ИЖОД – МЎЪЖИЗА


Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош билан адабиётшунос Жовли Хушбоқ суҳбати  

 – Абдуқаюм, мана, қирқ мингдан ошиқ китобни бағрига олган кутубхонамдан сизнинг ўндан ортиқ тўпламингиз жой олган; матбуотда эълон қилинган анча-мунча публицистик чиқишларингизни ҳам йиғиб юрибман. Келинг, бугун сиз билан ижодкор услуби, ёзиш синоатлари, матбуот, кино хусусида баҳолиқудрат гурунглашсак.  

   Дастлаб мени анчадан бери ўйлантириб юрган бир саволни берсам.  

  Маълумки, Ойбек, Асқад Мухтор сингари ўнлаб ёзувчиларни истеъдодли шоир, дея эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Зеро улар қаламидан чиққан назм намуналари адабиётимиз мулкига айланиб кетган. 

  Ўн-ўн беш йиллар бурун шеърларингиз газеталарда тез-тез кўзга ташланиб турарди. Ҳатто “Қиш. Оқшом” сарлавҳали шеърингиз хотирамда ўрнашиб қолган десам, ишонасизми? Мана, шеърнинг айрим сатрлари:

Оқшом ўнгирларга қунишар беҳол, 

Ёриша боради замин чеҳраси – 

Илинжли кўнгилни уйғотган мисол

Суюк илоҳанинг сирли шарпаси. 

Сўнг...

Узоқ кутдирган малак ийманиб,

Лабингга босгандай лабин беозор – 

Бир ҳуркак бўса-ла сархушлар этиб,

Оҳиста қўйнингга кираверар қор.      

   Гўзал қиш манзарасини бундан-да таъсирли, самимий тасвир этиш мушкулдир... Икки йилча олдин салмоқлигина шеърий тўпламингиз ҳам чоп этилди. Аммо анчадан буён назмдаги машқларингиз кўринмай қолди. 

–  Кўплар қатори, мактаб йилларидаги дастлабки машқларимиз шиғирлар бўлган. У ёғи туман газетаси, бу ёғи вилоят, дегандай... Ҳар қалай, ўсмир ёшингизда кўнгилни энтиктириб юборадиган туйғуларни уйқаш мисраларда ифодалашга мойиллик кучлироқ бўлади. Шу сабаб бўлса керак, мактаб партасидаёқ қаторлаштириб достону балладалар ёзиб-чизиб ташлаганимиз ҳам бор гап.

  Аммо, аввал ҳам бу гапни айтганман, яна такрорлай: шоирликка даъвойим йўқ; шеъриятни асл ижодкорларимиз шу қадар юксакка кўтариб қўйишганки, бу даражага етиш тугул, бир чеккасидан бўйлашга унча-бунча қаламкашнинг иқтидорию журъати етмаса керак.

   Бизга наср маъқул. Аммо ўтган қирқ йилдан ортиқроқ вақт мобайнида, шунда ҳам илҳом ҳеч ҳоли-жонимга қўймаганида, кўпроқ ўзим учун, ҳавасга бир нималар қоралаб юрдим (балки суяк сургандир, ахир бобом бахши ўтган), уларнинг айримлари матбуотда эълон ҳам қилинди. Ижодкор, ношир дўстларимиздан уч-тўрттаси машқларимни йиғиб юрган экан, бир қисмини тўплам ҳолида чоп этишдиям.

   Шиғир битишимнинг маъқул томони, кейинги ўн-ўн беш йил ичида ўзим сценарий муаллифи бўлган фильм ёинки сериаллар учун қўшиқ (буни ваҳимали тарзда саундтрек ҳам дейишади) зарурати туғилганда, шоирларга илтимос қилиб юрмадим,  матнни ўзим ёзиб қўя қолдим.

   Шукр, ўзим юракдан севган шеър-ғазалларни сел бўлиб ўқиш, улардан лаззатланишдек илоҳий неъматдан бебаҳра қолмаганман. Бир мисол келтирсам, нокамтарлик бўлиб туюлмас. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Парим бўлса...” деб бошланадиган ғазалини ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёдлагандим (Сиз бу машҳур ғазални яхши биласиз, албатта: “Парим бўлса, учуб қочсам улустин то қанотим бор, Қанотим куйса учмакдин, югурсам то ҳаётим бор...”). У пайтлари заводда ишлайман. Эриган металл қозонда биқирлаб қайнайди, осма кранлар, станоклар шовқин-суронига  тўлган цех... Мен баайни мана шу талотўпни енгмоқчидай, ундан ғолиб келмоқчидай бақириб ғазал ўқийман денг. Барибир ғазал менга сира тинчлик бермасди. Орадан чорак аср фурсат ўтди ва камина ниҳоят айнан “Парим бўлса...” деб номланган ҳикоя ёздим (у “Жаҳон адабиёти” журналида чоп қилинди). Тан олайлик, гоҳо ажойиб шеър-ғазалнинг бир мисрасига жо бўлган фикрни бутун бошли романлар ҳам ифодалай олмайди...

   Инчунун, бор бўлсин асл шеърият!      

–  “Катта ўйин” қиссангизни ҳаяжон билан ўқиб чиққандим. Асар бош қаҳрамони – ҳам тижоратчи, ҳам журналист бошига тушган беадад кулфатлар юрагингизни туз сепгандай ачиштириб, руҳингизда ҳазин кайфиятлар уйғотади. Матбуотда қисса хусусида устоз Умарали Норматов, адабиётшунос Абдулла Улуғовларнинг талқин-таҳлиллари эълон қилинди.    

 Албатта, инсон ҳаёт отлиғ уммонда не-не тасодифлар, тўфонлар ичида қолмаслигига ҳеч ким кафил бўла олмайди. Аммо гоҳида учрайдиган бундай кўргиликлардан, умр гирдобларидан оппа-осон қутулиб олишнинг иложи йўқ. Қиссадаги ижодкор – ҳатто исмсиз қаҳрамон – мухбир образи кишини шунга ўхшаш тизгинсиз ўйлар гирдобига бошлайди. Асарда баъзан лирик оҳанг, баъзан ҳазин руҳ устуворлик қилса-да, драматизм бир маромда ривожланади. Қиссани ўқиб чиққан одам мухбирни “бу ижобий қаҳрамон-ку” дейиши аниқдек. Негаки, унинг ёмон жиҳатларидан дарак берувчи бирор эпизодга дуч келмайсиз. Бироқ ўта мўмин-қобил, қўл учида кун кўрадиган, борига барака, деб яшайдиган, бировнинг ҳақига кўз тикмайдиган журналистни бугунги кунда айримлар бўш-баёв, яшашни билмайдиган  салбий қаҳрамон дейиши мумкин-ку? 

– Ҳа, замон жуда тез ўзгаряпти, шу баробарида онг-тушунчамиз, тафаккур тарзимиз, муайян воқеликка муносабатимиз ҳам ўзгармоқда. Дейлик, бундан ўн беш-йигирма йил муқаддам одатий туюладиган айрим қарашларимиз бугунги кун мезон-меъёрлари қолипларига сиғмай қолаётгандек.

  “Катта ўйин” қиссаси қоғозга тушган 1994-1995 йиллари биз энди-энди бозор иқтисодиёти, талаб ва таклиф мутаносиблиги тамойилларига кўника бошлаган эдик. Давр Алининг қалпоғини икки сўмга олиб, Валига тўрт сўмга пуллаган олибсотар-даллолники ёинки шу қалпоқни кимга сотишни белгилаб бериш ваколатига эга амалдорники эди.

   Ёдингизда бордир, ўша пайтлари бирданига, ўз-ўзидан кўпчилик тадбирорга айланиб кетди. Кимнинг ёнига борсангиз оғзини тўлдириб “оламан... сотаман” ё “гаплашиб бераман”, дейди. Кимдир шу йўл билан эга бўлган даромад миқдори хусусидаги гап-сўз оғиздан-оғизга ўтган сайин каттайиб-кенгайиб, афсонавий даражага бориб етарди-да. Бировнинг топгани эса ҳамиша жозибалироқ, қўлга киритиш осонроқ луқма бўлиб кўринади. Беихтиёр норасо кўнгилда “Менинг ундан нимам кам?” деган, эҳтимолки бадхоҳлик аралашган туйғу пайдо бўлади...

  Қаҳрамоним шундай алдовларга, рўёларга учган, аммо бор-йўқ орзуси яхши яшаш, китобларини чоп этиш бўлган содда журналист. Ҳаёт, шафқатсиз бозор аяб ўтирармиди бундай гўл, ишонувчан, сертуйғу, кўнгил ҳиссиётини дунё бойлигидан устун қўядиган бандаларни? Албатта, йўқ...

   Ким эди у ҳаттоки исми йўқ қаҳрамоним? У мендир, у сиздир...

   Шу сабабли кимдир қаҳрамонимни “салбий”, кимдир эса “ижобий” деса ҳам майли. Муҳими, у тирик инсон. Ўз дарди, орзу-интилишлари, соддалиги ва муҳаббати билан. Асарни ёзаётганимда ҳам мен ижобий ё салбий қаҳрамон яратаман деб қўлимга қалам олмаганман. Сизга бир сирни айтадиган бўлсам, деярли бир йил-бир ярим йил ўз қаҳрамонларим билан ёнма-ён бўлдим, атай хизмат сафарларига бориб имконим даражасида айримларининг ҳаётини, ишини ўргандим, қаҳрамонларимга қўшилишиб ўртандим, йиғладим, куйдим, ўзимча хулосалар чиқардим ва алоҳа... ёзмасликнинг ҳеч иложи қолмаганида столга ўтирдим. Мен учун ана шу азоб-изтироблар, ҳайрат-қувончлар, ўкинч-пушаймонларга тўла ёзиш жараёнининг ўзи муҳимроқ, қимматлироқ.     

– Жюль Верн, Герберт  Уэллс, Александр Беляев, Айзек Азимов, Рэй Брэдбери сингари адиблар фантастика жанрини унча-мунча қаламкашнинг бўйи етмайдиган юксакликка олиб чиқдилар. Адашмасам, салкам йигирма йилча бурун “Истило” ҳикоянгизни ўқиб, бу жанрнинг умидли вакили етишиб чиққанлигига ишонганимни хотирлайман. Асарда бемақсад, ёзувчи нияти ва қаҳрамонлар характерини очишга хизмт қилмайдиган диалоглардан воз кечилиб, “мен”нинг руҳий олами ва изтиробларига урғу берилган эди. Сўнгроқ “Топмай туриб йўқотганим”, “Пешонадаги ёзув”, “Бир соатлик халифалар”, “Ибтидодин интиҳо қадар” сингари фантастик ҳикояларингизни ҳам ўқидим. Бироқ кейинги йилларда бу жанр қайсидир маънода сизга “бегона” бўлиб қолганининг сабаби нима? 

– Асли фантаст қаламкашман. Мактаб даврида ёзилган биринчи фантастик қиссам (“Темирсаид”) “Гулхан” журналида Худойберди Тўхтабоевнинг “Оқ йўл”и билан чоп этилган. Биринчи китобим фантастик ҳикоялар тўплами эди. Ниҳоят шўро даврида Москвадаги тўпламда рус тилида чоп этилган биринчи асарим (“Тушов”) ҳам фантастик ҳикоя  эди. Энг ажабланарлиси, мазкур ҳикоя ўзимизда анча пайтгача ўта ҳушёр муҳаррирлар томонидан номаълум муддатга ғаладонга ташлаб қўйилаверганди.

 Биласиз, техника институтида ўқиганман. Шунгами, мени илмий фантастика кўпроқ қизиқтирган. Ёзган нарсаларимда масаланинг шу жиҳатига кўпроқ эътибор қаратишга уринганман. “Фантастика жанри шоири” номини олган Рэй Брэдберининг айрим асарларини таржима қилганман.  

  Албатта, реал воқеликларни нореал шароитларда тасвирлаш имконияти ижодкорга катта эркинлик беради. Бироқ фантастика бу борада суиистеъмолчиликни кечирмайди; бемалол айтиш мумкинки, самимият бу жанрнинг борини юзага чиқарадиган лакмус қоғозидай гап.

  Энди, рухсатингиз билан, бу борада бир мисолни келтириб ўтсам. 2007 йили Хитойда илмий фантастика ва фэнтези бўйича биринчи конвент бўлиб ўтди. Хўш, бунинг нимаси эътиборга молик эди? Гап шундаки, хитойликлар буюк нусхакашлардир. Яъни дунёнинг у четида бугун пайдо бўлган энг замонавий ускуна ё жиҳознинг арзон нусхаси эртаси куниёқ бу мамлакатда пайдо бўлиши, индинга эса қўшни давлатга ҳам сотувга чиқарилиши муқаррар. Ниҳоят хитойликлар олимлар ўйланиб қолишди: “Нима учун дунёда яратилаётган илмий кашфиётлар, дейлик, Apple, Microsoft, Googleга ўхшаш фавқулодда янгиликлар бизда пайдо бўлмаяпти?”. Шу мақсадда бир гуруҳ мутахассислар жаҳон мамлакатларини айланиб чиқишди, кашфиётчилар билан суҳбатлашишди. Узоқ давом этган таҳлиллар натижада улар дунёнинг буюк кашфиётчилари болалик чоғлари бадиий адабиётларни, айниқса фантастик китобларни кўп ўқиганликларини аниқлашди! Айнан фантастик асарлар инсон хаёлотига, кашфиётчилигига туртки берувчи биринчи манба экан. Шундан сўнг хитойликлар фантастик китобларга, бундай асарлар тарғиботига, кутубхоналарга алоҳида эътибор қарата бошлашди...

   Жуда ибратли тажриба, шундай эмасми? Ахир, эсланг, ҳазрат Навоийнинг “ойнаи жаҳон”и, Герберт Уэллс асарларида тасвирланган фантастик ускуна-жиҳозларнинг тўқсон беш фоизи ҳақиқатга айлангани, лазер нури аввал бадиий асарда яратилиб, сўнг олимлар томонидан кашф этилгани... Балки шу сабабли ҳақиқий фантастик асарларни келажак дарвозаси, деб ҳам аташади.

 Бундай адабиётга тарашланган чўпчакни киритиш ярамайди. Фантастика адабиёти мумммоларига бағишланган бир давра суҳбатида айтгандим: “Кейинги йилларда ўзбек адабиётининг нисбатан суст ривожланаётган бу жанрида илмий фантастика билан фнтастика ўртасига Хитой деворини қўйиш, айни пайтда фантастика билан эртакни бир нарса деб тушуниш кучайди”. Келинг, даъвойим қуруқ бўлмасин, ўрни келиб қолди, бу хусусдаги бир шиғиримни келтириб ўтай:

...Қиёмат бу! Дала-туздан

Келаберди даҳшат хабар:

Кеча оқшом Сириусдан

Учиб кепти икки аждар. 

Бирисида бор эмиш шох,

Бирисида уч газлик дум.

Шохдор “куф-суф” деса ногоҳ

Босиб келмиш куйловчи қум. 

Думлиги-чи, тирик жонга

Бўғилишми кўриб раво,

Ёнбош ётиб Тиёншонга

Юборармиш бўғиқ ҳаво... 

Ёрга айтиб видо шу дам,

Майдонга мард косиб чиқар.

Икки аждар кўксига ҳам

Бигизини шартта тиқар... 

Бас, аждарни робот қилиб

Ўзгартирсак гартаккина,

Чўпчак янги чопон кийиб,

Бўлиб қолар фантастика...

   Шубҳасиз, бундай қарашим каминанинг фантастика жанридан узоқлашиб кетишига асло сабаб бўла олмайди. Аммо, назаримда, кейинги йилларда ҳаётимизнинг ўзи шу қадар мўл-кўл ғаройиб сюжетлар, антиқа характерлар туҳфа этдики, уларни қоғозга тушириш билан андармон бўлиб, бу жанрга фурсат толполмаётгандайман. Бироқ, олдиндан мақтаниб қўйишим мумкин, шу кунларда бир нашриётда фантастик ҳикоялар тўпламим чоп этилмоқда.   – “Моҳият”, “Ҳуррият” газеталарида хизмат қилган йилларингиз куйинчаклик билан ёзган “Кунимиз... маошга қолсин”, “Фикрлайлик...”, “Манфаат надир?”, “Ғилоф бандалари” каби  каби ўнлаб таҳлилий мақолаларингиз тилга тушганлиги ёдимда. Аммо кейинги пайтлари фақат бадиий ижод билан шуғулланишга ўтиб кетдингиз чоғи? 

– Фикримча, газета, умуман матбуот тажрибаси у-бу нарса ёзаман деган ижодкор учун жуда керак. Айнан журналистика ижодкор учун битмас-туганмас воқеалар, сюжетлар ва образлар манбаи бўлиб хизмат қилади, масъулият билан ишлашга, интизомга ўргатади.

   Айни пайтда газета-журнал бутун ижодий қувватингизни, ғайратингизни, ҳатто, таъбир жоиз бўлса, илҳомингиз машъаласини сўриб оладиган “қора туйнук” ҳамдир. Айниқса бугун, яъни молиявий аҳвол сабаб анча-мунча таҳририятларда саноқли одамлар ишлаётган, бир ходим бир неча ходимнинг вазифасини бажараётган бир шароитда. Тасаввур қилинг: кун бўйи қўлёзма ўқиб, таҳрир қилган, компьютерда шариллатиб мақолалар битиб ташлаган, мақола ё хабарни қандай ёзиш хусусида бошқаларга насиҳатлар қилган, бунинг устига саҳифаларни ҳам кўзи тешилгудай бўлиб ўқиган ижодкор шом қоронғусида уйига ҳориб-чарчаб қайтиб келганидан сўнг яна китоб ўқий олармикан, бирон нима ёза олармикан? Ҳай билмадим-ов...   

   Саволингизга келсак, йўқ, бутунлай ижодга ўтиб кета олмадим, сабаби тирикчилик: газетада ишлаяпман; фақат энди, балки ёш бир жойга етгани сабаб, елдай ўтиб бораётган вақтнинг қадрига етишга ҳаракат қилаяпман. Бу ёқда ёзаман деб қўйган мавзуларим бир олам; бошлаб қўйилган нарсалар сарғайиб кутиб турибди; ўқиладиган, қайта ўқиладиган китоблар навбати ҳам узундан-узун...

   Дарвоқе, яқинда бир ашаддий китоб мухлиси эринмасдан Намангандан каминани излаб кепти, нуқул “Пуанкаре”да менинг ҳаётимни ёзгансиз-а, дейди. “Ҳаммамизнинг ҳаётимизни”, деган умумийроқ жавоб билан қутулгандай бўлдим. Ногаҳон мана шу одам, ёшига қараб, отахон десам ҳам бўлади, менга тик қараганча: “Ҳаммасини ташлаб, бир-икки йилга тоғ-тошга чиқиб кетмайсизми, ўша ёқда тузукроқ бир нима ёзмайсизми?” деб қолса бўладими...

   Иссиғим чиқиб кетди.

   Ўшандан буён шу саволга жавоб излайман; баъзан топгандай ҳам бўламан, аммо...        

 – Адабиёт назариясига оид қўлланмаларда шакл эмас, мазмун бирламчи эканлиги бот-бот таъкидланган. “Пуанкаре” ҳақида ўзингиз гап очиб қолдингиз. Қисса жанри талабларига ҳам бемалол жавоб бера олган бу асарни ҳикоя дейиш ўринлимикин? Чунки асарда воқеалар кўламигина эмас, бақувват характерлар яратилганлиги фавқулодда ҳодисадир...

– Асарга ёзилган сўнгсўзда шундай дейилади: “Гап исмда ҳам эмас, бугун Пуанкаре ечилган бўлса, унинг ўрнида тахи бузилмаган янгилари саф-саф бўлиб турибди. Ҳаммага етади. Ортиб ҳам қолади. Инсон учун энг катта фожиа уларнинг биронтасини ечмай ўтиб кетишда...”

Шундай экан, гап асарнинг қайси жанрга мансублигида эмас. “Пункаре”ни Умарали ака (Норматов) “новелла” деб атади, яна кимдир “қисса” деб. Майли-да.

   Ўзимга келсак, бу битигим учун энг катта эътироф-мукофотни аллақачон олиб бўлдим: асарни ўқиганидан буён Эркин ака (Аъзам) мени “Пуанкаре бобо” деб чақиради. Ҳавасингиз келдими? Шунақа!  

– Асл бадиий асарларни экранлаштириш ҳамиша ўзини оқлаган, дейиш мумкин. Хусусан, сизнинг қисса ва ҳикояларингиз асосида яратилган бадиий фильмлар ҳам томошабинни экран қаршисига “михлаб” қўйишга қурби етганлиги сир эмас. Мисол учун, “Кичкина одамлар”. 

  Бугунги киночилик соҳасидаги, сценарийлар қаҳатчилиги сингари оғриқли муаммоларга насримизнинг сара намуналари малҳам бўла олишига ишонгингиз келадими? 

– Бу мавзуда неча йилдан бери кўп ва хўб гапирилди; ҳар гал кино раҳбари ўзгарганида ҳаммаси бошидан бошланади. Аммо нимагадир самараси кўринмаяпти...

   Ҳар қандай фильм асосида бадиий асар ётиши ҳаммамизга азалдан аён ҳақиқат. Аммо мана шу икки карра икки – тўрт, қабилидаги оддий аксиомани аксарият киночиларнинг тушуниши қийин кечяпти.

   Бир таниқли режиссёр бор, ҳар сафар йиғинда битта гапни такрорлагани-такрорлаган: кино бошқа, адабиёт бошқа; шу сабабли, ўртоқ ёзувчилар, кинони бизга қўйиб беринглар-да, ўзларингнинг ишларинг билан шуғулланаверинглар. Ажабки, бу режиссёрнинг ҳайбаракаллачилари ҳам етарли: улар тинмай бошларини лиқиллатиб, бу “доно” фикрни қизғин маъқуллаб туришади.

  Ваҳоланки, мана, неча йилдан бери кино киночиларнинг ўзларига қўйиб ҳам берилди. Оқибатини эса кўриб турибмиз. Ана, кейинги беш-олти йил ичида кўзга суртарли битта фильм (“Паризод”) яратилган бўлса, унинг сценарийсини таниқли ёзувчимиз ёзиб берган.

   Тўғри, адабиётимизнинг уч-тўрт сара асари экранларимизга кўчди. Бироқ улар шу даражада дидсизлик билан суратга олиндики, беихтиёр Пушкиннинг бир мисраси ёдга тушади: “Бу рангсиз кўчирма жонли лавҳадан...”    

  Хуллас, сиз айтган “бугунги насримизнинг сара намуналари” бир эмас, икки эмас, ўнлаб дурдона фильмларга асос бўла олади. Бунинг учун фақат кўпроқ қунт, эътибор, ҳафсала, миллатга ҳурмат, маҳорат, шижоат, собит эътиқод ва юқори малака (проефссионализм) талаб этилади шекилли...      

– Ўттиз йилча аввал севимли ёзувчи Шукур Холмирзаев суҳбатлардан бирида юрак дардларини очган эди: “Бизда кўпинча адабиётшунослар бирон бир адибнинг маънавий мулки – ижоди ҳақида фикр юритганда ва уни у ёки бу тарафдан ёндашиб таҳлил этганида, ўша адибнинг шахсига – у ҳам бир конкрет одам, шахс, пировардида, характер эканига, унинг ана шу характери, индивидуал хусусиятлари ҳам асарларига, тасвир усулларига бевосита ўтиши, қолаверса “услуб – ёзувчи” деган эски ақидага амал қилмайроқ кетишларини сезамиз”. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Катта ўйин”, “Тўй”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари” ва бошқа қиссаларингиздаги образлар, “Дарё” романидаги қайси қаҳрамонлардан бирининг характери адиб Абдуқаюм Йўлдошев феъл-атворининг ўзгинаси-ку, деб айта оламиз? 

– “Бовари хоним – бу мен” қабилидаги даъволардан йироқмиз, албатта. Бироқ алоҳида бир қаҳрамонимни ўзимга тўла ўхшата олмасам керак.

   Бир пайтлар шоирлар армоннинг фарзандларидир, деган мисрага кўзим тушганди. Кенг маънода, бу ҳар ижодкорга хос. Кўнглингиздаги гапларга, тасвирлаётган қаҳрамонингизга баъзан билиб-билмай ушалмаган армонларингиз ҳам қўшилиб кетади...

   Шу маънода айрим қаҳрамонларимнинг баъзи жиҳатлари менга яқиндир. Яна ким билади дейсиз. Ўзим ҳаётда одамови, камгап, биров билан тез тил топишиб кета олмайдиган, “ёввойироқ” одамман. Бирон даврага борсам, одатда, ўзимни инженер деб таништираман. Шунда гурунгни жимгина тинглаб ўтириш ўнғайроқ кечади. Ўзингиз ўйланг, шунақанги зерикарли  бандани қаҳрамон қилиб тасвирлаб бўладими?   

 – Ўтган асрнинг сўнгги йигирма йилидаги адабиётшунослик ва танқидчиликни кўп эслайман. Ўша даврда О. Шарофиддинов, М. Қўшжонов, У. Норматов, Н. Худойберганов қамчисидан озор чеккан наср чавандозлари ҳолатини кўп бора кузатар эдим. Аммо шунга қарамай танқидчи адибнинг энг биринчи дўстига айланган эди-да.

   Адабий танқидчиликнинг ифорли боғи бироз ҳувиллаб қолган бугунги кунда адабиётшунослару мунаққидларсиз наср тараққиётини тасаввур этиш мумкинми? Айни пайтда танқидчилик чопқиллаб кетаётган адабий жараёндан анча ортда қолиб кетганлиги сизни ташвишга соладими? 

– Сиз ҳаммамизни ташвишга солаётган жиддий муаммо ҳақида савол беряпсиз. Афсуски, дард бор-у...

   Сиз танқидчилик чопқиллаб кетаётган адабий жараёндан ортда қолиб кетаётганини айтиб ёзғирасиз. Назаримда, танқидчилик адабиётимизни, маънавиятимизни шиддат билан орқага тортаётган кўнгилочар адабиёт издиҳомидан ҳам ортда қолиб кетгандек, нари борса, у билан бирга қўшилишиб чопқиллаб юргандек. Ҳар қалай, сизу бизга хос бўлган андиша, юзхотирчилик кимларнинг тегирмонига сув қуяётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.

 –  “Дарё” романингизнинг журнал вариантини ўқидим. Анъанавий реалистик, ҳатто айримлар афтини буриштириб гапирадиган услубда ҳам яхши асар ёзиш мумкин экан-ку! Асардаги ўзига хос конфликт, ёвуз кучлар билан эзгулик ўртасидаги азалий курашга ўзгача нигоҳ, услуб билан ёндашгансиз. “Банкир” романингиздаги айрим кемтикликлардан тўғри хулоса чиқарганмисиз дейман, “Дарё”да тишга тегадиган ўрин кўринмади...           

– Бирон-бир параллел ўтказмоқчи эмасман, эслатиб қўймоқчиман, холос: “Уч қалб” романи ҳам аввал сценарий шаклида бўлган. Бугунги кун тили билан айтганда, продюсер Чарльз Годдард ва ёзувчи Жек Лондон ҳамкорлиги маҳсули.    

   Бир куни режиссёр Санжар Бобоев Сирдарё ҳақида сериал олиш ниятида эканини айтиб, шунга сценарий ёзиб беришни таклиф қилиб қолди. Биз у киши билан дарё бўйига бордик, балиқчилар, браконьерлар, инспекторлар билан суҳбатлашдик, сунъий ҳовузларда балиқ етиштираётган хўжаликларда бўлдик.

   Ўзим сирдарёлик бўлганим учунми, дарё бўйидаги одамлар билан тез тил топишиб кетдим.

  Хуллас, сериал учун материал тайёр бўла борди...

  Афсуски, деярли тўрт юз саҳифали сценарий матнининг экрандаги талқинидан унчалик кўнглим тўлмади. Айниқса қирқиб ташланган ўринларига ачиндим. Сўнг киночиларга аччиқма-аччиқ мустақил асар ёзишга ўтирдим. Бошида осон деб ўйлагандим, аммо янглишган эканман: жараён уч йил давом этди: неча маротаба яна дарёга бориб келишга тўғри келди.  Асар битгандан сўнг эса “совиш” учун яна бир йилча ташлаб қўйдим...

  Ҳозирча роман ҳақида айтарим шу. Журнал ходимларига минг раҳмат, “Дарё”, айрим қисқартиришларни эътиборга олмасак, деярли тўлиқ ҳолида чоп этилди. Асар тез орада алоҳида китоб ҳолида чиқиб қолса керак. Ана ўшанда хотиржам, бафуржа гаплашсак ярашади...

2017 йил. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот