ҲАҚИҚИЙ ЁЗУВЧИНИНГ ЕР ЮЗИДАН БОШҚА ВАТАНИ ЙЎҚ


ҲАҚИҚИЙ ЁЗУВЧИНИНГ ЕР ЮЗИДАН БОШҚА ВАТАНИ ЙЎҚ.

— Хосият опа, аввало Озарбайжон Миллий Билимлар Академиясининг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт  институти фахрий ёрлиғи билан тақдирланганингиз яна бир бор муборак бўлсин! Маълумки, ўзбек ва қардош  халқлар адабий алоқалари XX асрнинг 50-60 йилларида ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Бу юксак чўққи узра Ғафур Ғуломдек аллома ижодкор қандай яйраб яшнаганини яхши биламиз. Афсуски, улуғ устозлар вафотидан сўнг бу алоқалар анчагина сусайди. «Китоб дунёси» шу алоқаларни мудроқликдан қутқаришга уринмоқда. Қайси сабабга кўра таҳририят бундай улкан ишга жазм этди? Бошланган ишни дадил давом эттириш осон бўлмаётгандир...

— Раҳмат, Санжарбек! Черкасларнинг бир гапи бор, худо тоғига яраша қор беради, деган. Биз узоқни кўзладик, ниятларимизни яхши қилдик. Адабиётга ақли етадиганлар бир жамоа бўлдик. Яхши ниятда йўлга чиқдик… Йўлимизда дуч келгани адабиёт эмаслигини, ёзган ҳар инсон ёзувчи ёки шоир бўлмаслигини билдик. Адабиётда миллат йўқ. Адабиётнинг юрти, ватани ҳам йўқ, инсон бор, қалб бор, ҳаёт ва ўлим деган тушунчаларнинг борлиги каби. Зеро, Мавлоно Жалолиддин Румий лутф этмишлар:

 Ишқ тили рубоб тилидек сир эмиш,

Турку арабу юнонга бир эмиш.

Шу маънода биз, шубҳасиз, Ишқ бандаларимиз.

 Биз яхши асар қидиряпмиз, ёзувчини эмас. Унинг қаерданлигининг ҳам фарқи йўқ, қандай ёзувчи эканлиги ҳам муҳим эмас. Бизга ёзганлари муҳим, айтмоқчи бўлган гапи муҳимроқ. Ёзувчи истеъдодини унинг туғилган жойи миллати эмас, ёзганлари белгилайди. Ҳақиқий ёзувчининг ер юзидан бошқа ватани йўқ. Бирор миллатга қардош ҳам эмас. Бир пайтлар Робиндранат Тагорни жуда кўп ўқидим. Шаҳарларидан тортиб дарахтларигача ёдлаб олдим. Агар ёнимдан учиб ўтса, қушларини ажрата оладиган ҳолатга келдим. Бир куни Ҳиндистонда юрганимизда худди ўзимнинг юртимда юргандай бўлдим... Ҳамма нарса таниш эди... Ундан кейин ҳам бунақа ҳолатлар кўп бўлди. Демак, ёзувчининг бесарҳад олами Сенинг дунёнгда ўзингга айланаркан. Шу маънода бизга қардош бўлган озарбайжонлик ёзувчи шоирларнинг ҳам асарларини газетамизда чоп этиб, ўзимизга яхшилик қиляпмиз, аммо бу уларни ҳам хурсанд қилганга ўхшайди. Ва биз, албатта, бу эътибордан четда қолмадик... Аслида, бутун дунёнинг бошини қовуштириб турган адабиётга таъзим қилгинг келади...

— «Китоб дунёси» кўпроқ дунё адабиётида нодир асарлар таржимасини чоп этиши билан мухлислар эътиборига тушмоқда. Ташқи томондан қараганда, бу ўзига хос маърифий йўналишдек таассурот уйғотмоқда. Бошқача айтганда, таҳририят долзарб адабий-танқидий мавзуларга атайлаб тегинмаётгандек. Газетанинг бош раҳбари сифатида бу фикрни қандай изоҳлайсиз?

—  Мен яқин орада демайман, ақлимни таниганимдан бери адабиётимизда тузукроқ танқидий мақола ўқимадим. Балки, мен ўқимай қолгандирман. Бизда танқидчилар борми? Адабиётшуносларимиз, худога шукр, кўп, фақат улар китобларга тақриз ёзишади, лекин танқид қилишмайди. Балки, андиша қилармиз… Балки, аяшар ижодкорларни, буниси бизга қоронғу.

«Китоб дунёси» бирдан маррани баланд олди ва катта адабий аудиторияни ўзига оғдирди. Энди шундай пайти келдики, таҳририятга таниш ва ҳурматга лойиқ, лекин ўртамиёна ижодкорлар ҳам кириб боришаётгани аниқ. Газета раҳбари сифатида шундай принципиал масалани қай тарзда оқилона ҳал этмоқдасиз? Ўша ўртамиёналарга  «ЙЎҚ»  деб жавоб бериш осонмас!

—   Бир китобда ўқиган эдим: бир қўл бўлса, елкамга ўзини ташласа-да, мени бу дунёдан олиб чиқиб кетса… Кўп ўйлаганман, унинг дунёси қаер ва қаерга кетишни хоҳлаяпти? Бу ёзувчи учун ҳам, китоб қаҳрамони ва ўқувчи учун ҳам жумбоқ.

Мен буни бекорга эсламадим… биз ҳамиша қаергадир кетамиз. Ҳар куни йўлдамиз. Кундузи ҳам кечаси ҳам кетаётган бўламиз. Ухлаётганимизда ҳам кетаверамиз. Бу кетиш фақат Ўзига томон кетиш. Биз буни ҳар доим ҳам англайвермаймиз. Хуллас, ўқувчи ишончини оқлаш деган катта масъулият олдида бошқаси кичкина гап. Ва қолаверса, Адабиёт бизнинг мулкимиз эмас. Адабиёт бутун инсониятнинг яшаш жойи ҳисобланади. Адабиёт эркин нафас олиш макони. Биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ишқилиб, иложи борича тушунтирамиз, яхши гапирамиз. Таҳририятга келган ҳар қандай муаллиф асари газетада чоп этилгандай хурсанд бўлиб кетсин деган шиоримиз бор… Қозоқбой Йўлдошев домла айтганлари каби «Юзимиз қаттиқ, кийимларимиз қалин».

  Хосият Рустамова шоира сифатида шеъриятга гуриллаб кириб келиб, барчани ҳайратлантирганди. Кейин у бирдан кўринмай қолди. Сўнг яна ловуллаб қайта уйғониш холати...  Ҳозир эса у яна ортга чекингандай... Бундай спиралсимон ижодий тақдирнинг сабаби нимада? Оилавий ҳолатми ёки истеъдод табиатига хос инжиқликми?

—  Шу саволингизга жавоб ёзиш менга жуда қийин бўлди. Ёзув столидан нечи бор кетиб келдим. Жавоб бермасам-чи, дедим. Яна сени биров одам деб савол беряпти, дейман. Кўриниб турган ҳаёт мени ҳамиша қўрқувга солади. Давраларга бегоналигим ҳам балки шундандир. Одамлар ичига бошим билан шўнгиб кетолмаслигимнинг ҳам сабаби шудир.  Сўз - бу ўқ. Қаердан қачон отилишини билмайсан. Нишонда турганинг аниқ. Биласан, қилдан қия кетиш йўқ. Ёзмаган кунларинг (йилларинг) Худонинг эсидан чиқиб қолганга ўхшайсан… Ношукурликдай туюлади… билган калималарингни пичирлайсан. Менинг ҳозирги ҳолатимда ёзганларимни чоп этиш унчаям муҳиммасдай туюлади. (Аслида ёзмаётган бўлсам ҳам) Ёзишдан яхшиси йўқдай… Ёзаётганингда яшайсан-ку. Тириклигингни, кўзларинг очиқлигини, юрагинг ўзингдан ҳам катталигини кўрасан-ку. Тепангда кимдир қараб турганини, жилмайиб қўйганини ҳис қиласан-ку. Ўшанда юрагинг ёрилиб кетай дейди… ҳаётнинг энг яхши жойи шу… Бошқаси худди мана шу лаҳзалар учун атайлаб қурилгандай.

Икки истеъдоднинг бир оилада ёнма-ён яшаб ижод қилиши мураккаб жараёнми?  Шундай вазиятдаги ёш жуфт ижодкорларга оила қуриш масаласида қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

—  Ижод бу оғир иш. Г. Г. Маркеснинг гапи бор-ку: “Асар туғилади, ёзувчи ўлади!” — деган. Шундоғам ҳеч қаерга сиғмайдиган инсоннинг бу дунёдан чиқиб кетиш ҳолати... энг яқин кишинг сени танимай, қаердадир кўрганга ўхшаб термулиб қолса... буям ижодий жараён...

Шундай пайтда сенинг кимлигинг билинади. Сенинг қандай одамлигинг билиниб қолади. Ёшларга маслаҳат бериш жуда қийин. Ўзим насиҳатга муҳтожман, болам, дейдилар-ку устоз. Фақат бир нарсани айтишим мумкин. Агар чин дилдан севсангиз, касбига қараманг! Бир инсонни бахтли қилишга кўзингиз етса, ўзингизни фидо қилолсангиз, ҳеч нарсани ўйламанг! Ҳамма гап севишда! Ҳамма гап муҳаббатда. Севсанг — ҳамма нарса қила оласан! Бажариб бўлмайдиган ишларни ҳам. Чунки атрофингдаги ҳамма нарса Унга айланади. Ҳатто ўзинг ҳам...

Турмуш ўртоғингиз Қўчқор Норқобил – Афғонистонда хизмат қилган  ижодкор сифатида барчага таниш. У ўша йиллар ҳақида «Дарё ортидаги йиғи»  номли асар ёзганининг  ўзиёқ кўп нарсадан далолат. Ҳар ҳолда Сиз уруш мусибатини бошдан кечирган истеъдоднинг руҳий ҳолатини кузатган аёлсиз. Бу жараён ижодкор аёл қалбида қандай акс-садо берган?

— Уруш шундай экан, уни кўрган инсон руҳияти бир умр у билан бирга яшаркан. Унинг отини нима деб аташни билмайман... Фақат уруш ҳақида ўйлаганимда, нафақат одамлар балки азият чекаётган еру-осмондан тортиб, титраётган дарахту қушларгача кўз олдимга келади. Энди буларни ўз кўзи билан кўрган одамнинг ҳолатини тасаввур қилаверинг. Қўчқор акамнинг кўзларининг туб-тубида уруш ҳали бери тугамайдиганга ўхшайди... Қараб туриб, раҳмим келади... Хотиралар, қўлларида жон таслим қилган қанча дўстларининг ёди... Қанийди, эсларидан чиқиб кетса... Одамга бир нарса алам қилади, наҳотки, инсон ҳаётига арзимаган ўлим якун ясаса? Уруш сабабчи бўлса? Уруш кўрган одам урушдан ҳеч қачон қайтмайди деб, ўзлари ёзгандилар кундаликларида. Бир нарсани билдим, уруш хотиралари ҳамиша ўзидан қонли из қолдираркан... Шунданми, уруш киноларининг ҳар бир эпизодлари таниш кўринади. Худдики, унда ўзим ҳам иштирок этгандайман...

  Мухлисларингиз шеърий тўпламларингизни  севиб мутолаа қилишади. Энди  сиз учун йирик адабий полотнолар яратиш пайти келмадими?  Ҳар қалай ҳар бир истеъдод имконларини ёрқин кўрсатувчи шундай залворли  бадиий  «ЛОКОМОТИВ»лар бўлиш керак-ку?!

— Болалигимдан то ҳозиримгача фақат боғловчиман! Ҳеч нарсани аниқлолмаган, қанча уринмайин қаерга бораётганини билмай кетаётган йўловчиман. Мен бу дунёда ҳарфлар чизишни ўргандим. Ва мана шу ўрганиш жараёни эсимда қолди. Чунки мен ўша пайтларда У билан яшадим... Тўғриси, қаерга қандай кириб келганим эсимда йўқ. Фақат ҳамма жойда қаергадир шошганим эсимда. Мен тушган еримни ҳашаротларигача севдим. Кўзим тушган нимаки бўлса, юрагимга олиб келавердим. Чунки ҳамма нарса Уники эди... Ҳатто бизнинг ёзишимиз ҳам. Ҳаммасини фақат Унинг Ўзи билади...

 

Санжарбек ҲАМИДОВ, суҳбатлашди.

 Манба: ЎзА