Шаҳло Аҳророванинг янги йил табриги!


     Шоира - Шаҳло Аҳророванинг янги йил табриги: "Ассалому-алайкум дўстлар! Янги йилда режалаштирган мақсадларингиз амалга ошишига тилакдошман!

Келгай янги йил!

 

Ортда ўтган йиллар салмоғин кўриб
Баъзан хомуш тортган каби, бу кўнгил.
Бахту-суронларни ортига суриб
Келгай янги йил.

Гар либос эскирса, қўйгаймиз суриб,
Гоҳ онг-да эскиргай ғоялар тугул!
Одам эскирганин билмаймиз кўриб –
Билгай янги йил!

Дарёмиз, қумга-да оқаверамиз,
Сингиб бораверар биз қурган соҳил.
Кўнгил камларига боқаверамиз – 
Тўлгай янги йил.

Янги умидларни келади бошлаб, 
Ечилгай армонлар боғлаган чигил.
Ғаму-андуҳларни орқага ташлаб
Кулгай янги йил.

Янги-ю, дунёда йўқ кўрмагани,
Янги-ю – нуроний, янги-ю – оқил.
Биз қила билмаган, улгурмаганни
Қилгай янги йил...

Эҳ! Не бўлса-бўлар! Кўнгилни хушлаб
Оқ нурларга белан! Қувончларга тўл!
Қара, ЯНГИ БАХТнинг қўлидан ушлаб
Келгай ЯНГИ ЙИЛ!

 

Шаҳло Аҳророва".