Мавлуда Арслоновага табрик!


Мавлуда Арслоновани таваллуд топган куни билан чин юракдан табриклаймиз!

     Мавлуда Арслонова узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг "Ватанпарвар" газетасида фаолият юритиб келган! Ўзбекистон халқ артисти, дубляж устаси - Ҳошим Арслонов умр йўлдоши ҳақида гап кетганда, фахр билан: "Рафиқам журналист" деган сўзни кўп бора айтганларининг шоҳиди бўлганман. Санъаткорнинг умр йўлдоши бўлиш осон эмас. Сабаби, актёр ҳали у фильмга суратга тушишга югуради, сериалларга боради, дубляжда соатлаб овоз беради, интервьюларда гоҳ мазмунли, гоҳида тутуриқсиз саволларга жавоб беришга мажбур бўлади, натижада асаблари толиқади ва ҳоказо (театрда спектакллардаги қойилмақом роллари ҳақида ҳозирча тўхталишга ҳожат йўқ)! Айниқса, Ҳошим Арслонов сингари ҳақиқатпарвар актёрлар рост сўзлари учун дакки эшитишади, баъзида тазйиқларга дуч келишади! Гастроль сафарларида кунлаб йўқ бўлиб кетишини гапирмасак ҳам бўлади. Аёл киши барибир рашк қилади, севган кишисини ёт нигоҳлардан қизғанади (айниқса, турмуш ўртоғи таниқли, баланд бўйли, хушмуомала бўлса)! Шунинг баробарида, санъаткорнинг рафиқасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Санъат аҳли ижодкор, истеъдодли бўлиш баробарида кўнгли бола каби нозик, нозиктаъб кишилар бўлишади ва уларни биргина ширин сўз билан кўкларга кўтариш ёинки ножўя, эҳтиётсизлик туфайли айтилган битта сўз орқали қалбини жароҳатлаб қўйиш, вайрон қилиш жуда осон! Қачонки, оилада тинчлик-тотувлик, ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббат ҳукмрон бўлар экан, ўша оиладаги санъаткорнинг ишлари муваффақият сари олға силжийди! Бу оилага назар ташлар эканмиз, ижодкорлар оиласида фарзандлари ҳам тарбияли, халқ хизматида камарбаста эканликларини, ота-онанинг рисоладагидек тарбия бера олишганини кўриб қувонамиз! Илоҳим, шу бахтингизга кўз тегмасин, Мавлуда опа! Ҳошим ака билан қўша қариб, фарзандларингиз, невара-чевара, эвара, э борингки, бегонасининг ҳам камолини кўриб юриш насиб айласин! СИЗга энг аввало, метиндек мустаҳкам соғлик, Бойсун чиноридек узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз! Барча орзу-умидларингиз рўёбга ошишини тилаб қоламиз! Дунёдаги жамики энг юксак истакларимиз СИЗга ҳамроҳ бўлсин!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.