Байрамингиз муборак, азиз аёллар!


 
    Ассалому алайкум, азиз мухлислар!

  Мана, фасллар келинчаги баҳор ҳам ўзининг гўзал сепини ёйиб, ўлкамизга янада ўзгача чирой бахш этиб келди. Ўрик ва бодом гулларига кўзингиз ҳар тушганида юрагингизда нафислик уйғониб, завққа тўлади. Шунингдек, баҳор келиши билан аёлларнинг бир қувончига ўн қувонч қўшилади. Чунки 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини улар орзиқиб кутишади. Ахир, оналар фарзандларидан, севишганлар ўз маҳбуб ёки маҳбубаларидан, аёллар турмуш ўртоқларидан, қизлар оталаридан совға кутишади... Йигитлару эркаклар эса "Нима совға қилсам экан?” дея дўконлар оралаб ўйга ботишади. Шу кунларда гул бозорларида сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди, кимдир атиргул, кимдир лола харид қилиб, яқинларини хушнуд этгиси келади.

   Бироқ... Биласизми, азиз эркаклар, аёлга аслида кўп нарса керак эмас. Бир оғиз ширин сўз, озгина эътибор, битта чиройлик кичик гулдаста унинг юрагини тўлдириб қувонч бахш этади. Статистик маълумотларга кўра, нозик хилқат вакилларига эркакларимиз томонидан кўпроқ гулдаста, шоколад, атир, юмшоқ ўйинчоқлар совға қилинар экан.

 Мунис онахонлар, дилбар қизларжон, бир сўз билан айтганда, кўнгил дунёсининг маликалари бўлмиш азиз аёллар, сизларга, энг аввало соғ-саломат бўлишингизни ва ҳаёт йўлларида доимо кўнгил бутунлиги ҳамроҳ бўлишини тилаймиз.

   Байрамингиз муборак, азиз аёллар! 

Маъпура НАБИЕВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот