Тиббиёт нега бизнесга айланди ёхуд китоблар нимага қиммат?


«ЎҚИТУВЧИДАН КЎРА ЎҚУВЧИ КЎП КИТОБ ЎҚИЯПТИ» 

  Бугунги меҳмонимиз “Чаёнлар сўқмоғи”, “Чимилдиқли уй ноласи”, “Зебузар”,  “Ўқ ва тиғ”, “Қора қуюн”, “Афғон фиғонлари” каби бадиий асарларнинг муаллифи, ёзувчи ва драматург, матбаа ва нашриёт бўйича мутахассис, қолаверса ишбилармон тадбиркор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Набижон Ҳошимовдир. 

ЁЗУВЧИНИНГ БУРЧИ — ХАЛҚ ДАРДИ БИЛАН ЯШАШ 

— Ҳар бир касбнинг ўз бурчи масъулияти бўлади. Шундан келиб чиқиб, ёзувчининг бурчи нималарда намоён бўлади?

— Мен оддий деҳқон оиласида вояга етганман. Маълумотим бўйича матбаачи муҳандисиман. Бир умр босмахона, таҳририят ва нашриётларда ишлаб келдим. 2000 йиллардан бошлаб бадиий асарлар, пьесалар, киноценарийлар ёза бошладим.

 Халқ орасида юриб, одамлар ўртасидаги муносабатлар, тақдирлар, муаммолар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилиб боришни, бугунги тараққий этаётган мустақил Ўзбекистон адабиёти учун замон қаҳрамонларини қидиришни, қолаверса, уларни асарларимда акс эттиришни ўз бурчим деб ҳисоблайман. Демак, ҳар бир ёзувчининг бурчи — бу халқнинг дарди, унинг ўй-хаёллари билан яшаш ва уларни моҳирлик билан қоғозга тушириш.  

— Сиз ҳамиша халқ билан бирга бўлган ижодкорсиз. Айтингчи, қишлоқ жойларда китобга бўлган эҳтиёж қандай?

— Шахсий кузатувим ва чекка-чекка жойларда бўлаётган учрашувларнинг баъзиларида шунга амин бўламанки, кўплаб ўқувчилар муаллимларидан кўп китоб ўқишаётганининг гувоҳи бўламан.

  Ҳар йили ўқитувчилар учун бўладиган Давлат аттестацияларида ўқитувчиларнинг ўз соҳаси бўйича камида 20 та қўшимча илмий адабиёт, 10 та бадиий китоб ўқишлари, шу жумладан ҳар бир ўқувчининг ҳам дарсдан ташқари ҳеч бўлмаганда 10 та турли қўшимча китоблар мутолаа қилишлари лозим деб ўйлайман. Ҳар бир туман маркази, шаҳарчаларда китоб дўконлари ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки барча билимларнинг ва ёшлардаги дунёқараш, ватанпарварлик туйғуси шаклланишининг асоси китоб туфайлидир. 

«КИТОБЛАРИМИЗ ҚИММАТ. ЧУНКИ...» 

— Китоб бозорларидаги нархлар сиз учун маъқулми? Балки бу нархлар кўпчилик оилаларнинг учун қимматлик қилар? 

— Ота-оналар болаларига кўпроқ китоб олиб беришни исташади. Бироқ китоб-дафтарларнинг нархи баланд. Бунинг сабаби Республикамизда оқ офсет қоғози ишлаб чиқариш учун маҳаллий хом ашёлар етарли бўлсада, ҳамон ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. Республикамизда ҳар йили қарийб бир миллион тоннага яқин оқ офсет қоғозига эҳтиёж бор.  

  Қоғоз ишлаб чиқаришнинг ҳеч қандай қийинчилиги йўқ. Хитойга бориб, у ердаги қоғоз чиқарадиган цехларни кўриб келдик. Оқ қоғоз шолипохолдан мини-цехда тайёрланаётган экан. Бизда бўлса, пахта ва пилла чиқиндилари, топинамбур, каноп ва шолипохол истаганимизча бор. Қоғозлар Республикамизга асосан Россиядан валюта ҳисобига сотиб олинади. Чунки қоғоз у ерда целлюлоза дарахтларидан тайёрланиб, жуда кўп сув ва химикат талаб этади.

  Қоғознинг нархи ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Мисол учун, 2014 йилда 1 кг оқ қоғоз — 5000 сўм эди, ҳозирги кунда 10500 сўмга чиқди. Демакки, китоблар нархи ҳам ошаверади. Бу ҳақда ҳаттоки Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ҳам ўз таклифларимни ёзгандим. Улар менга қуйидаги жавобни беришди: “Республикамизда қоғоз ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича таклифларингиз соҳа мутахассислари томонидан бир неча йиллардан буён ҳукумат дастурларига киритилиши учун иқтисодий жиҳатдан таҳлил этилмоқда. Сиз таклиф этган шолипохолдан, пахта ва пилла чиқитларидан, топинамбур, каноп ва ҳатто ғўзапоядан целлюлоза олиш технологияси бўйича Республикамиз Фанлар Академиясининг бир неча илмий текшириш институтлари томонидан илмий тадқиқотлар қилинган. Яқин келажакда уларни амалга оширилиши кутилмоқда”. Энди ҳақли савол туғилади. Қачон?.. 

ТИББИЁТ ... БИЗНЕСМИ? 

— Кузатадиган бўлсак, бугун Республикамиз ҳудудида дорихоналар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса касалликлар сонининг ҳам ортиб бораётганидан дарак. Нима деб ўйлайсиз буларнинг олдини олиш учун қандай чораларни қўлламоқ керак?  

— Тиббиёт бугунги кунда чин маънода очиқ бизнесга айланди. Бу инсон кулфатидан мўмай пул ишлаш деганидир. Айрим шифохона ва хусусий клиникаларнинг эътибори беморларни даволашга эмас, балки уларнинг чўнтагига қаратилгани ғоят ачинарлидир. Беморлар ёки уларнинг яқинлари кассаларда навбат кутиб туришганини кўрасиз.

  Кўпчилик шифокорлар “қўл ҳақи” олишга аллақачон касалланишган. Уларнинг ўзини бу хасталикдан “даволаш” керак.

  Тиббиёт ўқув юртларида ҳатто халқ табобатига доир тушунча ҳам берилмаяпти. Россия тиббиёт ўқув юртларида Халқ табобати факультетлари бор. Мактаб ва тиббиёт ўқув юртларида Халқ табобатини ўқув дастурларига киритиш, менимча, яхши самара беради.

 

— Юзта беақл нотадбирдан битта ақлли тадбиркор яхши дейишади. Бу фикрга қандай қарайсиз?

— Бу жуда ҳам тўғри топиб айтилган фикр. Чунки тадбиркорлик халқни бойитадиган самарали усуллардан бири ҳисобланади. У нафақат ўзи даромат кўради, балки яна нечталаб кишиларни иш билан таъминлайди. Бунинг савобли томонлари ҳам бор. Бир кишининг тадбиркорлиги ортидан яна бошқаларнинг ҳам рўзғори бут бўлишини бир ўйлаб кўринг.

 Бугунги кун тадбиркорига яратилиб берилаётган имкониятлар чексиз. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, ҳаётга тадбиқ этилаётгани ҳам фикримиз исботидир. 

ТАДБИРКОР ВА ИЖОДКОРГА ИМТИЁЗ БОРМИ? 

— Ижодкорларга берилаётган эътибордан кўнглингиз тўладими? Яна қандай имкониятлар берилса, шоиру ёзувчиларимиз бунданда кўп ва хўп ижод қилишади? 

— Бугунги ўзбек адабиётини ҳам жаҳон миқёсига олиб чиқиб, ватанимиз, миллатимизни, ким эканлигимизни бемалол кўрсата оламиз. Бунинг учун фақат ижодкорларга бироз эътибор ва эътироф керак. Мисол учун, хорижий давлатларда нашр қилинган энг яхши асарлар учун кўрик-танловлар эълон қилиниб, ғолибларни тақдирлаш мумкин. Лекин бунинг учун таржимонларга ҳақ тўлаш лозим ва бу маблағни “Ижод фонди“ ёки бошқа давлат маблағлари ҳисобидан ташкил қилиш керак бўлади.

  Ҳозирда “Ижод фонди” маблағларидан “Биринчи китобим” рукнида 20 000 нусхада ёш муаллифларнинг китоблари нашр этилмоқда. Аммо бу ёшдаги ижодкорлар деярли устоз кўрмаган, ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган шахс бўлади. Кўпчилик кекса адиблар эса ижод қилишга шароит тополмайди, соғлигини йўқотади, эътибор ва рағбатга муҳтож бўлади. Шунга кўра Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Дўрмон ижод уйи” атофидаги ерлардан уй-жойга муҳтож уюшма аъзолари ва ижодкор ёшларга уй-жой қуриб олишлари учун ер участкалари ажратилса, намунавий уйларга ўхшаш, алоҳида имтиёзлар берилган “Намунали ижодкорлар маҳалласи” бунёд этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

«КЎЗБЎЯМАЧИЛИКЛАР КИМГА КЕРАК?» 

— ОАВнинг бугунги қиёфаси ҳақида қандай фикрдасиз? Бугун халқимиз ўзлари истаган кўрсатув ва мақолаларни ОАВидан топа оляптими?

— Ўзбек журналистикасида ҳамон эски услуб ҳукмрон. Мадҳ ва маддоҳлик, яъни оддий, унчалик ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган далил ва воқеликларни бўрттириб ёзиш ёки кўрсатиш, ахборотга рўй-рост ёндашмаслик, камчиликларни яшириш ёки танқид қилмаслик шулар жумласидандир.

  “Пойтахтдан туманга бирорта нуфузли меҳмон келади”, дейишса, пишиб турган беҳини арралаб келиб, йўл ёқасига ўрнатганларини, очилиб турган гулни сувсиз жойга экиб чиқаётганларини, йўл ёқасига тезликда тош териб, оқлаб чиқаётганларни ва бу сохта фон билан телекўрсатувлар тайёрлаганларини кўрганман. Бу кўзбуямачиликлар кимга керак?

 Шунинг учун ҳам халқимизнинг матбуот ва телевидениедан ҳафсаласи пир бўлган. Расмий газета-журналларга ихтиёрий обуна бўлишмайди. Телевидениедаги миллий кино ва сериалларнинг савияси жудаям паст. Чунки бунга ҳақиқий профессионал ёзувчи ва драматурглар жалб этилмаяпти. Ўзбеккино ва телерадиокомпаниянинг фақат “ўз муаллифлари” бор. Бегона муаллифларнинг асарлари минг долзарб бўлмасин, баҳона топиб, албатта, қайтарилади.

  “Ўзбеккино” миллий Агентлиги ҳамда “Ўзбектелефильм”га 16 тадан долзарб мавзудаги ва замондошларимиз ҳақидаги киноасарларим лойиҳаларини тақдим этдим. Аммо ҳанузгача Кенгаш ўз хулосасини бермади. 



Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.

2017 йил.


Суҳбатдош ҳақида:

1957 йил 1 майда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган.

1978 йил Фарғона политехника институтининг полиграфия ишлаб чиқариш технологияси бўлимини тугатган.

Ижодий фаолиятини институт қошидаги “Инженер” номли газетада мухбирликдан бошлаган.

1996 йилда “Чорраҳадаги ҳангомалар” номли илк мусиқали комедияси Юсуфжон Шакаржонов номли Фарғона вилоят театрида саҳналаштирилган.

2001 йилда илк насрий асари “Зира ҳиди” қиссаси “Наврўз” нашриётида чоп этилган.

2001 йилда “Огоҳ” газетасини ташкил қилиб, унга Бош муҳаррир этиб тайинланган.

 “Ёввойи куёв”, Келгинди йигит“, “Ёввойи келин”, “Эр либосли аёл”, “Бировнинг ҳақи”, “Адашган автобус”, “Тавба”, “Тоғлик қиз қисмати”, “Қора ёстиқ”, “Маржон табиб” каби йигирмадан ортиқ асарлар муаллифи. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот