Нодира Маҳмудовага табрик!


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри ва кино актрисаси,  халқимиз ардоғидаги ижодкор, узоқ йиллик тажрибага эга билимдон ва моҳир педагог, ўз ижодий услубига эга режиссёр, маҳоратли актриса, устоз санъаткор - Нодира Маҳмудовани таваллуд топган куни билан чин қалбимиздан табриклаймиз!
  Нодира Маҳмудовага энг аввало, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижобий ва ижодий парвозлар тилаймиз! Барча орзу-умидлари рўёбга ошиши ва дунёдаги жамики энг юксак истакларимизни тилаб қоламиз!
   
   Камоли эҳтиром ила - Ўзбек миллий академик драма театри ва Muzafar.uz сайтининг ижодий жамоалари.

   Маълумот учун: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Нодира Маҳмудова Қўқон шаҳрида туғилган. 
  2008 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган. Миллий театрда 1988 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Нодира Маҳмудова театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ асарларда турли хил образларни яратди. Саҳнадаги йигирма олти йиллик ижодий фаолиятида ўнлаб мумтоз ва замонавий асарларда қатор ёрқин образлар яратиб, ҳамкасблари ва мухлислари қалбидан муносиб ўрин олди. У Миллий театрда яратган Леди Милфорд («Макр ва муҳаббат» Ф. Шиллер), Офелия («Гамлет» В. Шекспир), Регана («Қирол Лир» В. Шекспир), Зоро («Спитамен» Ҳ. Расул), Марта («Дарахтлар тик туриб жон беради» А. Кассона), Мерседес («Етти фарёд» А. Кассона), Зуҳал («Пири коинот» Х. Расул), Жюли («Алдагани хотин яхши» Ж. Пуарэ), Нигора («Келинлар қўзғолони» С. Аҳмад), Ойшабегим («Фиғон»), Аёл («Аёлғу» В. Умаров), Дилбар («Дадажон демайман», С. Имомов), Доногул («Сеҳрли танбур» Ҳ. Муҳаммад), Ёқутой («Антиқа қудалар» Н. Маҳмудова), Гулнафис («Имкон» Л. Маҳмудов), Анита («Омон бўлгин, азизим!» В. Дельмар), Ойниса («Огоҳ бўлинг одамлар» У. Азим) ва бошқа кўплаб образлар мазмунан теранлиги, ижро маҳоратининг ўзига хослиги, чуқур мантиқий талқини билан эътиборга лойиқдир. Актриса 2000 йил Олий Режиссёрлик курсини битириб, Миллий театр саҳнасида саҳналаштирувчи режиссёр сифатида «Ҳалала», «Қор одам воқеаси», «Онанг айлансин, болам», «Ёруғлик ва ёвузлик», «Тақдир синовлари», «Имкон», «Ғаройиб саргузаштлар», «Заминдан олис кетма» спектаклларини яратди. Нодира Маҳмудова театр саҳнасида ижод қилиш билан бирга Санъат институтида ҳам 1997 йилдан буён педагог-режиссёр сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Унинг Тошкент Давлат Санъат институтининг Ўқув театрида саҳналаштирган спектакллари турли ижодий фестивалларда фахрли ўринларни эгаллаган. Нодира Маҳмудова халқимиз севиб кўрадиган «Бобур», «Менинг осмоним», «Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси», «Ғаройиб парвоз» видеофильмларида, «Яратганга шукр», «Тўлов», «Танлаш ҳуқуқи», «Гўзаллик сири», «Зумрад ва Қиммат» каби бадиий фильмларда, шунингдек, Ўзбек Телевидениясининг «Оталар сўзи - ақлнинг кўзи», «Турмуш чорраҳалари», «Азизим» туркум кўрсатувларида ўткир характерли образлар яратиб, кўп сонли мухлислари қалбига кириб борди. Нодира Маҳмудова актриса, режиссёр ва педагог сифатида тинмай ўз устида ишлайди. Илмий ва бадиий асарлар таржимаси билан ҳам шуғулланади. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот