Хаёт улкан тилсимлар оламидан иборат


  Бугун ўзбек интернет журналистикаси ривожида бебаҳо хизмат қилиб келаётган фидойи ва меҳнатсевар ижодкор, адиб ва журналист Музаффар Муҳаммадназар таваллуд топган кун!

  Мен Музаффарни кўп йиллардан буён яхши биламан. Меҳнатсевар, бир сўзли, ҳақгўй ва тиниб-тинчимас ижодкор сифатида ҳурмат қиламан. Нозик адабий диди,сўзга бўлган юксак талаби доим сезилиб туради. Шу боис оз ёзса ҳам, соз ёзади. Интернет оламида ҳам унинг талабчанлиги ва меҳнатсеварлигини барча бирдек эътироф этади. Укажонимни истеъдодли ва ҳозиржавоб, қадамидан ва қаламидан ўт чақнайдиган, кўнгли очиқ ва самимий ижодкор деб биламан. Шу билан бирга юртимиздаги маданият, санъат ва адабиёт ривожига кўнгилдагидек хизмат қилиб келаётган Muzaffar.uz сайтини ҳам юритмоқдаки, бу ҳам нур устига аъло нурдир. Muzaffar.uz сайти ҳам ўзининг кўркли ва мазмунли материаллари билан мухлисларга танилган. Ушбу сайт ҳам бугун 7 ёшга тўлибди!
  Менинг сурхонлик укажоним, юз йиллик қадрдоним, фидойи ва меҳнатсевар ижодкор, адиб ва журналист - Музаффар Муҳаммадназар! 
  Таваллуд кунингиз муборак бўлсин! Сизга узоқ умр, мўл-кўл ризқ-рўз, тани сиҳатлик ва фарзандлар камолини тилайман! Олтин қаламингиз янада Жозибали ва ўткир бўлсин! Ижодингиз бардавом бўлсин! 
  Сизнинг "Ёнаётган тирик ҳайкаллар" ва  "Сўнгги манзил" китобларингиз барча учун севимли асарлар сифатида ўз мухлисларини топишига ишонаман. 
   Яна шуни мамнуният билан таъкидлаймизки, бизнинг Mohiyat.uz гуруҳимиз ва сайтимиз шаклланишида ҳам ўзингиз бош бўлгансиз. Бугун файзибоғдаги гуруҳ аъзолари сони 17 000 нафарлик маррани эгаллади. 
  Музаффаржон, мана шундай эзгу ишларингиз ҳамиша баракотли бўлсин, шогирдларингиз янада кўпайсин! Доимо фарзандлар камолини кўриб юринг, укажоним!
 
Ҳурмат билан Гуландом Тоғаева ва Mohiyat.uz гуруҳи аъзолари.
***
  Ҳаёт улкан тилсимлар оламидан иборат. Масалан, янги туғилган чакалоқнинг бир ҳафта, бир ой, ярим йил мобайнидаги ўзгаришини, яъни улғайишини ёки бўлмаса, табиатдаги қиш фаслидан баҳор фаслига ўтишдаги ўзгаришларни оддий кўз билан яққол сезиш мумкин. Бироқ қалбнинг юксалаётганини, унинг камолотга ва эзгуликка нақадар ташналигини кўз узмай кузатиш, йилма йил, ойма ой сезиб бориш ниҳоятда мушкул. Балки шу боис ҳаётга муҳаббат инсон боласида чуқур илдиз отгандир.
  Ёзувчи Музаффар Муҳаммадназар ҳам ёшлик кезлариданоқ табиатга, сўз санъатига чексиз муҳаббат ва ишонч руҳида камол топди. Сўз санъатига меҳри бўлакча бўлгани боис онаси Малоҳат опа каби журналист бўлишга аҳд қилди. Қўлига қалам олиб, насрий ва шеърий асарлар машқ қила бошлади.
  Аслида иқтидор қайси соҳада бўлмасин, гўёки инсон борлиғи ва меҳварида содир бўладиган янгиликлар акс эттирилган мўъжизадир. Агар ҳар бир инсон буни дилидан ўтказмаса, ўз қалбида, шуурида янгилик ярата олмайди. Ҳаёт эса шунчалик поёнсиз ва кўп қирралики, киши унда қарийб ҳамма вақт ўзининг кучли ва чинакамига эҳтиёжига яраша қидирганини топа олади. Фақатгина бунда изланиш ва ҳалоллик, куч-ғайрат кўрсатиш лозим. Ёзувчи Музаффар Муҳаммадназар сиймосида ана шу некбинлик, ўзига хос ҳаётий тажрибага эга бўлган ижодкорни кўрамиз.
   Мазмун, характер ва тарбиявийлик. Ҳамма даврларда адабий қоидалар кўламида мана шу талаблар акс этади. Бинобарин, ҳар бир поэтик асар бўладими, насрий асар бўладими, унинг моҳиятида мана шу чамбарчас хусусиятларни кўришимиз лозим. Ёзувчи Музаффар Муҳаммадназар ижодида ана шу баҳоланишни кузатамизки, бу унинг ижодидаги ўзига хосликни, услубий равонликни, кутилмаган фабулалар орқали ўқувчини ҳайрон қолдиришини кўрамиз. Унинг қаламига мансуб ҳикояларда насрга хос кўплаб хусусиятларни кўриш баробарида ҳар бир ҳикоя алоҳида ечим ва кутилмаган детектив кайфиятга йўғрилганини кўриш мумкин. Буни “Гирдобдаги гул”, “Фириб”, “Бойвачча мардикор”, “Кўзбойлоғич”, “Котибанинг кирдикорлари” каби ҳикояларини мутолаа қилганда кузатамиз. Энг асосийси, барча ҳикояларда ёзувчи ўқувчи учун кутилмаган ечимларни, воқеаларни тайёрлайди. Ҳатто ҳикояларнинг сўнггига қадар асар хотимаси ҳақида тусмол қиламиз, холос. Ёзувчи албатта кутилмаган бир интрига ясайдики, муаллифнинг топағонлигига қойил қолмай иложи йўқ. Бу детектив хусусият ёзувчи ижодининг етакчи белгиси дейишимиз мумкин. “Бойвачча мардикор” ҳикоясида бош қаҳрамон Эркиннинг бошида ишлари яхши бўлгани, тузуккина хусусий корхона очиб иш юритгани, рафиқаси Саида билан бахтли ҳаёти кечириши тасвирланади. Аммо кутилмаганда Эркиннинг ишлари чаппасига кетади, яхшигина ишидан айрилади, топиш-тутишида маза қолмайди. Шундай кезларда оғир хаёллар оғушида кўчани кесиб ўтаётганида машина уришига сал қолади. Шофёрдан гап эшитиб, узр сўраган жойида, ҳайдовчи ўзининг синфдош жўраси Йўлдош эканлигини таниб қолади.Улар кўп йиллардан буён кўришишмаган бўлса-да, мактабда синфдош бўлиб, ёшлик завқларини бирга кечиришган эди. Шунда Йўлдош унинг ишлари яхши эмаслигини кийган кийим-бошидан, ўртоғининг алланечук маъюслигидан билиб қолади. Йўлдош Эркинни шу заҳотиёқ ресторанга чойга таклиф қилади. Шикайф жўралар ўтиришар экан, Йўлдош иккита чиройли аёлларни телефон қилиб даврага чорлайди. Вазият шундай бўладики, бу аёллардан бири Клара Эркиннинг аввал жазманига, кейинроқ рафиқасига айланади. Дарвоқе, Йўлдош ёшликдаги жўрасини ташлаб қўймайди, ўзи раҳбарлик қилаётган ёнилғи қуйиш шохобчасига ишга солиб қўяди. Орада туппа-тузук турмушидан, гулдай рафиқасидан, фарзандидан ажралган Эркин Клара билан яшар экан, қўли пул кўриб, дадил бўлиб қолади. Аммо кетмас даврон йўқ ҳаётда. Бир куни ёнилғи шохобчаси аъзолари ўз кирдикорлари туфайли текширув бўлганда ёпилади ва Эркиннинг ишлари ҳам тўхтайди. Ҳар куни Клараси эшикдан кирар-кирмас пул деб жағи тинмас эди. Аммо энди пул дегани билан Эркин бу соҳада “эркин” бўлмай қолади. Клара бирданига тўнини тескари кийиб, эрини уйидан ҳайдаб чиқаради ва Эркин иложсиз қолади. Рафиқаси Саида ҳам уни қайта қабул қилмайди, у энди ижара уйда яшар, мардикорчиликка чиқар ва пушаймонлик аламини тортар эди.
   Энг ёмони, ҳикоя қаҳрамони асар сўнггида ароқхўр, ўз ҳаётининг ўқини йўқотган кимсага айланади.
  Бундай қаралса, оддий ҳақиқатларни кўраётгандек бўласан. Аслида бу ерда шахс фожеаси ўзиниг бутун маъно-мазмуни билан тасвирланган. Моддий дунёга муте жамиятда инсонийлик, тоза туйғулар таснифига ўрин йўқлиги, инсоннинг тўғри йўлга бошлайдиган ҳеч кими йўқлигини кўриб даҳшатга тушасан, киши. Зеро, энг катта қайғу - бу моддий йўқчилик эмас, балки умидсизлик, шахснинг тушкунлиги, жамиятдан бегоналашувидир. Зеро, бундай ҳолга тушган кимса туби йўқ чуқур ботқоққа тушгандек ўзлигини йўқота бошлайди. Ёзувчи ана шу тушкунликдаги, ўзлигини йўқотган инсоннинг фожеасини, ғам-қайғусини маҳорат билан очиб бера олган. Шубҳасиз, бу ҳикоя муаллифнинг рисоладагидек асарларидан бири, десак муболаға бўлмайди.
  “Гирдобдаги гул” ҳикоясида ҳам шахснинг фожеаси жуда сентиментал бўёқларда тасвирланган. Унда номаълум она томонидан болалар уйига ташлаб кетилган Раъно исмли қизнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. У балоғат ёшига етгач, Шавкат исмли йигит билан танишади. Ўртада илиққина муҳаббат пайдо бўлади. Аммо ҳасадгўй дугонаси Шоҳида беихтиёр Шавкатга қизнинг шаънига айтилган туҳмати туфайли воқеа аянчли тус олади. Аввалига қизга уйланмоқчи бўлган Шавкат туҳмат сўзларга учиб, Раънони сувга итариб юбориб ҳалок қилади. Ўртада уйланади. Аммо “алқасосу минал ҳақ” деганларидек, албатта қинғир иш бир куни ўз бўйини кўрсатади. Шавкат ўз жиноятини ҳеч ким билмади, деб қанча ўзига таскин бермасин, воқеани кўриб қолган гувоҳлар ички ишлар идораларига хабар беришади. Аввалдан ичини пушаймонлик кемириб юрган Шавкат икки томонлама ўт ичида қолади. Бири қонун олдида жавоб бериш кераклиги бўлса, иккинчиси - ўз виждони олдида жавоб бериш азоби. Ушбу ҳикоя маҳзун ва қайғули бўлса-да, муаллифнинг воқеани очиб беришдаги маҳоратини алоҳида таъкидлаш керак. Асардаги воқеанинг ечими охиригача муаллиф томонидан сир тутилади.
   Бунда Артур Конан Дойл, Агата Кристи, Рюноскэ Акутагава кабиларнинг ҳикоячилик анъаналари таъсири сезилади. Муаллиф ҳаётни яхши билади, паст-баландини “икир-чикиригача” англаб етганлиги сезилиб туради. Аммо қаҳрамонларни, персонажларни чизишда кутилмаганлик позициясини қўлдан бермайди.
   Умуман олганда, ёзувчи Музаффар Муҳаммадназар ижодида ўзига хос воқеалар ривожини, характерларнинг ҳаётийлигини, ўткир сюжетларни кўрамиз. Аслида бу ҳаёт “ўчирғич ишлатмай расм чизиши санъати” эканлигининг гувоҳи бўламиз. Бунда ҳикоялардаги интерьер, қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракати, қаҳрамонларнинг тили, ҳатто табиат ҳодисаларигача ўзига хослик сезилиб туради. Музаффарнинг ижодида публицистик бўёқ, ҳаётийлик кучли. Чунки у тўқима образлар эмас, ўйлашимизча, Музаффарнинг қаҳрамонларининг прототиплари бу ҳаётда талайгина.
   Француз маърифатчиларининг устози Дени Дидро ёзганидек, киши ўқишдан, ўқиганларини таҳлил қилишдар тўхтаса, тафаккур қилишдан тўхтайди. Музаффар ҳам тинмай ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш орқали нафақат йилдан йилга, балки кун сайин яшариб бораётган ҳаётий жараёнларни ўзгача сезимлар билан англаб, янгича талқин қилаётган фидойи ижодкордир...
   Умидли ёзувчимизга келгусидаги ишларига ривожлар тилаб қоламиз. Шу билан бирга ўқиш-ўрганишдан асло тўхтамаслигини, бу йўлда ижод сирларини англашдан чарчамаслигини истаймиз. Умид қиламизки, кейинги сафарларда каттароқ жанрлардаги асарларини ўқувчиларга тақдим қилади. Зеро, саргузашт, детектив жанр ишқибозлари учун Музаффар ёзган асарлар ҳамиша кутилмаган қувончлар ато қилади.

Гуландом ТОҒАЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 
филология фанлари номзоди.
Манба: "Адолат" газетаси. 2023 йил, 3 Февраль. № 4 (1420)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот