ЭСДА ҚОЛГАН ЭНГ ҚУВНОҚ БАЙРАМ


 

ЭСДА ҚОЛГАН ЭНГ ҚУВНОҚ БАЙРАМ

ТАБРИК ЎРНИДА

 

     Бу воқеага анча йиллар бўлди. 
     ...Янги йил киришига ярим соат қолганида қўшни уйдан қўнғироқ қилган аёл боласи касаллиги, « Тез ёрдам»га қўнғироқ қилиб туша олмаётганини айтиб, кўриб қўйишимни йиғлаб илтимос қилган. Безатилган дастурхонни , болаларимни ташлаб уникига югурдим. 
     Кирсам, ахвол чатоқ. Бир ёшга ҳам тўлмаган чақалоқ чириллаб йиғларди. Қорни дўмбирадек шишган, айтишларича уч кундан бери ахлат қилмаётган экан. 
     Муолажани бошладим. Кичкинтойнинг қорнини уқалаяпману, она -болани баравар юпатаман. Чақалоқ майли, биринчи фарзандини касал қилиб қайнонасидан гап эшитаётган келинчакнинг ҳам кўз ёшлари тинмасди.
« Бўлди, синглим. Хозир даволаймиз», « Бўлди болажоним, хозир опош бўлиб қоласан» деб, эсим кетса, « Бўлди холажон, хозир неварангиз яхши бўлиб қолади» деб , жағи очиғ қайнонани ҳам ора-сира тинчлантириб қўяман... 
Хайрият! Беҳисоб шукур! Ярим соат уринганимдан сўнг натижа бўлди. Фақат хизматим антиқа шаклда мукофотланди. 
     Ҳозир ҳам эсласам, яйраб куламан. Девордаги занг соат 12.00 да бонг уриши билан, чақалоқнинг ичагидан отилиб чиққан «хушбўй» чиқинди ҳамма жойимни бежаб ташлади...
Хонадон эгалари хижолат, оғриқ ва юкдан халос бўлган чақалоқ эса йиғидан тўхтаб қиқир- қиқир кула бошлади. 
«Бойлик» деб, ҳаммани тинчлантираману, афти-ангоримга қараб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайман.
Хай-хайлашларига ҳам қарамай, совға қилинган янги либосдан воз кечиб, уйга шу тахлит қайтдим. 
Янги йилни улар билан кутмаганимдан хафа бўлган болаларим эшикни очиб ахволимни кўргач, қотиб- қотиб- қотиб кулишганди. 
     Лекин ўша йили ростдан бойиб кетдик. Китобим нашр этилди, эримнинг ишлари юришиб, янги машина олдик
     Ана шунақа!

     Азиз дўстларим! Сизларни келаётган мелодий 2018-йил билан муборакбод этар эканман, янги йилни яхши ишлар билан бошлашингизни тилаб қоламан. Қандай байрам бўлмасин, қалбингизни мунаввар этиб турган эзгуликни бошқаларга ҳам улашинг, кичкина бўлса ҳам савоб иш қилиб, яратган Эгамнинг назарига тушинг!
     Шунда албатта бойиб кетасиз.
     Менга ишонинг!
     ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ БИЛАН!

 

Муаззам Иброҳимова