Олима ва тадбиркор - Шоҳида Султонованинг байрам табриги


     Тақдир тизимида турли қисмат соҳибаларимиз. Кимдир оила бекаси, кимдир жамоат арбоби, кимдир шоира-ю олима. Кимдир фермер-деҳқон, кимдир гулчи ва чевар. Ким бўлишимиздан қатьий назар мана шу оламнинг энг муҳим ва энг буюк аёл деган номига эгамиз.

 

Аёл бўлмаса дунё яралмас,
Аёл бўлмаса шодлик ҳам бўлмас,
Бўлмайди қувончу, бахт деган сўз ҳам,
Тонгдаги қуёш ҳам бизсиз кулолмас.


     Бизнинг бахтимиз аёл бўлиб туғилганимиз. Мана шу бахт қаърида фарзандларимизнинг кувончу ташвишлари,ёримизнинг меҳр-муҳаббати, керак бўлса жаҳлдор феъл-атвори ҳам бизнинг бўйнимиздаги тақдир маржонини безаб тургувчи зийнатимиздир. Шунинг учун ҳам биз аёл бўлиб туғилдик. Чунки биз тақдир синовларига энг чидамли ҳилқатлармиз. Баҳорни нечун бизга қиёслайдилар, нечун бизга баҳор фаслини байрам килиб танладилар? Чунки, уйғониш даврининг тўлғониб, ҳаётни безашга уринаётган куртак ҳам ўзимиз, негаки жала, шамолларда ҳам жиққа ҳўл бўлса-да ҳаётга чирой таратишга уринаётган табиат тимсолимиз. Демоқчиманки, биз дунёда энг бахтли инсонлармиз.
          Ишим юзасидан Республикамизнинг турли жабҳаларида бўлдим. У ерларда биз билмаган, танимаган бўлсак-да энг жасоратли, энг мардона меҳнаткаш, фидоий аёлларимиз билан яқиндан танишиб, уларнинг ишларига тасаннолар айтдим.

Азиз ва муқаддас аёллар, мўътабар, фаришта онахонлар, опа-сингиллар, биз ҳам шу бизга аталмиш баҳор байрамининг безакдошлари сифатида эканмиз, ҳаммангизни фурсатдан фойдаланиб, 8- март бизнинг байрамимиз билан чин қалбимдан табриклайман.
     Ушбу табригимни бутун Республикамиз аёлларига бағишлайман. 
Дунёдаги энг гўзал сўзлар, энг улкан тилаклар барчаси сизга армуғон бўлсин!
Билингки, қаерда ва ким бўлмайлик, биз муқаддас аёлмиз. Барчангизга яна бир бор байрам муборак бўлсин!

 

"Hamkor Stimul Servis" Инновацион лойиҳалар илмий тадқиқот Маркази раҳбари, профессор: Шоҳида Султонова.