АРМОН


Бу дунёдан ўтган Онажонларимиз ёди ҳамиша барҳаёт!!!

Нилуфар ЖАББОРОВА.


БАРДОШ


  Сен бор давраларга мен сиғмай қоламан. Ўйнаб-кулолмайман, қувнаб-яйролмайман. Кўнгил уйимни шубҳанг булути қоплаб олади.
  Сен юрган кўчаларга мен сиғмай қоламан. Изларингдан тўкилган изтироб қалбимдаги бор-йўқ лаҳзалик қувончларимга ҳам аза оча бошлайди. 
  Ана шундай дамларда сен билан бир уйда яшаб келаётган бардошимга ўзим ҳам ҳайратланиб кетаман.


СЕНСИЗ


  Сен билан боғлиқ барча хотиралардан – ўтмишу бугундан кечмоқ истайман. Сенсиз ташвишлардан холи, ёрқин келажак орзусида юрган ўша ўтли ёшлик йилларига қайтмоқ истайман. Хаёлга чўмаман. Хаёллар Лайли девона кўнглимни овлаб, Боғи Эрам сокинлигини ваъда қилади.
  Бирдан ёнгинамда акаси билан нималарнидир талашиб йиғлаётган кенжатойимнинг овози хаёлимни пардек тўзғитиб юборади. У чучук тиллари билан акасини «дадажонига» чақиб беришини айтиб-айтиб йиғлайди. Мени сенга бир умр боғлаган шу ришталар, сенсиз бу дунёнинг кемтиклигини эслатиб-эслатиб бағрига тортади.


АРВОҲ


  У чин дунёга кетгунга қадар тирикликнинг ташвишлари, қувончлари билан андармон бўлиб,  илинган яқинлари унга хиёнат қилаётгани, чоҳ қазиётганини сезмай, ҳаммага меҳр улашиб яшади. Ширин жонига қасд қилиб, ҳаёт шамини сўндирганларидан сўнг танасидан чиққан руҳи кўкка парвоз айлагачгина  кўзлари очилди. У хиёнаткор, нонкўр дўсту ёр, беандиша дунё кўргиликларидан лол қолди. Нафақат тирикларга, марҳумларга қилинаётган хиёнат, бевафоликдан  огоҳ этай деб Яратганнинг кўргилигига – қазога кўнмай, дили қон жигарларининг тушларига кириб безовта чарх ура бошлади. Тириклар эса ҳамон  кўзлари юмуқ, ёлғон дунёнинг хиёнати, алдовларидан бехабар, пок билан нопокни фарқламай, бир-бирларига қоришиб, гарданларидаги гуноҳни кўпайтириб кун ўтказяптилар...
  Бадкирдор  тун хиёнати оппоқ тонгларни, пок руҳни оёқости қилаётганидан безовта арвоҳ эса қон қақшаб чирқирайверади, чирқирайверади...


АРМОН


  Ойнинг ками тўлди. Йил айланиб, қиш кетиб, баҳор келди, ёз келди, куз келди... Хазонга бурканган дов-дарахт танасига намлик югуриб, куртак чиқарди... Қовжираган майсалар қайта ниш урди... Кулиб-кулиб ҳар кун тонг қайтади... Қуёш қайтади... Кемтиклари тўлиб-тўлиб дунё айланаверади...
  Юрагимни бир армон қиймалайди. Нега сенинг ўрнинг бўш, сен қачон қайтасан? Қачон сенинг ўрнинг тўлади... жигарим?!. 
  Ойнинг ками тўлди... Ойга ҳавасим келяпти, у каби бағри бутун бўлгим келяпти, укажон...


Сайёра ЗОИРОВА, журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот