Умида Абдуазимовага табрик!


    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали соҳибаси, шоира - Умида Абдуазимова эгизак буржида туғилган. Оналари - Маҳбуба ая бош фарзанди, яъни Умида опамни туғиш учун туғуруқхонага борганларида - 31 Май экан! Туғилиш гувоҳномаларига шунинг учун ўша кунни ёзиб қўйишган. Аслида, 1 Июнь, душанба куни тонгда таваллуд топган! 

    "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни" туғилганлари сабаблими, ўзлари ҳам болалардек беғубор, самимий инсон! Яна бир гап: Умида Абдуазимова ўқувчилик даврида-ёқ Республика матбуотида фаол иштирок этиб, шеър ва мақолалари билан машҳур эди. Шунинг учун турмушга чиқиб, турмуш ўртоғи - Абдуваҳоб Абдуғаффоров фамилиясига ўтган эрсалар-да, қизлик фамилиясида ижод намуналарини эълон қилишда давом эттирган. Чунки, қайноналари, яъни аммалари, қариндош-уруғлар "отамнинг исми ўлмайди", деб бундан хурсанд бўлишган. Хуллас, Умида опа ҳаётда ҳамиша бир сўз, бир юзли аёл! 

    Умида Абдуазимовага узоқ умр, соғлик, бахт-саодат, мухтасар қилиб айтганда, жамики энг эзгу тилакларни тилаб қоламиз! 


   Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.


    Маълумот: Умида Абдуазимова 1953 йилда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани „Бободеҳқон“ маҳалласида туғилган. Ўрта мактабни олтин медал билан тугатиб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирган. Ўқишни битиргач, Ўзбекистон телевидениеси адабий кўрсатувлар муҳарририятида ишлаган. 1990-1995 йилларда „Маърифат“ газетасида бўлим муҳаррири ва Бош муҳаррир ўринбосари вазифасида хизмат қилди. 1995 йилда „Тонг юлдузи“ газетасида Бош муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатган.
     Умида Абдуазимованинг „Севинчим“, „Сени кўргим келаверади“, „Аразламанг“, „Салом, ҳаёт“, „Қадимий қўшиқ“, „Ойдин орзулар“, „Умрим зийнати“, „Оймома боғ“ номли ўндан ортиқ шеърий ва публицистик тўпламлари ўз китобхонларини топган.
  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таьлими аьлочиси, шоира - Умида Абдуазимова 1997 йил „Шуҳрат“ медали билан тақдирланган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот