Пўлат Мўмин таваллуд топган кун (1922 - 2003)


   Пўлат Мўмин (тахаллуси; асл исм-шарифи - Мўминов Пўлат) 1922 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.  Болалар шоири.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983), Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992), «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).
   Дастлаб педагогика билим юртини (1939), сўнг Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатиб (1944), ўқитувчилик билан шуғулланган (1944—47). «Ленин учқуни» газетасида адабий ходим (1948—50), Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1951—52), республика Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1954—60), Маданият вазирлиги кршидаги Санъат ишлари бошкармасида драматургия бўйича бош муҳаррир (1962—64) бўлиб ишлаган.
   Илк шеърлар тўплами — «Сайранг, қушлар (1949). Шундан кейин унинг «Тонг куйлари» (1949), «Олтин бошоқлар» (1951), «Тиш чўткаси эртаги» (1955), «Ҳунардан унар» (1958), «Тўғри ўсган гул бўлур» (1960), «Ақл қаерда бўлар» (1962), «Олтин най» (1967), «Яхшиларга ўхшасам» (1968), «Раҳматга раҳмат!» (1969), «Эсон ва Омон» (1973), «Эртақдан эртакка» (1989), «Эртаклар яхшиликка етаклар» (1984), «Юрак завқу дардларим, айтар байту фардларим» (1993), «Буғдой бобо» (1995), «Болажон, болажоним» (2003) ва бошқа болаларга бағишланган шеър ва эртаклардан иборат тўпламлари, «Кулди хиёл» (1964), «Гул ва пиёз» (1971), «Қўшиқ айтиб» (1985) сингари қўшиқлардан ташкил топган китоблари нашр этилган.
   Пўлат Мўмин мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттириб, ғазал, туюқ, фард жанрларида ҳам кўплаб асарлар яратган. Унинг 500 дан зиёд қўшиқлари ғазал жанрида ёзилган.
   Пўлат Мўмин драматург сифатида ҳам «Қовоқвой билан Чаноқвой» (1970), «Суқатой ва Конфетвой», «Баҳодирнинг жасорати» каби асарларини яратган.
   У, айниқса, моҳир қўшиқчи шоир сифатида элга танилган. Шоирнинг «Индамади», «Онадур ул, онадур», «Сенга бир гап айтаман» каби ўнлаб қўшиқлари ўзининг содда ва равонлиги, мусиқий ва халқчиллиги билан халқимиз юрагидан ўрин олган.
   А. С Пушкин, В. В. Маяковский, С. Маршак, С. Михалков, А. Барто ва бошқа рус ёзувчиларининг болаларга бағишланган асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 
   Пўлат Мўмин 2003 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот