НОҲАҚЛИККА УЧРАСАМДА, АДОЛАТ ТИКЛАНДИ


Масъуда ОТАЖОНОВА: “НОҲАҚЛИККА УЧРАСАМДА, АДОЛАТ ТИКЛАНДИ 

  Бу галги суҳбатдошимиз Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрининг актрисаси Масъуда ОТАЖОНОВАдир. 

Театрларингиз биносида таъмирлаш ишлари кетаётган экан. Аммо иш тўхтаб қолмабди. Айни дамда нималар билан бандсизлар?

— Ҳозирги кунда театримизда таъмирлаш ишлари авж олган бўлсада ижодимиз қизғин паллада. Маҳаллаларга, мактабларга, лицей ва коллежларга бориб, у ерда қизиқарли тадбирлар ўтказиб келаяпмиз. Имкони борича барчанинг кўнглини олишга ҳаракат қилаяпмиз.

Театрларингизга янги раҳбар тайинланганидан сўнг ижобий томонга ўзгаришлар бўлганлиги ростми?

— Албатта. Шу даргоҳда ишлаб келаётган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов раҳбар бўлдию ишлар тубдан ўзгарди. Чунки Мирза ака ҳар бир ходимни тинглайдиган дардига, қувончига шерик бўладиган, лозим топса ёрдамини аямайдиган бағри кенг инсондир. Бу ердаги барча ижодкорларга сериалларга, кино сеъёмкаларга боришимизга кенг имкониятлар яратиб бераяпти. Тошкент шаҳрига паспортини рўйхатга қўйдиролмаган ёшларимизга ёрдам бериб доимий рўйхатга қўйдирди. Ётоқхона керак бўлганига ётоқхона олиб берди. Ҳаттоки  35 йилдан буён ётоқхонада истиқомат қилиб келаётган ҳамкасбимиз Норпошша Ҳасановага ҳам тегишли жойларга мурожаат қилиб, 4 хонали уй олиб беришга эришди. Мирза акага биз суянамиз. У киши эса бизга суянадилар. Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб яшаймиз.

— Ҳар бир театрда ишлаётган инсонга актёрлик маҳорати керак бўлади. Актёрлик маҳорати аслида нималарда намоён бўлади?

— Актёрлар бир биридан фарқ қилади. Битта ролни иккита актёр ўйнаши мумкин. Биттаси ақл билан, иккинчиси  эса юракдан ҳис этиб ўйнайди. Кимгадир униси, кимгадир буниси ўйнаган рол ёқади. Актёрлик маҳорати эса ўшанда намоён бўлади. Аслида ҳар бир ўйнаган рол актёр ва актрисалар учун худди фарзандидек бўлиб қолади.

— Ноҳақликка дуч келсангиз, бу вазиятдан қандай чиқиб кетасиз?

— Ҳаёт бир текис эмас. Шунинг учун ноҳақликка дуч келишингиз бу табиий ҳол бўлиб қолди. Ёшлигимда бундай вазиятга дуч келсам дарҳол ловуллаб кетардим. То ҳақлигимни исботламагунимча тинчимасдим. Ёшинг ўлғайгач эса вазмин бўлиб қоларкансан. Ноҳақликни ётиғи билан тагига етишга ҳаракат қиламан. Гоҳида кўп нарсаларни ичингизга ютишингизга ҳам тўғри келади. Бир пайтлар “Паранжи сирлари” спектаклидаги Зуҳра ролини ўйнаганимда шу даргоҳдаги устозларим Фароғат Раҳматова ва Наима Пўлатоваларнинг менга меҳри тушиб, қўллаб-қувватлашганди. Уларнинг далдасидан сўнг иккинчи маротаба ҳам шу ролни ўйнайман деб, либосларимни кийиб, тайёр турганимда режиссёримиз  менга “Кийимингизни алмаштиринг. Энди бу ролни бошқаси ўйнайди” дея ноҳақлик қилган. Ўшанда унга қарши бир сўз айтмасдан унсиз ич-ичимдан йиғлаганман. Кейинроқ “Ака-ука совчилар” спектаклида менга берилган Ўғилой ролини ёдлаб, бир ой репетиция қилганман. Саҳнага қўйиладиган кун эса режиссёр мени яна ноҳақ шу ролдан четлатган. Жудаям хафа бўлганман. Ҳаттоки ишдан бўшаб, тўрт йил уй бекаси бўлиб ўтирганман. Турмуш ўртоғимнинг, ҳамкасбларимнинг далдаси билан яна театрга қайтганман.

— Ноҳақликка қарши курашадиган бўлиб қайтдингизми?

— Ҳаётнинг ўзи бир устоз, дарсхона экан. Ноҳақликка қарши курашишни ўргандим. Берилган ролларни қойилмақом қилиб ижро этдим. Чунки мен энди репитиция тугагандан сўнг ҳам театрда қолиб, берилган қўшиқларни айтардим. Ҳаттоки уйга қайтганимда ҳам ўйнаётган ролимни такрорлаб юрардим.  

Сизга кўпроқ нима панд беради?

— Тортинчоқлигим, уялчанлигим ва камтарлигим менга панд берарди. Саҳнада уялмасдан қўшиқларимни баралла айтадиган бўлдим. Саҳнада пишиб етилдим,  десам муболаға бўлмайди.

— Истаймизми йўқми доим биз дўкон ёки бозорлардан нимадир харид қиламиз. Сизга харид чекингизни беришмаса нима қиласиз?

— Харид чекини албатта, талаб қилиб оламан. Чунки ўз ҳақ-ҳуқуқимни оз бўлсада биламан.

— Бозорга борганингизда сотиб олган маҳсулотингизни уйга олиб келганингиздан сўнг ёқмай қолса нима қиласиз?

 — Эртаси куниёқ ўша бозорга бораман. Яқинда худди шундай ҳолат юз берди. “Отчопар буюм бозори”га бориб кофтичка харид қилдим. Сотувчи харид чеки бермади. Ўзим ҳам эътиборсизлик қилдим. Уйга келиб кийиб кўрсам торроқ экан. Эртаси куни уни ўша сотувчига олиб бориб бердим. У бўлса “Сотилган молларни қайтариб олмаймиз” деб туриб олди. Мен ҳам бўш келмадим. Бошқа кофтичкага алмаштириб олдим.

— Қўшниларингиздан бирининг боласи қамалиб қолса айб кимда деб ўйлайсиз?

— Биринчи ўринда ота-онаси айбдор. Чунки уни доим назорат қилмаган. Уни ўртоғларини суриштирмаган. Гоҳида ота-онаси ёмон бўлса ҳам фарзандлар жуда яхши бўлишади. Гоҳида эса зиёли бўлган оиланинг боласи ҳам жиноятнинг жирканч кўчасига кириши мумкин. Шунинг учун биз доим болаларимизни назорат остида ушлашимиз лозим.

— Охирги маротаба китоб дўконидан қандай китоб харид қилиб ўқидингиз?

— Набижон Ҳошимовнинг “Қора ёстиқ” ва “Ҳасан-Ҳусан” номли китобларини олиб ўқидим. Бу муаллифнинг бизнинг театрда “Додагинам” номли спектакли қўйилган. Турмуш ўртоғим Маъруф Отажонов эса “Ота” номли киносини ҳам яратган. Унинг ҳар бир китоби ҳаётий воқеаларга асосланганлиги билан бошқа муаллифлардан ажралиб туради.

— Ҳар бир ходимнинг ўз бурчи, масъулияти бор. Бу бурчлар нималардан иборат эканлигини биласизми?

— Ҳар бир ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши лозимлигини биламан.

— Ишхонада интизомий ножўя ҳаракат содир этган ходимга нисбатан қандай жазо чоралари қўлланиши мумкин?

— Ҳойнаҳой ходимга биринчи ҳайфсан берилади. Иккинчи мартасида ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солинади. Кейин эса меҳнат шартномаси бекор қилинади.

— Шерлок Холмс хиёбонда сайр қилиб юриб бир аёлнинг жасадини кўриб қолди. У аёлнинг чўнтагидан телефонни топиб олди ва аёлнинг эрига қўнғироқ қилиб: “Тезда етиб келинг, хотинингизни ўлдириб кетишибди”, деди. Аёлнинг эри етиб келиши билан Шерлок Холмс полицияга қотил айнан эрнинг ўзи эканлигини айтди. У буни қандай билди?

— Шерлок Холмс аёлнинг эрига қаерга келишини айтмаган, лекин эр хотинининг қаерда ўлдирилганини сўрамасдан тўғри ўша ерга келган.  Шундан билган.

— Тилимизда кўп учрайдиган “Samsung”  сўзининг маъноси нима?

— Бу сўз корейс тилидан олинган бўлиб “Уч юлдуз” деган маънони билдиради.

— Учта одам сувдан ўтибди. Биттаси сувни кўриб, кечиб ўтибди. Иккинчиси кечмай ўтибди. Учинчиси сувни кўрмабди, кечмабди аммо ўтибди.

— Бу қизиқ топишмоқни ёшлигимда эшитиб бир ҳафтада жавобини топганман. Бу — бола кўтарган ҳомиладор аёл эди.

 

   СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА: 

1961 йил 17 январда Наманган вилояти, Чортоқ туманида туғилган.

1985 йил театр ва рассомчилик институтининг мусиқали драма театри бўлимини тугатган.

1985 йил Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига ишга келган.

1986 йил ҳамкасби Маъруф Отажоновга турмушга чиққан. Муҳайё ва Темурбек исмли фарзандлари ва иккита набираси бор.

   “Фотима ва Зуҳра” спектаклидаги Фотима роли учун “Энг яхши актриса” унвонини олган.

   1995 йилда “Девона” спектаклидаги Умида роли учун давлат томонидан икки хонали уй билан тақдирланган.

Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР фотоси.  

2017 йил. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот