғларини айлангимиз келади, сайру саёҳатларга чиққимиз келади, лекин вақт кам. Дам олиш кунида эса, аёллик вазифам: кир ювиш, дазмол қилиш, уй тозалаш, деганларидек яна ўзимдан ортмай қоламан. Кўпчилик одамлар: “Ҳа-а-а, актёр ва актрисалар жуда бой, хизматкорлари бор” деб ўйлашади. Йўқ, мен ҳам оддий аёлларга ўхшаб ўзим рўзғор  қиламан, уй ишларига қарайман. Мен “Малак” сериалида қайнона ролини ўйнаяпман. Бу ерда ҳам “Қисмат битиги” сериалидаги шеригим - Фахриддин ака Шамсиматов билан биргаликда ишлаяпман. Улар билан илгари актёр сифатида ишлаганман, лекин дубляж партнёри сифатида ишламагандим. Эндиликда мазза қилиб ишлаяпман. Дубляжда озми-кўпми ўз санъатимга, овозимга эга бўлсам-да, Фахриддин ака билан яна дубляжни қайтадан, бошидан бошлаётгандек ишлаяпман. Фахриддин Шамсиматов жуда талабчан! “Сиз ҳозир буйрагингиз билан ижро этаяпсиз, менга юрагингиз билан ижро этиб беринг, қалб қўрингизни беринг”, - дейди. Бу сафар буқаламун сингари турланадиган қайнона ролини ўйнаяпман. Ҳозир Фахриддин билан ишлаётганимдан жуда ҳурсандман. Ҳақиқатдан ҳам дубляжда устоз кўрган саанъаткор бўлгани учун, менга ҳам, бошқа ёшларга ҳам жуда каттта тарбиявий мактаб ўтаяпдилар. Ҳозирда касбим тақозосига кўра, турли-туман режиссёрлар билан ишлаяпман. Вақти келганда, у ерда 2 соатда 10 та дубляжни қилиб келяпман. Фахриддин билан эса 3 соатда 2 та серияни дубляж қиляпман. Фахриддин билан ўрганмаган нарсаларимни ўрганяпман. Дубляж соҳасида чинакам дубляж усталари, устозларимиз сафи анча камайди. Фахриддин эса устозларни кўп кўрган актёр ва режиссёр. Аллоҳим унга шифои комил берсин! Яқинда Падари бузруквори оламдан ўтди. Таъзия билдирдим. Яна бир бор, газета орқали унга ўз таъзиямни билдираман ва сабр тилайман. У жуда иродали инсон.
- “Мени кечир” кўрсатувингизда кечиримли бўлиш борасида гапирасиз ва шунга даъват қиласиз. Ўзингиз қай даражада кечиримлисиз?
- Очиғини айтадиган бўлсам, умуман олганда, билмадим, зувалам шунақами ёки тарбиямми, қалбимга озор берганларни ҳам узр сўраса бир зумда кечириб юборадиган тоифадаги инсонман. Ичимда гина, кек сақлаб турмайман. Кимдир хафа қилса, яна бир зумдан кейин гаплашиб кетавераман. Гина сақлаш ҳам бутун ҳаётингизни захарлашнинг бир тури экан. Хафагарчилик, гина-кудуратлар бутун умр миянгизда туриб сақланса, кайфиятингизни бузиб, ич ичингизни еркансиз. Қалб шундай нарсаки, қайсидир инсонга табассум қилсангиз ҳам таскин топасиз. Буни Ислом динида ҳам кўп ва хўб эшитганмиз. Аллоҳ ҳам кечирувчи. Биз Аллоҳнинг олдида киммиз? Биз дастуримиз орқали кимгадир оз бўлса ҳам ёрдам бера олган бўлсак, бундан бениҳоя хурсандмиз. Баъзилар қўнғироқ қилади-да: “Неча пул тўласак чиқамиз?” дейишади. Биз “Йўқ, пул керакмас, бу Аллоҳ йўлида, одамзодни имконият борича яраштириб беришга ҳаракат қиламиз”, - деб жавоб берамиз. 
- Бу гапларингиз жуда ўринли. Лекин шундай ибора борки: “Одам кечириши мумкин, лекин токи хотира бор экан, унутмайди. Кўнгил шиша каби мўрт ва нозик. Ямалгани билан дарз изи қолади. Қолаверса, қайсидир ҳолатлар кечирилади, қайсиларинидир кечирилмас гуноҳ деб биламиз. Сизнингча, кечириш ва кечириб бўлмайдиган гуноҳлар қайси?
- Кечиримлиликнинг ҳам ўзининг ўрни, вазияти, тақдири бор. Мисол учун, вахшийларча туққан онасини, фарзандини ўлдириб, кейин кўз ёшини тўкиб: “Кечиринглар, мени шайтон йўлдан урди” деган гаплар - бу кечирилмайди! Кимдир фалончи хиёнат қилибди, дейишса, менинг биринчи хаёлимга келгани унинг хотини ёки эри бор эди-ку, дейман. Мен ҳар гал айтаман. Бу менинг фикрим. Аёл киши эри бўла туриб, ёмонми, яхшими лекин бу унинг жуфти ҳалоли, фарзандларини отаси. Шунчалик бу инсонга нисбатан нафрати бўлса, ажрашсин! Ажралиб, қалбидан жой ола оладиган инсонни топсин. Ёки бунинг акси. Эркак киши ажрашсин ва бошқа кўнглига ёқадиган аёл топсин. Майли ажрашсин. Ажрашган ёки бева аёл фалончи билан юрибди, дейишса менга қаттиқ таъсир қилмайди. Демак боши очиқ экан, кўнглидагини топибди, деб қўяман. Агар эри бўла туриб, фалончини хотини хиёнат қилибди, деган нарса мен учун кечиримли эмас! Шунга ўхшаш яна кечирилмайдиган гуноҳи кабиралар бор: онага қўл кўтариш, онани ранжитиш ва ҳоказо. Шундайларни мен “одам танасидаги шайтон” дейман. Бундайлар, афсуски орамизда бор, йўқ эмас. Мисол учун мен “Сабр” сериалида шунақа салбий қаҳрамонни ижро этдим. Хўжайиним ва мени таниганлар бу роль менга ярашмагани ва муносиб эмаслигини айтишди. Майли ярашмасин, мен ижодкорман. Ранг-баранг роллар ижро этиш менга ёқяпди. Очилмаган қирраларим ҳам очиляпди. Ижодда ҳамма образдан бўлиши керак! Шунда бир қолипга тушиб қолишдан йироқ бўласиз!

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетасининг №36 (1981) 08.10.2020 йилги сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот