“СЦЕНАРИЙЛАРНИ ОНАМ ЁЗИБ БЕРАДИЛАР”


  Бугунги суҳбатдошимиз марҳум қизиқчи Рустам Ҳамроқуловнинг фарзанди, муносиб издоши Ўзбекистон Давлат сатира театри актирисаси Севара Ҳамроқулова бўлди.

- Севара, айни пайтда нималар билан бандсиз, қандай янги лойиҳалар устида ишлаяпсиз? Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
- Ҳозирги кунда кўпгина телелойиҳаларда иштирок этяпман. Шулардан бири “Кулдур ГУП” телекўрсатувидир. Ушбу кўрсатув менинг қизиқчилик борасидаги чиқишларимда  катта майдон вазифасини ўтаяпти. Қолаверса, кино ва сериалларда ҳам турли роллар ижро этяпман. Шу билан бирга Сатира театрида ҳам фаолият юритяпман.  
- Маълумки, яқинда сатира театрига янги директор тайинланди. Янги раҳбар билан ишлаш қандай бўляпти ҳамда театрда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида ҳам айтсангиз.
- Албатта, истеъдодли актёр Фотиҳ Жалолов директор этиб тайинланганларидан кейин театримизда кўпгина ижобий ўзгаришлар бўлди ва бўляпти ҳам.Ҳаммага маълумки, Фотиҳ ака кино соҳасида жуда салмоқли меҳнат қилган инсонлардан. У киши яратган образлар киносанъатининг олтин фондидан жой олган. Фотиҳ ака ўзбек киноларида салмоқли роллар ижро этганликлари учунми, ҳозир театримиз актёрларини ҳам кўпроқ кинога жалб қилиш ҳаракатидалар. Бу жуда яхши албатта. Чунки театр актёрлари ўзларини кинофильмларда ҳам синаб кўришлари керак. Бу уларнинг истеъдод ва маҳоратларини янада чархлайди, деб ўйлайман. Албатта, Фотиҳ Жалолов жуда талабчан ва жиддий раҳбар. Биздан аввало тартиб-интизомга риоя қилишимизни, ишга ўз вақтида келишимизни ва масъулиятли бўлишимизни талаб қиладилар. Ҳозирда театрдаги спектакллар репертуарини янада бойитиш ҳаракатидалар. Фотиҳ ака жуда киришимли ва ўз ходимларига эътиборли инсонлиги билан жамоадошларимиз меҳрини қозоняпти. Жуда адолатли раҳбар. Олдинги директоримиз Санжар Сатторов ҳам яхши раҳбар бўлганлар.У киши билан ҳам яхши жамоа бўлиб ишлаганмиз. Ҳозирда Санжар Саттров хорижда малака оширишдалар. У киши асосан дубляж соҳасида  фаолият юритганликлари учун бизни дубляжга жалб қилгандилар. Мен ҳам у кишининг шарофати билан бир-икки марта дубляжда ўзимни синаб кўрганман. 

“БИР ВАҚТНИНГ ЎЗИДА ТЎРТТА ОБРАЗДА НАМОЁН БЎЛДИМ”

- Билишимизча сиз театрда  битта спектаклнинг  ўзида бир нечта ролларни ижро этасиз. Бу жудаям қийин эмасми? Қандай улгурасиз? Бу ҳолат актёр етишмаганлиги учунми ёки режиссёр шу образларда сиздан бошқасини кўролмайдими?
- Ҳа, тўғри спектаклларда бир вақтнинг ўзида бир нечта образларда намоён бўламан. Аммо бу театрда актёр етишмаганлигидан эмас. Театримизда жуда кўп истеъдодли, туғма талант актёр ва актирисалар бор. Лекин мен ўзимни бир нечта ролларда синаб кўргим келди ва истагимни  режиссёримизга айтганимда дастлаб рози бўлмадилар. “Улгуролмаслигинг мумкин, гримм қилиш, либосларингни алмаштиришга вақт керак”, дедилар. Мен театрда фаолият юритиш билан бирга қизиқчилик ва тақлидчилик билан ҳам шуғулланаман. Шунинг учун бўлса керак бир вақтнинг ўзида бир нечта қиёфаларда намоён бўлишни анча пайтдан буён орзу қилиб юрардим. Чунки бу актёрнинг маҳоратини янада оширади. Масалан, машҳур қизиқчи Аркадий Райкин ҳам худди шундай, бир вақтнинг ўзида бир нечта қиёфаларга кира олган. Режиссёримизга “уддалайман”, дея ваъда берганимдан кейин у киши рози бўлдилар. Албатта, бу осон иш эмас. Чунки актёр спектакл давомида  ўзи талқин этаётган образга тўлалигича сингиб кетиши, уни ҳис қилган ҳолда ижро этиши керак. Яъни актёр бир марта ҳолатга тушиб олгач то спектакл тугагунча ўша ҳолатни ушлаб туради. Бир пайтнинг ўзида турли ролларда намоён бўлиш эса бу ҳолатларга тезлик билан мослашишни талаб этади. Айниқса, овозни  ўзгартириш анчайин мураккаб иш. Либос алмаштириш, гремм қилишга улгуриш бу ҳолат олдида оддий ва механик тарзда бажариладиган ишлар ҳисобланади. Ушбу жараён қийин ва мароқли бўлганлиги учун ҳам бунга жазм этдим. Мақтаниш эмасу, менинг битта спектаклда бир нечта ролларни ижро этаётганлигимни томошабинлар умуман сезишмади ва ҳатто овозимдан ҳам пайқаб қолишмади. Ўшанда мен бир пайтнинг ўзида тўртта образни талқин этганман. Бундан режиссёримизнинг ҳам кўнгли тўлди, ҳамкасбларимиз орасида ҳам менга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар бўлмади.Яъни баъзи театрларда актёрлар рол талашиб бир-бири билан аразлашиб қолганлиги ҳақида кўп эшитамиз. Аммо биз жамоамиз билан худди бир оилдек аҳил ва иноқмиз. 

“ЯҚИНЛАРИМ МЕНИ ҲАМИША ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ”

- Севара, сиз қизиқчиликда ҳам дадил чиқишлар қиляпсиз. Бу “Кулдургуп” кўрсатувидаги чиқишларингиздан маълум. Айтингчи, қизиқчилик борасидаги чиқишларингизга акаларингиз  ҳеч қаршилик қилишмаганми?
- Йўқ, акаларим ҳеч қачон қаршилик қилишмаган ва бундан кейин ҳам қилишмаса керак. Оиламизда ягона қиз фарзанд бўлганлигим учунми, дадамнинг эркаси эдим. Ёшлигимдан юмор ва ҳазил-мутойиба ичида улғайганман, десам хато бўлмайди. Биласиз, дадам Рустам Ҳамроқулов эл суйган қизиқчилардан бири эди. Искандар акам дадамнинг йўлидан кетди. Самандар  акам актёр ва хонандаликни танлади. Менда эса болалигимдан ҳазил-мутойибага мойиллик кучли эди. Шунинг учун қизиқчиликда ҳам ўзимни синаб кўргим келди. Аммо онам бироз қарши бўлдилар. “Қизим, қизиқчилик аёл кишига  тўғри келадиган касбмикин, қолаверса юки оғир. Даданг куну тун эл хизматидан бўшамасдилар. Ойлаб гастрол сафарида бўлардилар. Сен бунга чидолармикинсан?” дедилар. Шунда ҳам онамни ҳазил-ҳузул билан кўндирганман. Акаларим эса бир овоздан мени қўллаб-қувватлашди ва келгусида концер қўядиган бўлсам ҳомийлик қилишни ваъда беришди. Бундан жудаям қувонаман, албатта. Чунки кабимни тушунадиган оилам, ҳар доим қўллаб-қувватлайдиган акаларим бор. Ҳозир қизиқчилик йўналишидаги репертуаримни бойитаяпман. Сабаби концерт қўйиш учун анчагина заҳира йиғиш керак. Қизиқчилик шундай санъатки, унда бачканалик ва ортиқча гап-сўзлар кетмайди. Бу борада мен дадамнинг аскияларини ўзим учун намуна сифатида кўраман. Сабаби у кишининг ҳар бир чиқишлари янги, бетакрор ва бачканаликдан ҳоли бўлган. Бундай натижага эришиш учун сўз устаси ўз устида тинмай ишлаши керак. Дадам раҳматли ҳаётдаги оддий воқеаларни сўзлаганда ҳам юмор қўшиб гапирардилар. Дадам ҳаётимизда рўй берадиган оддий воқеа-ҳодисалардан ҳам юморни илғай олбериб, саҳнага олиб чиққанларида мухлислар дод деб юборишган. Мен ҳам қизиқчилик борасида ана шу ҳолатларга эътибор беришга ҳаракат қиляпман. Агар концерт қўйсам дадамнинг репертуаридан ҳам албатта, фойдаланаман. Аммо бу тўғридан-тўғри кўчириш бўлмайди. Сал замонавийлаштириб ва мазмунини йўқотмаган ҳолда талқин қилишга ҳаракат қиламан. 

“АЁЛ ҚИЗИҚЧИЛАР ЎЗБЕКОНА ИБО ВА ҲАЁНИ ЙЎҚОТМАСЛИГИ КЕРАК”  

- Чиқишларингизни оила аъзоларингиз танқид қилиб ҳам туришадими? Агар шундай бўлса уларнинг асосий танқидлари нималардан иборат?
- Албатта, ҳар бир чиқишларимни яқинларим кузатиб боришади. Ўрни келганда танқид ҳам қилишади, мақташади ҳам, маслаҳат ҳам беришади. Латифалар танлашда эътиборли бўлишимни айтишади 
-Аёл қизиқчиларга қийин дейишади. Чунки менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда мавзулар танлашда аёл қизиқчилар жуда эҳтиёт бўлишлари керак, дейишади. Сизнингча ҳам шундайми?
- Албатта, аёл қизиқчилар айтаётган ҳар бир сўзига жуда эҳтиёт бўлиши керак. Бепарда сўзлар, эркакларга хос латифалар уларнинг обрўсига путур етказади. Шунинг учун бўлса керак орамизда аёл қизиқчилар бармоқ билан санарли. Мана кейинги пайтда жуда истеъдодли қизларимиз қизиқчиликда дадил қадамлар билан чиқишяпти. Ҳувайдо Жумаева, Махфуза Шербоеваларни ана шундай қизиқчилардан дейиш мумкин. Ҳувайдо Жумаева билан бир театрда ишлаймиз. Актириса сифатида ҳам жуда истеъдодли  қиз. Ана шу қизиқчи қизлар менталитетимизга мос равишда чиқишлар қилишяпти. Кўпчиликка манзур бўляпти. Аёл қизиқчиларимизнинг кўпайгани яхши. Лекин ўзбекона ибо ва ҳаё чегарасидан чиқмаса нур устига нур бўларди.
- Қизиқчиликдаги чиқишларингизда ким сценарий тузиб беради?
- Онам тузиб берадилар. Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир чиқишларимни қунт билан кузатиб, менга бир-бирини такрорламайдиган қизиқарли сценарийлар тузиб бераётган онажонимга раҳмат, дейман. Мен кўпинча латифаларни ҳаётнинг ўзидан оламан ва ҳар сафар айтганимда унга нимадир қўшимча ва империвизациялар билан бойитиб томошабинларга тақдим этаман.

“ТУХУМ БАРАК ЭМАС, ТУХУМНИ  БРАК  ҚИЛИБСАН-КУ!”

- Севара, биламизки, актёр ва актирисаларнинг ҳаётида жудаям кўп қизиқарли ва кулгули воқеалар бўлади. Шундай воқеалардан газетхонларни ҳам баҳраманд этсангиз. 
- Ҳа, бундай воқеалар бизда кўп бўлади. Келинг яхшиси, ҳозир оиламизда бўлган бир воқеа ҳақида айтиб бера қолай.  Искандар акам жуда қўли ширин ошпаз. Кўпчилик кулгу шинавандалари акамни тез-тез чақириб туришади. Бундай давраларда ҳам латифа айтиб, ҳам ширин таом пиширишнинг ўзига яраша гашти бўлса керакда. Бир сафар Самандар акам ҳам у кишига тақлид қилиб, уйда овқат пиширмоқчи бўлди. “Акамдан ҳам ширин тайёрлай оламан”, деб бизга мақтанди ва ошхонага кириб кетди. Биз эса ширин таомнинг таърифини эшитиб, интизорлик билан кутиб ўтирибмиз. Орадан анча вақт ўтса ҳам ҳеч Самандар акамнинг овқати тайёр бўлмади. Искандар акам билан аста ошхонага кирсак Самандар акамнинг таоми ҳалиям тайёр бўлмаган. Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар. Битта тоғорада аталага ўхшаган суюқлик. Искандар акам бу нима деб сўраганди Самандар акам тухум барак, деди. Билдикки, Самандар акам таом пиширишни эплай олмаган. Искандар акам тоғорадаги аралаштирилган тухумга қараб “ука,  тухум барак эмас, тухумни брак қилибсан-ку” деб кулгандилар. Шундан буён Самандар акамга тухум барак пишириб беринг, деб ҳазиллашамиз.

АКАМ БИЛАН ҚАЙМОҚНИ ПАҚҚОС ТУШИРГАНМИЗ

  Характерим ўғли болаларга хос бўлганлиги учун акаларим билан ҳар доим нимадир ишкални бошлаб юрардим. Бир куни уйда ҳеч ким йўқлигида қорнимиз очиб музлатгичнеи очсак бир банка қаймоқ турган экан. Онам бизга қаймоқ олиб келибдилар, деб Самандар акам иккимиз паққос туширдик ва банкани тўлдириб сув солиб қўйдик. Кейин билсак қаймоқ қўшнимизники экан, уйида музлатгичи йўқлиги учун бизникига қўйган экан. Қўшни қаймоқни сўраб келганда онам не кўз билан кўрсинки қаймоқни ўрнига бир бака сув турибди. Онам қўшнидан хижолат бўлиб, болаларим билмай қаймоғингизни еб қўйишибди, пулини олақолинг, деса аёл онамга сал қаттиқроқ гап гапирибди. Бундан хафа бўлган онам бизни роса калтаклагандилар. Калтакнинг энг кўпи Самандар акамга тушган. Ваҳоланки қаймоқнинг энг кўпини ўзим еб қўйганман. Оиламиз жам бўлган ҳамон шу воқеани эслаб куламиз.  
- Болалигингиз ва отангиз билан боғлиқ хотираларни эсга олсак.
- Битта қиз бўлганлигим учунми дадам мени жуда яхши кўрардилар ва эркалатардилар. Акаларимга қаттиққўл эдилару  лекин менга қолганда жуда кўнгличанг эдилар. Мени ўзлари билан гастролларга олиб кетардилар. Афсус, дадамни жуда эрта йўқотдик. Автоавария туфайли у киши бу ёруғ оламни тарк этдилар. Дадамнинг вафотидан кейин қаттиқ тушкунликка тушиб қолганман. У кишини жуда соғинардим. Ўша кунларни ҳеч унутолмасам керак. Дадам ўтгандан сўнг онам бизни ёлғиз ўзлари оқ ювиб, оқ тараб катта қилдилар. Бизнинг ота изидан боришимизга ва акаларимнинг элга таниқли санъаткор бўлиб етишишларида онамнинг хизматлари катта. Дадам ҳақида эсласам  юзимга ҳам кулгу югуради, ҳам қалбимни соғинч ўртайди. Қанийди ҳозир бизнинг санъат йўлидан кетганлигимизни кўрсайдилар, деб армон қиламан. Дадам ҳар қандай вазиятда ҳам доимо оптимист эдилар. Ҳар қандай муаммони кулиб енгардилар. Дадамдаги ана шу хислат менга ўтган. Ҳаётнинг ҳамма ташвишларини кулиб енгишга ҳаракат қилиб яшаяпман. Агар ҳаётимда бирор муаммога дуч келсам доимо Гоголнинг бир гапини эслайман: “Барча иллатлар билан кулиб хайрлашамиз. 
- Характерингиз кўпроқ кимга ўхшайди, онангизгами ёки отангизга?
- Онам жуда мулойим ва кўнгилчанг инсонлар. Мен ҳар томонлама дадамга ўхшайман. Чунки у киши ҳазилкаш, чапани ва дангал инсон эдилар. Самандар акамнинг характерида онамга ўхшаш жиҳатлар кўп. Хушмуомала, бировни кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиладилар. 
- Энг катта орзуингиз ва армонингиз нима?
- Орзуим Ҳамроқуловлар сулоласига муносиб яшаш  шу сулоланинг битта вакили сифатида унинг довруғини янада элга танитиш ҳамда ўзимнинг концертимни қўйиш. Яна бир орзуим янги кўчалар ёки санъат мактабларига дадамнинг номи берилса, дейман. У кишининг номини абадийлаштириш истаги мени ҳеч тинч қўймайди. Чунки дадам жуда қисқа умр кўрган бўлсаларда қизиқчилик соҳасида ўзига хос мактаб яратиб кетди.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!

Гулруҳ Ёрматова
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот