27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни


 

     Қадрли Устозлар ва Дўстларим, Муҳтарам Ҳамкасб ҳамда Муҳтарама Ҳамкасабалар! Бугунги касбий байрамингиз билан ҳаммангизни чин қалбимдан табриклайман. Бугунги кунда ҳаётимизни матбуот ё ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Айтайлик, бундан бир неча йиллар, почтага бориб, хат ёзиб жўнатар эдик, телеграфдан хабар юборишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмасди, чунки, ҳар бир белги учун тўланарди. Айни даврда эса, смс ё интернет орқали бир зумда хабар йўллаш, лозим бўлса, юзма-юз тургандек кўришиб гаплашиш имкониятлари мавжуд! Бу ҳам матбуот ва ахборот узатишда муҳим аҳамиятга эга. Дунёнинг исталган бурчагидаги янгиликлардан бир зумда хабардор бўласизлар.
     Биз ҳам яхши ниятлар билан, шу мақсадда икки йил олдин веб сайтимизни ташкил қилдик ва унга тажрибали, ўзимиз таниган ва билган ижодкорларни жалб қилишга жазм қилдик. Мақсадимиз - ўсиб келаётган авлодни маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимларини оширишга бир оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшишдир. Қайсидир сайт ижодкорлари билан рақобатлашиш ё сайтимиз нуфузи бўйича мақтаниш ниятимиз йўқ. Аксинча, имкон қадар, жиддий ва оммабоп веб сайтлар, газета-журналлар, театрлар ва бошқа ташкилотлар билан ижодий ҳамкорлик қилиш, ёш истеъдодларни жалб қилиш, янгиликлар ҳамда ижодиёт оламидан мухлисларимизни бохабар қилиб туриш - олдимизга қўйилган асосий мақсаддир!
     Фикр-мулоҳаларингиз, таклиф ё ечимини кутаётган масалалар юзасидан бизга бемалол исталган вақтда мурожаат қилишингизлар мумкин. Сайтимизнинг малакали бўлим муҳаррирлари саволларингизга албатта жавоб йўллайдилар. Шунингдек, табрикларингизни ҳам беришингиз мумкин. Ўз ижод намуналарингиз билан иштирок этинг. Тажрибали журналистларга эса мақола, янгилик ё суҳбат учун албатта, келишилган ҳолда қалам ҳақи (гонорар) берилади. Ўзингиз яшаб турган вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқлардаги ижодкорлар биз билан боғланишлари мумкин. Бунинг учун электрон манзилимиз (Muzaffar@Muzaffar.uz)га ёки телеграм орқали +998 90 909-11-12 хат йўллашлари кифоя.
     Веб сайтимиз таҳририяти номидан барчангизни касб байрами билан табриклаймиз! СИЗларга ижодий ва ижобий ютуқлар, ҳаётий ва хаёлий парвозлар тилаб қоламиз.
Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.